БМТ Бош котиби Сурияда оташкесим таъминланишига чақирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Сурияда оташкесим ўрнатилишига доир қабул қилинган қарор талабларини зудлик билан бажаришга чақирди.

Бош котибнинг матбуот хизмати хабар беришича, жаноб Гуттериш Сурияда 30 кунлик оташкесим жорий этиш тўғрисидаги қарорни олқишлаган. “Бош котиб мазкур карор дарҳол кучга киришига ва шу аснода ҳудуддаги муҳтожларга инсонпарварлик ёрдами етказилишига ҳамда оғир хасталланган ва яранланганларни жанг майдонидан олиб чиқилишига умид билдирди. Шунингдек, жаноб Бош котиб курашаётган тарафларга тинч аҳоли ва инфратузилмани химоя этиш зарурлигини эслатди”. Аввалроқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга зудлик билан барҳам берилишини ва 30 кунлик оташкесим жорий этилишига доир қарорни қабул қилган. Шу билан бирга, Кенгаш қарама қарши томонлардан Шарқий Ғўта, Ёрмуқ, Ал Фуа ва Кифрой ҳудудларининг қамалини дарҳол тўхталишини талаб қилган.

back to top