ТАЪЗИЯ

ТАЪЗИЯ

Кеча, 29 январь куни шайх Муҳаммад Солиҳ Қошғарий Отуший вафот этдилар (1939–2018).

Шайх Муҳаммад Солиҳ Шарқий Туркистондаги Қашқар шаҳри яқинида жойлашган Отуш шаҳрида туғилган, диндор оилада тарбия топган эдилар. Ўн бир ёшларида Қуръонни ёд олган, сўнгра падари бузуруквори шайх Солиҳ домла, Мулла Ашур, Фозил қори, Зайнулобидин домла ва бошқалардан таълим олганлар.
1956 йил Пекиндаги Исломшунослик институтига ўқишга кириб, доктор Баҳриддин Заяний, шайх Абдуллатиф, шайх Ҳомид Салмоний ва бошқалардан таълим олганлар.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Қошғарий Ўртожийнинг илмий мероси:
Қуръони Каримнинг уйғур тилидаги маъно таржимаси (Мадинадаги Қуръони Карим нашриётида чоп қилинган).
Қасталонийнинг «Саҳиҳи Бухорий»га шарҳининг уйғур тилига таржимаси.
Имом Бухорий қаламига мансуб «Адабул муфрад» асарининг уйғур тилига таржимаси.
«Нурул яқин фии сийрати саййидил мурсалин»нинг уйғур тилига таржимаси.
«Риёзус-солиҳин»нинг уйғур тилига таржимаси.
Қуръони Каримнинг «Мулк» ва «Амма» пораларининг уйғур тилидаги тафсири.
Шайх Қошғарийнинг ғазал ва қасидалардан иборат девони ҳам бор.

Шайх Муҳаммад Солиҳ Қошғарий Хитой Ислом жамияти раисининг ноиби эдилар, Ўрумчидаги Ислом институтининг ректори, Хитой сиёсий маслаҳат конференциясининг аъзоси эдилар. 1992 йили Саудия Арабистони қироли шоҳ Файсалнинг «Исломга хизматлари учун» мукофотига номзод қилиб кўрсатилганлар.
Аллоҳ таоло шайх Муҳаммад Солиҳ ҳазратларини раҳматига олсин, мағфиратига буркасин, охиратларини обод қилсин. Марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари ва шогирдларига Роббимиздан сабру жамил тилаймиз ва чуқур таъзия изҳор қиламиз.
«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!»

back to top