Суриялик шифокорлар халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўрашмоқда

Жангарилар ва Туркия қўшинлари томонидан отишмалар тўхтамаётгани учун Африндаги шифокорлар тез кунларда тиббий ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш имконидан маҳрум бўлади.

Бу ҳақида Федерал янгиликлар агентлигига Африн шаҳри шифохонаси бош шифокори доктор Халил маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда тиббиёт воситалари етишмаяпти. Ҳозирда Африн шаҳар шифохонаси фақат жуда оғир беморларнигина қабул қиляпти.
«Олти кундирки, яқинимиздаги аҳоли яшайдиган ҳудуд қаттиқ ўққа тутилмоқда. Бу ерда биз Туркия чегарасига яқин ерлардан келтирилаётган жуда оғир беморларни ва ҳалок бўлганларни қабул қиляпмиз. Бизга келаётган жасадлар асосан аёллар ва 1 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларники. Ҳозир шифохонамизда 13 та бола даволаняпти, улардан 6 таси бир оиладан. Уларнинг бари ҳужумларнинг илк кунидаёқ шифохонага тушишган», дейди тиббиёт муассасаси раҳбари.
Африн шифохонаси раҳбари бир неча бор жаҳон ҳамжамиятига ёрдам сўраб мурожаат қилгани ва бу ишни давом эттиришини айтган. «Барча халқаро ташкилотлардан бизга зарур тиббий ёрдамни кўрсатишларини сўраймиз. Биз урушда айбсиз қурбон бўлаётган болалар ва аёллар олдидаги инсоний бурчимизни адо этмоғимиз керак. Аҳвол шундай давом этаверса, 2-3 кундан кейин барча дорилар ва тиббиёт воситаларимиз тугайди. Биз оғир касал у ёқда турсин, енгил жароҳатланганларга ҳам ёрдам кўрсатолмай қоламиз», деди шифокор.

back to top