Ислом қонунан ман этилган мамлакат

Ангола – Африка жанубида жойлашган мамлакат, у ерда Ислом ноқонуний дин ҳисобланади. Мамлакат аҳолиси асосан насронийлардан иборат, 1-2 фоизигина Исломга эътиқод қилади.

Нефтга бой ушбу мамлакат аввал ҳам ОАВларнинг сарлавҳаларида кўп тилга олинарди, аммо 2013 йилда Ангола ҳукумати исломий мутаассиблик туфайли урушлар кўпаймоқда деган баҳона билан Исломни тақиқлаб қўйди.

Бунга Африка ғарбидаги француз тилида гаплашувчи Бенин мамлакатида чиқадиган La Nouvelle Tribune нашрида эълон қилинган мақола сабаб бўлган кўринади. Мақолада «радикал Ислом таҳдиди» туфайли мамлакатда масжидларнинг ёпилиши ҳақида сўз борган эди.

Хабар ёлғон бўлиб чиқди. ЖАРда чиқадиган The Daily Maverick нашрининг тахминича, La Nouvelle Tribune ушбу хабарни тарқатар экан, уни бошқалар ҳам кўчириб босиши орқали Исломнинг тақиқланиши ҳақидаги афсона «оламшумул анъана»га айланади деб умид қилган.

The Guardian нашрининг Анголадаги мусулмон жамоатлар хабарларига таяниб маълум қилишича, икки йил ичида мамлакатда 8 та масжид бузиб ташланган, Исломга эътиқод қилувчилар эса қонунни бузган шахс сифатида жавобгарликка тортилади.

Ангола диний ишлар бўйича Миллий институти директори Мануэл Фернандо масжидлар бузилгани ва мусулмонлар таъқиб этилаётгани ҳақидаги маълумотларни рад этди.

«Анголада Ислом ёки бошқа динларга қарши уруш йўқ, – деди у AFP га берган нтервьюсида. – Бирон ибодатхонани ёпиш ёки бузишга йўналтирилган расмий позиция ҳам йўқ».

Аммо амалда вазият мураккаброқ.

Аслида Ангола конституцияси эътиқод эркинлигини кафолатлайди. 2010 йилда қабул қилинган ҳужжат эса инсонни дини, жинси, эътиқоди, ногиронлиги, тили ва ижтимоий аҳволига кўра камситишни тақиқлайди. Бунда фақат бир айёрлик бор: камида 100 000 киши эътиқод қиладиган дингагина расмий мақом берилади.

24,3 млн кишидан иборат Ангола аҳолисининг жуда катта қисми насроний бўлиб, чековлар жамиятнинг асосий сиёсий ва ижтимоий бирлиги ҳисобланади. Анголадаги мусулмонларга келсак, сўнгги йилларда уларга алоҳида эътибор кўрсатилаётганга ўхшайди – фақат яхши маънода эмас.

Мамлакатда тахминан 90 000 мусулмон бор, уларнинг аксари Ғарбий Африка ва Ливандан келган муҳожирлар.

Камсонли бўлганлари сабабли уларнинг мақоми ҳам аниқ эмас: масжидлар қуришга, исломий мактаблар очишга рухсат йўқ ва сўнгги воқеалар кўрсатиб турибдики, рухсатсиз қурилган масжид ва мактаблар огоҳлантиришсиз бузиб ташланади.

Америка давлат департаменти томонидан тайёрланган Анголадаги эътиқод эркинлигига оид докладда келтирилган маълумотларга кўра (Angola International Religious Freedom Report), конституцияда ёзиб қўйилганига қарамай, мамлакатда диний мансубликка кўра камситиш ҳолатлари кузатилади.

«Мусулмонлар ўз динларига эътиқод қила олмаётганларини, чунки ҳукумат Исломни тан олмаслигини, мактаблар, масжидлар, диний-жамоатчилик марказларини ёпиб қўйиш орқали уларнинг ишларига аралашиб туришини айтадилар», – дейилади докладда.

2011 йилнинг ноябрида Луанда шаҳри ҳокимлиги масжид вазифасини ўтаётган чодирни бузиб ташлади. Айтишларича, ҳукумат вакиллари қуролланган қўриқчилар билан келиб ҳаддан ортиқ босим ўтказиш ва қўрқитиш орқали таъсир ўтказмоқчи бўладилар. Ҳеч ким бузиш ҳақида ёзма хабар жўнатмайди ва етказилган зарарни қопламайди ҳам.

Докладда айтилишича, бир гуруҳ мусулмонлар ўзларига қарашли ерга катта ва доимий масжид қуриш учун рухсат сўраб ҳукуматга мурожаат қилганлар.  Орадан бир неча ой ўтган бўлса ҳам, мурожаатга расмийлардан жавоб келмаган. Шундан сўнг гуруҳ масжид қурилишини бошлаб юборган. Кўп ўтмай маҳаллий ҳукумат вакиллари келиб масжид пойдеворини бузиб ташлашган, бу ҳақида огоҳлантириш ёки мурожаатга расмий рад жавоби ҳам берилмаган.

Юқоридаги ҳужжатдан  бир йил ўтиб чиқарилган Анголада эътиқод эркинлигига оид янги докладда ҳам шунга ўхшаш маълумотлар бор. Масалан, мусулмонлар ташкилотидан бирининг масжид қуришига икки марта қаршилик кўрсатганлар, ваҳоланки, ташкилот бунинг учун рухсат олган эди. Шунга қарамай полиция пойдеворни бузиб, қурувчиларни у ердан ҳайдаб юборган.

Яна бир вазиятда эса жиноий ишлар бўйича Миллий полиция мусулмонлар масжид сифатида фойдаланаётган тураржой биноси эшикларини занжир билан ёпиб кетган. Мусулмонларга бу ерда ибодат қилиш тақиқланган.

Бу фактларни баён қилар экан, АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштириладиган Voice of America (Америка овози) ахборот сайти қўлида Ангола ҳукумати томонидан берилган Луанда яқинидаги “Занго 1” масжидини бузиш ҳақидаги ҳужжат борлигини айтади. Сабаб эса яна ўша: масжид ҳукумат рухсатисиз қурилган.

Шунга қарамай, чекловларни писанд қилмаган Ангола мусулмонлари ўз динларига эътиқод қилишда давом этмоқдалар. Яқинда Ангола пойтахти Луандадаги “Нурул Ислом” масжиди имоми шайх Усмон ибн Зайд Anadolu ахборот агентлигига берган интервьюсида рамазон рўзасини тутаётганини айтганди.

Анголада Исломга расмий мақом бериладими деган савол эса ҳамон жавобсиз қолмоқда.

back to top