Туркияда Аракан мусулмонларининг фожиаси ҳақида фильм суратга олинди

«Тирик қолиш» номли ҳужжатли фильм роҳинжа мусулмонларига ўтказилган тазйиқлар ҳақида ҳикоя қилади.

Туркия Дин вақфи (TDV) «Тирик қолиш» номли ҳужжатли фильмни суратга олди, унда Мянманинг Аракон штатидан Бангладешга қочган ва қочқинлар лагерларидан макон топган роҳинжа мусулмонларининг ҳаёт учун курашлари акс эттирилган. Октябрь ойида TDV нинг уч кишидан иборат жамоаси Кокс-Бозордаги қочқинлар лагерига борган ва у ерда фильмни суратга олиш ишларини бошлаб юборган. Суратга олиш гуруҳи араконлик мусулмонларнинг шифохоналардаги ва лагердаги аянчли турмуш шароитига гувоҳ бўлган эди.
«Тирик қолиш» номли ҳужжатли фильм роҳинжа мусулмонларининг XIX асрдан бери давом этиб келаётган тазйиқлар остидаги ҳаётини акс эттиради.
Фильмда Аракон штатида яшовчи мусулмонларнинг узоқ йиллар давомида ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган ҳолда яшаб келаётгани, хусусан, уларнинг на фуқаролиги, на таълим олиш имкони йўқлиги ҳикоя қилинади. Картинада, шунингдек, 2017 йил 25 август воқеалари ҳам тилга олинади, айнан ўша кундан бошлаб роҳинжа мусулмонларига нисбатан зўравонликлар ўзининг авж нуқтасига чиққан эди. Роҳинжа мусулмонлари бундай тўхтовсиз зулм шароитида Мянмада ортиқ яшай олмайди, деган хулоса фильмда илгари сурилган асосий ғоялардан биридир.
Картинада қайиқлар воситасида Бангладешга етиб олиш учун жонини хатарга қўйиб дарё орқали йўлга чиққан араконлик мусулмонлар тасвирлари ҳам бор. Араконлик мусулмонлар Бангладешга сузиб келадиган Наф дарёсини фильм муаллифлари «ҳаёт-мамот чегараси» деб номлайдилар. Репортёрлардан бири араконлик қочқинларнинг Бангладешдаги оғир турмуш шароити ҳақида ҳикоя қилади.
Ёш роҳинжа мусулмон бутун оиласи билан Араконда бошдан кечирган даҳшатли кунлар ҳақида сўзлаб беради.
«Мянма армияси ҳарбийлари уйларимизни ёқишди, биз Бангладешга қочишга мажбур бўлдик. Қоча олмаганларни ўлдиришди. Яшириниб ётганларни ҳам топиб ўлдиришди ёки мислсиз қийноқларга солишди. Тирик қолганлар жони борича Бангладешга қочди», дея ҳикоя қилади йигит.
Унинг сўзларига кўра, Бангладешга қочаётганларида синглисининг икки фарзанди сувга чўкиб кетган, энди аёл ҳар куни дарё қирғоғига келиб мўъжиза рўй бериши ва фарзандлари сувдан чиқиб келишини кутади.
1970-йиллардан бошлаб Мянмадаги роҳинжа мусулмонлар мунтазам равишда қийноққа солиниб, этник жиҳатдан тозалаб келинади. Умумий сони 2 миллион атрофида бўлган роҳинжа мусулмонларининг 80 фоизи қўшни мамлакатлардан паноҳ топган.

back to top