Нобел мукофоти соҳибалари Бангладешга боришди

Агентство Анадолу Агентство Анадолу

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Таваккул Карман Мянма етакчиси Аун Сан Су Жини Аракондаги мусулмонларга нисбатан зўравонликларга чек қўйишга ва қочқинларни ўз уйларига қайтаришга ёрдам беришга чақирди.

«Анадолу» агентлиги билан суҳбатда Карман яқинда Бангладешнинг Кокс Бозоридаги қочқинлар лагерига бормоқчи эканини маълум қилди. Айтишича, сафарда унга яна икки нафар Нобел мукофоти совриндорлари – Ширин Абадий ва Майрид Магуайр ҳамроҳлик қилишади.
Бангладешга ташриф «Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳибалари» ташкилотининг ташаббуси билан амалга ошмоқда. Мақсад роҳинжа қочқинларининг, хусусан, аёлларининг аҳволи билан танишишдир, деди Карман.
Карманнинг сўзларига кўра, ҳудудда юзага келган инқироз, биринчи навбатда, мамлакатдаги этник озчиликнинг ҳуқуқларини мунтазам равишда бузиб келаётган Мянма ҳарбий хунтасининг ишидир.
Ўтган йилнинг сентябр ойида 18 кишидан иборат делегация, улар орасида 12 та Нобел мукофоти совриндори ҳам бор, БМТ Хавфсизлик кенгаши раҳбари ва унга аъзо давлатларга очиқ хат йўллаб, Аракондаги гуманитар инқирозга барҳам беришга чақирган эди.
Нобел мукофоти совриндорлари Малала Юсуфзай ва Десмонд Туту ҳам Мянма етакчиси Аун Сан Су Жига мурожаат қилиб, Аракондаги зўравонликларга чек қўйишга чиқришганди.
Худди шундай мазмундаги мактубни Мянма раҳбарига «Нобел мукофоти соҳибалари» ташкилоти вакиллари Майрид Корриган, Жоди Уильямс, Ширин Абадий, Лайма Гбови ва Таваккул Карманлар ҳам йўллаган.

back to top