Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (3-қисм)

Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (3-қисм)

БМТ вакилларини кутиб олган масъуллар катта эҳтиром кўрсатишди. Уларнинг юзлари ёлғон табассум қилса-да, ичи қоралиги, ахлоқий меъёрлардан узоқлиги ҳаракатлари ва сўзларидан билиниб турарди. Эдуард ахлоқан ночор ва юпун бўлса ҳам, уларнинг олдида энг ахлоқли инсон бўлиб кўринарди.

Шу зайл БМТ вакиллари икки кун кайфу сафо қилишгач, асосий масалага ўтиш вақти келди. Давлат масъуллари уруш бўлган минтақага БМТ вакилларини киритмасликларини маълум қилишди. Турли баҳоналар кўрсатишди. Баҳоналардан бири “У ерда БМТ вакилларини ҳимоя қилолмасликлари, уларга “мусулмон террористлар” томонидан бирор суиқасд қилиш эҳтимоли катталиги” эди. Вакиллар буни БМТга маълум қилишди ва матбуот анжуманида ҳам айтишди. Шу билан “БМТ вакиллари Мянмадаги уруш бўлаётган минтақага киритилмади” деган хабар дунё бўйлаб тарқалди.

Эдуардни эса махсус меҳмонхонага олиб боришди. У ерда кечки овқатни ейишгач, ёнида ўтирган паст бўйли, сочи қириб олинган, юзида ва кўзларида сохта кулгу акс этган, кўзи қисиқроқ киши унинг қулоғига пичирлаб: “Ертага Араконга кириб ҳолатни кўздан кечирамиз”, деди инглиз тилида. “Аракон” деди ажабланиб Эдуард. “Ҳа, анави аҳмоқ мусулмонлар – террористларнинг ерини айтяпман”, деди у. Эдуард уруш бўлаётган жойлар ҳақида сўз кетаётганини тушунди. “Хўп” дегандек бошини қимирлатиб қўйди ва “Аракон” номи қулоғига олдин ҳам чалингандек туюлаверди. “Бу сўзни қаерда эшитганман-а? Мен учун таниш ва илиқ хотиралар билан боғлиққа ўхшайди”, деб ўйлай бошлади. Бир муддат хаёллар гирдобида жимиб қолган Эдуард ёнидагиларнинг қадаҳларни уруштириб уни ҳам имлаётганларидан ўзига келди. Улар билан бирга қадаҳ кўтарди.

Эрталаб нонушта қилишгач, Араконга олиб борадиган иккита махсус машина тайёрлиги билдирилди. Аракон томон йўл олишди. Машина юқори тезликда ярим соатча юргач, йўлларнинг четида қуролли аскарлар кўрина бошлади. Секинлашган машина улар орасидан ўтиб, бироз юриб тўхтади. Махсус киши келиб Эдуард ўтирган машинанинг эшигини очди. Эдуард машинадан тушди. Атрофни кўриб кўнгли хира тортди. Дарахтлар ёқилган, экинзорлар пайҳон қилинган, ҳар қаерда куйиб кетган уйлар ва баъзи жойларда қорайган темирлар, тўпланган куллар… Бу ернинг ҳавоси ва ғайриоддий ҳидлари ҳам одамнинг кайфиятини чўктирарди.

Эдуардга давлат масъулларидан учтаси шерик бўлиб келганди. Улар аскарлардан ҳамма ёқ тозалиги ҳақида ахборот олишгач, Эдуардни қишлоқни кўздан кечириш учун юришга таклиф қилдилар. Эдуард ўзи учун тайёрланган махсус мотоциклга ўтирди. Ҳайдовчи секин ҳайдар, Эдуард эса атрофни кўздан кечирарди. Улар қишлоқнинг ўртасига етиб борганларида, Эдуард ҳайдовчидан мотоциклни тўхтатишини талаб қилди. Уни кўриб бошқалари ҳам тўхташди. “Бироз пиёда айланайлик” деб таклиф билдирган Эдуард масъулларнинг жавобини ҳам кутмай куйиб кул бўлган уйлар томон юрди. Улар ҳам ноилож унга эргашишди.

Ёниб кул бўлган уйга қараб турган Эдуардни кўриб “Бу ерда террористлар яширингани учун ўққа тутилган” деб изоҳлашди. Атрофидаги ҳамма уйлар ҳам ёнғин сабабли харобага айланганди. Ҳар қанча тозалашган бўлса ҳам, куллар, куллар орасидан кўриниб қолган инсон суяклари бу ерда нималар бўлгани ҳақида дарак берарди.

Шундай қилиб, Эдуард икки соатча пиёда айланди. Масъулларнинг гапларига жавоб ҳам бермай, ўзича кетаверди, керакли жойларни телефонида суратга олди. Юравериб ҳали олови сўнмаган уйларга яқинлашиб қолди. Тутун ёнғин яқинда бўлганига ишора қиларди. Масъуллар Эдуардга бу ёққа ўтиш хавфли эканини уқтиришга уринишди. Аммо у яна бироз айланишни илтимос қилгач, олдинга юрмаслик шарти билан рухсат беришди.  Эдуард атрофдаги уйларни, култепаларни айланар экан, нарироқдаги куйган бута остида турган қорароқ нарсага кўзи тушди. Тезда ўша томонга юрди. Аввалига изидан қолмаётган масъуллар тоқатлари тоқ бўлиб эргашмай ҳам қўйдилар. Узоқдан уни кузатиб турардилар, холос.

Эдуард кўринган нарса яқинига бориб қаради – жасад экан. Бошида ортга бурилиб масъулларга хабар бермоқчи бўлди. Лекин жасаднинг юзига яна бир бор назар солгиси келди ва унга яқинлашди. Бу нурли юз кимнидир эслатарди. 45 ёшлар атрофидаги эркак унга таниш кўринди. Орқа томонидан отилган ўқ юрагига қадалган, жасадидаги зарб излари қийноқларга далолат қилар, оёқлари куйиб қорайиб қолган бу инсон Эдуард учун нақадар яқин кўринарди-я...

Жасаднинг қўлида блокнотни кўриб Эдуарднинг яна ҳайрати ошди. Қизиғи, блокнот ҳам таниш кўринарди. Олиб варақлади. Ичида ёзилмаган варағи йўқлигини кўриб, ҳозир ўқишга фурсат етмаслигини англади. Уни меҳмонхонада ўқишни режалаштириб, жасадга яна бир назар солди-да, кейин уни суратга олиб масъулларга хабар берди. Сўнгра қайтиш кераклигини айтди. Унинг бу қарорини қўллаб-қувватлаган масъуллар тезда мотоциклларни муҳайё қилиб, Эдуардни машиналаргача, у ердан эса меҳмонхонага олиб кетдилар.

 

Давоми бор...

Юқорига