Авангард услубида қурилган масжид Эрон руҳонийларини дарғазаб қилди

Эрон пойтахти Теҳрон марказида авангард услубида қуриган янги масжид мамлакатнинг қаттиққўл руҳонийларини дарғазаб қилди.

“Вали-Аср” номли масжиднинг меъморлари анъанавий масжид қурилиши услубидан фойдаланмай, замонавий дизайн услубини қўллаб кулранг тош ва цементдан гумбаз ва минорасиз масжид барпо этдилар. Меъморлар фикрича, янги масжид ён-атрофдаги бинолар орасида ажралиб қолмай, балки уларга уйғун ҳолда қад ростлаган. Шунингдек, янги бино Ислом динининг илк давридаги тежамкорликни ҳам ўзида мужассам қилган.
Сатҳи 25 минг квадрат метр экани айтилаётган масжид маданият ва санъат тадбирларига мезбонлик қилиб келадиган Теҳрон университети яқинидаги машхур савдо маркази олдида қурилди. Интернет нашрларига кўра, янги масжид ўз кутубхонасига, ўқув заллари ва синф хоналарига ҳам эга.
Меъморлардан бири Риза Донишмир анъанавий масжид қурилиши шаҳар марказига мос келмаслиги борасида маҳаллий расмийлар билан бир неча ой баҳслашгани, ниҳоят уларни ишонтиришга муваффақ бўлганини айтди. Донишмир бу масалани хатто парламентда ҳам муҳокама қилган.
Унинг ҳамкасби Катерин Спиридонофф Теҳрон марказидаги янги масжид биноси шакл ва ҳажм жиҳатидан ихчам ва жойига мос эканини алоҳида таъкидлади. Меъмор, пайҳамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қурилган дастлабки масжиднинг ҳам гумбази ва минораси бўлмай, содда услубда барпо этилганини сўзига қўшимча қилди.
10 йил давом этган қурилиш ишларидан сўнг, ниҳоят 16 миллион АҚШ доллари сарфлангани айтилаётган Теҳрон марказидаги янги масжид қурилиши тугади. Бино яқин ҳафталар ичида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

back to top