Шайх ҳазратлари Ислом қомусида

Шайх ҳазратлари Ислом қомусида

Туркия диёнат вақфига қарашли Исломий тадқиқотлар маркази (ISAM) 46 жилдлик Ислом энциклопедиясида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларида ҳикоя қилувчи махсус бир боб ажратди.

Шайх ҳазратлари ҳақидаги маълумотларни доктор Аҳмад Гўзал ҳамда доцент Тунжой Бошўғли биргаликда тайёрлашди. Қомусда шайх ҳазратларининг таржимаи ҳоли ҳамда илмий фаолияти ҳақида, шунингдек, у зотнинг дин ва Ватан олдидаги фидокорона хизматлари, қолдирган улкан мероси ҳақида батафсил маълумот берилган.
Жумладан, қомусда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг болалик ва талабалик даври, маъҳадда ва хорижда таҳсил олишлари, мусулмонлар идорасидаги фаолиятлари, муфтийлик пайтида собиқ иттифоқ мусулмонлари учун қилган хизматлари, ҳижрат даврида ҳамда Ватанга қайтгандан кейинги баракали илмий фаолиятлари ҳақида ҳам маълумотлар берилган.
Мақолада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб асарлар ҳақида ҳам маълумот берилган бўлиб, у зотнинг ташаббуси билан бошланган «Олтин силсила» академик нашри, Ислом қомуси каби илмий лойиҳалар, islom.uz портали ва унда йўлга қўйилган савол-жавоб хизматлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган.
Исломий тадқиқотлар маркази нашр этаётган ушбу улкан исломий қомусга ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, етук аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақидаги маълумотларнинг киритилиши нафақат ўзбек халқини, балки барча туркийзабон мусулмонларни ҳам бениҳоя хурсанд қилади.

back to top