Йўлланмаган мактуб ёхуд Араканлик мусулмоннинг фожиали ҳаёти (4-қисм)

Эдуард ювиниб, бироз дам олишини айтиб хонасига кириб кетди. Ғарбона маданият билан кастюм-шими ва оёқ кийимини ечмай краватга ўзини ташлади, хаёлидан бир лаҳза ҳам кетмаётган қорачадан келган истарали чеҳрани қаерда кўргани ҳақида ўйлай бошлади.

Зарбдан шишиб қолган бўйни ва юзлари, куйиб қорайиб қолган оёқлари, қонга бўялган кўкраги ва қўллари билан табассум қилиб тургани мутлақо номутаносибликдек туюларди. Шунча азобнинг алами юзида намоён бўлмагандек эди. Шунча жасадларни кўриб, бунақанги кўзга иссиқ, айни дамда қўрқинчли ҳолатдагисига дуч келмаганди.

“Ким экан бу?” деган савол Эдуардни тинч қўймасди. “Уффф”, деб ўрнидан турмоқчи бўлганда, костюмининг чўнтагидаги блокнотга қўли тегиб кетди. “Бу одамнинг кимлигини блокнотидан билиб оларман”, деган хаёл билан қўлини чўнтагига солди ва блокнотни олди. Ғилофига соҳибининг қони юққанини кўриб, аввал жирканди. Бориб қўлини совунлаб ювди. Қўлқопини кийиб яна блокнотни қўлга олди ва биринчи бетини очди.

“Бизни инсон қилиб яратган, бошқа махлуқотлардан афзал қилган ҳамда бир-биримизга зулм қилишни ҳаром қилган меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг исми билан бошлайман”.

Эдуард блокнот инглиз тилида бошланганидан ҳайратланди. “Бу ерлик аҳоли бошқа тилда гаплашарди-ку, у нима учун инглиз тилида ёзган экан?” деб ажабланди ва ўқишда давом этди:

“Ушбу блокнотни манзилига етказишга ҳаракат қиламан, лекин бунга кўзим етмайди. Мабодо, етказолмай шаҳид бўлсам ва у кимнингдир қўлига тушса, ундан ўтинчим, блокнотни аслида АҚШнинг Техас штатида туғилган, Англияда ўқиган, ҳозирда эса Нью-йоркда БМТда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимида фаолият олиб бораётган дўстим Эдуардга етказсин, илтимос. У яқин дўстим ва мени танийди”.

Бу сатрларни ўқиган Эдуарднинг вужудидан совуқ тер чиқиб кетди. Нафаси тезлашиб, бирдан кучсизланиб қолди ва қўлларидан блокнот тушиб кетди. Томоғига бир нарса тиқила бошлади. Тезда галстукини ечиб ташлади. Костюмини ҳам ечиб отди ва кўйлагининг тепа тугмаларини очиб ваннахона томон юрди. Юзига совуқ сув урди. Бир-икки ҳўплам ичди. Бироз ўзига келиб, нималар бўлаётгани ҳақида ўйлади. Бу тушмикан деган фикр ҳам уни четлаб ўтмади.

“Эй Исооо!!! Ё Парвардигор!!” деди у крандан шариллаб оқаётган сувга тикилганча. Кейин яна юзини ювди. Юз-қўлларини сочиққа артиб, кроватига келиб ўтирди. Дунёнинг бир чекасида ўлиб ётган кишининг қўлида турган блокнот унга ёзилган мактуб экани ақлига сиғмасди. Бу қандай ҳолатлигини тушунолмай ўтираверди. Сеҳргармикан у ўлик деб ўйлаб қолди. Ёнида турган блокнотнинг ичида яна қандай сирли гаплар борлигига қизиқиши орта бошлади-ю, аммо уни қўлга олишга қўрқди. Кейин бироз ўзига келиб: “Бошқа Эдуард ҳақидадир” деган гумонда блокнотни очишга куч топди. Яна бошидан ўқий бошлади.

