Рим Папаси Суриядаги зўравонликлар зудлик билан тўхтатишга чақирди

Рим Папаси Франциск Сурияда зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга чақирди ва «зулмни зулм билан енгиб бўлмайди» дея таъкидлади.

«Шу кунларда севимли ва жабрдийда Сурия, айниқса, уруш янада авж олган Шарқий Ғута хаёлимдан кетмаяпти. Бу феврал етти йиллик урушнинг энг қақшатқич ойларидан бири бўлди. Тинч аҳоли орасида юзлаб, минглаб қурбонлар, айниқса, улар орасида болалар, аёллар, кексаларнинг борлиги менга тинчлик бермаяпти. Касалхоналар бомбаланган, одамлар ейишга нон топа олмаяптилар. Бу ғайриинсонийликдир», деди понтифик Ватикандаги якшанба маърузасида.
«Зулмни зулм билан енгиб бўлмайди. Уруш – бу зулм. Шу сабабли мен зўравонликларга ҳозироқ чек қўйилиши, инсонпарварлик ёрдамлари ўтказиб юборилиши, ярадорлар ва касаллар эвакуация қилиниши учун шароит яратиб берилишини сўрайман. Шу ишлар тезроқ амалга ошишини сўраб дуо қилайлик», деди Папа Франциск.
Шанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши 2401 рақамли резолюцияни қабул қилди, унда барча томонлардан ҳеч кечиктиришсиз тўқнашувларга барҳам бериш ва бутун Сурия ҳудудида камида 30 кунлик инсонпарварлик сукути сақлаш талаб қилинган эди. Бу тинч аҳолига зудлик билан ва ҳеч тўсиқларсиз инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш ҳамда оғир касаллар ва ярадорларни эвакуация қилиш учун зарур эди.

back to top