Суриялик ўқувчилар илмий олимпиадада юқори чўққиларни забт этишмоқда

Суриялик ўқувчилар илмий олимпиадада юқори чўққиларни забт этишмоқда

Сурияда 2017–2018-ўқув йилининг умуммиллий илмий олимпиадаси якунланди.

Кучли рақобат муҳитида ўтган мусобақада 54 мингдан зиёд ўқувчилар қатнашди. 50 та мукофотни қўлга киритган совриндорлар ёзда бўлиб ўтадиган жаҳон олимпиадасида ўз юртининг шаънини ҳимоя қилишади. Сурия миллий илмий олимпиада ҳайъати раиси Имад ал Адабнинг айтишича: «Бу йилги мусобақа муваффақиятли ўтган ва аҳолининг турли қатламлари орасида оммалашган». Унинг сўзларига кўра, Суриянинг жаҳон илмий беллашувларида қатнашиши ўқувчи ва муаллимлар учун катта аҳамият касб этади. «Биз жаҳон мусобақаларида 2010 йилдан бери иштирок этиб келмоқдамиз. Уруш туфайли бир йил қатнашмадик, холос. Саноқсиз қийинчиликларга қарамай, ота-оналар билан маслаҳатлашиб, машғулотларни давом эттиришга қарор қилдик. Мусобақаларда ғолиб чиққанимиздан сўнг 21 давлат номидан қатнашган иштирокчилар: «Қандай қилиб уруш ва талафотлар ҳамда сув, электр ва интернетдан маҳрум сурияликлар бундай юқори натижаларга эришмоқда?» каби ҳайратомуз саволларни беришган эди», деди у. «Ушбу ғалабалар Сурия ёшлари улкан салоҳиятга эга эканлиги ва ёшлар ўртасида ўтказиладиган нуфузли мусобақаларда юрт байроғини баландга кўтаришнинг уддасидан чиқа олишидан дарак беради», деб қўшимча қилди жаноб раис. Охирги ўн йиллик ичида суриялик ёшлар жаъми 79 та халқаро мукофотларни қўлга киритишган.

Юқорига