Logo
Print this page

Ўрта Чирчиқда Қуръон байрами

Ўрта Чирчиқда Қуръон байрами

Бугун, 29 январь куни Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман саралаш босқичи «Туябўғиз» жомеъ масжидида бўлиб ўтди.

Қаҳратон совуққа қарамай, эрталабдан масжид хонақоҳи томошабинлар билан гавжум бўлди. Ҳакамлар ҳайъати тўплангач, мусобақа Қуръони Каримнинг ажойиб тиловати билан бошланди. Туман бош имом-хатиби Абдулмалик қори Абдусатторов хайрли дуолардан сўнг мусобақага оқ фотиҳа бердилар. Шундан сўнг ҳифз ҳамда қироат йўналишлари бўйича қатнашчилар бирин-кетин чиқиб, аввал ўзлари тайёрлаб келган сура ва оятларни ўқиб, сўнг мусҳафи шарифнинг исталган жойидан қироат қилдилар. Учинчи, энг қизиқарли шарт эса Қуръони Каримнинг ўзлари ёд олган жойидан берилган оятларнинг давомини ўқиш бўлди.

Эркаклар ўртасидаги мусобақа якунлангач, аёл-қизлар ўртасидаги мусобақага навбат берилди. Қизларимиз ҳам юқоридаги учта шарт бўйича чиқишлар қилишди. Айниқса, етти яшар Мўминахоннинг гўзал тиловати ҳаммага манзур бўлди.

Ниҳоят, барча қатнашчиларнинг чиқишлари тинглаб бўлингач, ҳакамлар ҳайъати ҳар бир қатнашчига берилган баҳоларни сарҳисоб қилиб, мусобақа ғолибларини эълон қила бошлашди. Мусобақа ғолибларига шаҳодатномалар ҳамда эсдалик совғаларини туман ҳокимияти вакиллари ҳамда ташкилий қўмита аъзолари топширдилар. Шундан сўнг пешин намозига азон айтилди. Намоздан сўнг барча қатнашчилар ва томошабинлар мусобақа ташкилотлари томонидан ёзилган байрам дастурхонига таклиф қилиндилар. Дарҳақиқат, ушбу мусобақани қалби Қуръонга ошно халқимиз учун орзиқиб кутилган байрам десак, асло муболаға бўлмайди. Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан республика миқёсида, кенг кўламда ўтказилаётган ушбу Қуръон мусобақаси ҳозирги дориломон кунларимиз учун, истиқлолимиз учун жон фидо қилган аждодларимиз учун ушалмаган армон эди. Бугун ана шу азизларимизнинг, мустабид тузум даврида динимизни қўлида чўғ ушлагандек маҳкам тутиб, биз бахтиёр авлодларга омонат ила етказган ота-боболаримизнинг орзулари рўёбга чиқиб, юртимиз азон садолари билан уйғонмоқда, Қуръон нури билан мунаввар бўлмоқда.

Байрам зиёфатидан кейинги гўзал тиловатдан сўнг барча дуога қўл очди.  Абдулмалик қори Роббимизга ана шу улкан неъматлар учун шукроналар айтиб, мусобақани ташкил қилишга ҳисса қўшган барча ходимларга, ҳомийларга, раҳбарлар ва мутасаддиларга ҳамда иштирокчи ва ғолибларга ташаккурлар айтиб, саралаш босқичини юқори савияда ўтказилганини алоҳида таъкидлаб, кўпчиликнинг номидан миннатдорчилик билдирдилар, бу каби хайрли тадбирларнинг бардавом бўлишини, янада юксак даражада ўтказилишини, Қуръони Каримнинг шарофати билан юртимизга хайр-баракот, тинчлик-хотиржамлик ато этишини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.

Шунинг билан Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг «Туябўғиз» жомеъ масжидида бўлиб ўтган Ўрта Чирчиқ тумани саралаш босқичи якунига етди.

Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ неъматларнинг шукрини адо этишни насиб айласин!

Latest from Администратор

Islom.uz © 2003-2018 | Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда манзилимиз кўрсатилиши шарт!
Ислом.уз порталидан бошқа манбалардан олинган маълумотларнинг ҳаққонийлиги
ва мақбуллигига муаллифлар масъулдир.

Рейтинг@Mail.ru Яндекс.Метрика