Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (2-қисм)

Мана, зиёфат вақти ҳам яқинлашди. Эдуард “Ҳеч ким эсдан чиқмадими?” деган ўй билан рўйхатни яна бир текширди. Ҳаммани айтганига ишонч ҳосил қилгач, меҳмонларни кута бошлади. Қараса, ҳали бир соатча вақт бор.

Секин телевизор пультини босди. Дунё хабарларида Мянмада бўлаётган қатлиом ҳақида тезгина айтиб ўтиб кетган журналист икки машҳур футбол клублари учрашуви тўғрисидаги хабарларни оғиз кўпиртириб сўзлай бошлади. Эдуарднинг хаёлини бир неча ойдан бери маҳв этган савол бироз чекиниб қайта ҳужумга ўтган қўшиндек яна бош кўтара бошлади.

“Нимага бу мусулмонлар тинч яшашмайди? Қаерда бўлишмасин, албатта, муаммо чиқаришади? Уларга ўзи нима керак?!” деган саволлар гирдобига қайтди. Унда бу саволларнинг туғилиши табиий эди. Чунки иши шу билан боғлиқ. У БМТнинг Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш бўлимида мудир ўринбосари эди. Саволларига жавоб қидириб, хуноб бўлиб кўпинча айбни мусулмонларга тўнкаб қўярди. Телевизор каналларини у ёқдан-бу ёққа айлантиравериб охири ўзи ёқтирган клипини топди ва мириқиб томоша қилди. Йигит куйлаётган ҳаёдан асар ҳам йўқ, маъносиз қўшиққа ўзидан ҳам баттар беҳаё қизлар аёл зотига нолойиқ ҳаракатлар билан рақсга тушаётганини кўриш Эдуард ва оиласи учун одатий ҳол эди. Бу улар учун санъат ва назокат саналарди.

Шундай қилиб, меҳмонлар ҳам келишди. Эдуард ва оиласи уларни ғарбона очиқ чеҳра билан кутиб олишди. Хушчақчақ тарзда овқатланишди, ичимликлар ичишди. Меҳмонлар Эдуардни байрам билан қутлашди, унга совғалар беришди. Улар орасида Эдуарднинг раҳбари – бўлим бошлиғи ҳам бор эди. У суҳбат давомида Эдуарднинг қулоғига пичирлаб қўйди. Шундан сўнг у бироз маъюс тортди. Раҳбари бир ҳафтадан сўнг БМТ вакили бўлиб Мянмага жўнаб кетиши кераклигини айтганди. Бу ёмон таклиф эмасди-ю, аммо Эдуард ўз шаҳридан узоқ кетишни, сафарга чиқишни кўпам хушламасди. Қолаверса, у жойларда бироз нотинчликлар бўлаётганини эшитганди. Меҳмонлар бир соатдан кейин туришди. Ҳамма билан хайрлашган Эдуард ва оиласи қолган ишларни эртага қўйиб ухлашга ётдилар.

Шундай қилиб, бир ҳафта ҳам ўтди. Юқори ташкилотнинг махсус ва махфий бўлимида Эдуард билан хос суҳбатлашиб, вазифаларини обдан тушунтиришди. Вазифалар ичида оммавий ахборот воситалари билиши керак бўлган очиқ ва билмаслиги лозим бўлган махфий маълумотлар ҳам бор эди. Шу махфий маълумотлардан бири Мянмада бўлаётган воқеаларни ўз кўзи билан кўриш учун воқеа жойига фақат Эдуарднинг кира олиши, бошқа шериклари киролмаслиги ва БМТ вакиллари киритилмагани ҳақидаги бутун дунёга хабар тарқатилиши эди. Шундай қилиб, Эдуард вазифа юзасидан сафарга отланди. Оиласи ва қариндошлари билан хайрлашган Эдуарднинг кўнгли ғаш эди. Уруш бўлаётган жойга бораётгани учунми ёки бошқа сабабданми, буни ўзи ҳам тушунмади. Жанггоҳларни кўриб кўнгли хира тортиши аниқ. Аммо у олдинлари ҳам бир неча маротаба бунақа вазифаларга ёлланган ва синовдан ўтган совуққон инсон эди.

АҚШдан учган самолёт тўғри Мянмага бориб тушди.

 

Давоми бор...

 

back to top