Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (1-қисм)

Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (1-қисм)

Эдуард учун бугун байрам эди. У БМТга ишга кирганига йигирма йил бўлганини нишонламоқчи. Дўстларини бир-бир ҳисоблаб чиқиб уларга ўз уйида дастурхон тузатишни режалаштирди. Нималар сотиб олишни, кўпроқ қандай ичимликларга эътибор беришни ўйлади.

Унинг диди ҳам ўз мансабига мос нозик бўлиши керак эди ахир. Чунки бу мажлисга албатта юқори ташкилотнинг юқори мартабали меҳмонлари келади. Шу фикрлар билан Эдуард хотини ва болалари ўтирган уйга кирди. Хотинига режасини баён қилганда, у шодликдан ўрнидан туриб эрини қутлади. Ўн олти ёшли қизи Маргарита ва ўн икки ёшли ўғли Жон ҳам отасини табриклаб унга эркаланишди. Бугунги дастурхонни безатиш учун бутун оила оёққа турди. Кимдир бозорга жўнади, кимдир уйни тартибга келтиришга тушди, яна биров келадиган меҳмонларнинг рўйхатини туза бошлади. Эдуард стулга ўтириб йигирма йиллик хизмат фаолияти ҳақида ўйлай кетди.

Бу катта ташкилотга ишга кириб барака топганди. Ҳеч камчилик кўрмади. Тўкин-сочин ҳаётга ўрганди. Хоҳлаган ишини битира оладиган, қўли узатган жойига етадиган бир шахс эди. Тўғри, талабалик даврида қийинчилик кўрди, баъзида ўқишдан ҳайдалмаслик учун шартнома пулини ишлаб топиш мақсадида газета сотди, машиналарни ювди, керак бўлса, ҳаммоллик ҳам қилди. Ҳа, бундай ҳаётни ҳам кўрганди. Лекин у ўша вақтларда энг яқин дўсти билан бирга эди. Талабалик йиллари унинг Рашид исмли мянмалик дўсти бўларди. Аммо у ишга кириб мартабаси ошиб кетгач, дўстидан узоқлашди. Унинг мактубларига жавоб ёзишга эринадиган бўлиб қолди. Охирги пайтларда у билан алоқани мутлақо узганди. Бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди. Эҳтимол, у насроний, дўсти мусулмон бўлгани учундир, эҳтимол, у ҳаётда олий мартабаларга эришиб, дўсти киши билмас юртига қайтиб кетгани учундир... Нима бўлганда ҳам, у ҳозир дўсти Рашидни кўп эслагиси келмади. Рашиднинг унга қилган ёрдамлари, жуда заковатли ва билимли бўлгани учун имтиҳонларда Эдуардга катта кўмак бергани, Англиянинг энг обрўли Университетида таҳсил оларкан, рейтинги пастлиги туфайли олий босқичга ўтолмаслиги аниқ бўлиб қолган Эдуардга ёрдам бериш учун охирги бир ойлик мухлатни олгани, кечалари ухламасдан тинмай ёрдам бериб, унинг кейинги босқичга чиқишига асосий кўмакни бергани, ўзи эса ва бу югур-югурлар натижасида асаблари толиқиб, оғир касал бўлиб уч ойча тўшакка михланиб қолгани унинг ёдидан аллақачон кўтарилганди. У хаёл суриб ўтираркан, хотини қўнғироқ қилиб воқеликка қайтарди. Керакли нарсаларни сўрагач, хайрлашиб гўшакни қўйди. Эдуард рафиқасидан рози эди. Унинг фикрича, бу хотинни унга Исонинг ўзи бахш этган. Ҳусни-жамоли жойида, қад-қомати келишган, пазандаликдан ҳам анчагина хабардор бу аёл Эдуард учун чинакам бахт эди. Қолаверса, дўстлари ҳам хотинига ҳавас билан қарашлари Эдуарднинг ғурурига ғурур қўшарди. Хос дискотекаларда хотини ва қизи билан рақсга тушишга уринаётган обрўли эркакларни кўриб ўзгача шодлик туяр, гўёки бутун дунёнинг бахти унда эди.

 

Давоми бор...

back to top