“Ассалому алайкум, чин дўстим Эдуард. Аҳволларинг яхшими? Оиланг тинчми? Қизинг ва ўғлинг улғайиб қолишдими? Сен билан охирги марта мулоқот қилганимизга ҳам ўн йилча бўлиб қолди. Ўшанда бир қиз ва бир ўғлинг борлигини айтгандинг. Ундан кейин ҳам мен сенга доимо ёзиб турдим. Сенинг юмушларинг кўпайгани учун жавоб ёзолмадинг, шекилли. Аммо менинг мактубларимни барибир ўқияпти, деган ишонч билан сенга ёзишда давом этавердим. Бу мактубимни эса сендан совға сифатида олган блокнотга ёзишга қарор қилдим. Бу блокнот мен учун ҳаётим давомида энг қадрли нарсаларимдан бўлди ва ҳозир ҳам, албатта, катта яхшиликка сабаб бўлишига ишонаман. Дўстим, мана учрашмаганимизга ҳам йигирма йил бўлибди. Сени жуда соғиндим. Дарвоқе, ёзиш ёдимдан кўтарилибди. Ҳа топдинг, мен ўша сен таниган Рашидман…”

Эдуард шу жойгача ўқиб йиғлаб юборди, қўлидаги блокнотни ўпиб кўзларига суртди ва чўкка тушиб дод солиб йиғлай бошлади. Эшик тақиллаётганини эшитиб бироз ўзини тийиб олди ва ҳаммаси жойидалигини айтиб уларни хотиржам қилгач, яна унсиз йиғлай бошлади. Бояги жасадни эслади у. Ҳа, у ўша дўсти Рашид эди. Эдуарднинг ҳаётида энг идеал инсонлардек из қолдирган, доим ширин табассум қилиб юрувчи дўсти Рашид… Тезда телефонини қўлига олиб масъулларга боғланди ва бояги жасадни қаерга олиб борганлари ҳақида сўради. Унинг ўликхонадалигини айтган масъулдан: “Мен у жасадни яна бир кўришим керак. Иш юзасидан бу муҳим. Қачон кўрсам бўлади?” деб сўради. “Эртага сизни олиб бориб кўрсатамиз” деган жавобни олди Эдуард. “Хўп” деб телефон гўшагини қўйди. Ёшли кўзлари билан яна блокнотни қўлига олиб жойига ўтирди ва давомини ўқий бошлади:

“Дўстим Эдуард, бирга ўқиб юрган даврларимиз ёдингдами? Доимо иккаламиз ҳазиллашиб тортишадиган, фикримиз бир жойдан чиқмайдиган бир масала бўларди. У ҳам бўлса ватанпарварлик. Бу мунозараларимиз аслида биров мендан ватаним қаердалигини сўраганда “Аракон” деб жавоб берганимдан сўнг бошланарди. Сен: “Нима учун Мянма демайсан? Нега давлат эмас, вилоятнинг номини айтасан?” дердинг. Мен эса: “Аслида Аракон давлат бўлган, кейинчалик улар бизни мустамлака қилишган”, дея сенга тарихдан гапирардим. Мунозараларни: “Улар бошимизга нималар солишганини билмайсан-да”, деб тугатардим. Ўқишни битирганимизда, Англиядан иш топилгани ёдингдами? Ўшанда: “Мен ўз Ватанимга қайтаман, миллатимнинг яхши ва ёмон кунларида бирга бўламан. Уларни ҳимоя қилишим керак”, деб қайтишга қарор қилгандим. Сен ҳам кетишимни билгач, ўз Ватанингга қайтишингни айтдинг. Ватаним ҳақида гапирганимда, юзимда доимо маъюсликни сезардинг. У маъюсликлар жуда кўп аччиқ ҳақиқатлар сабабидан эди. Эдуард, энди ўша ҳақиқатлардан баъзисини сенга ёзишга қарор қилдим. Бу менинг сен билан қилган охирги мулоқотим бўлса керак. Чунки энди яшашни хоҳламайман, одамлар учун тириклик қанчалик ширин бўлса, мен учун ўлим шунчалик тотли ва лаззатлидир. Ҳаётда ҳеч қизиқ нарса қолмади, ҳақиқатлар тугади, инсониятнинг каромати топталди.

 

Давоми бор...

 

 

back to top