Америкалик қўмондон экани айтилаётган эркак Исломни қабул қилди

Чин мусулмон учун ўзга дин кишисининг Ислом динини қабул қилишига гувоҳ бўлиш шарафли амал.

АҚШ армияси қўмондонларидан бири экани иддао қилинган америкалик эркакнинг қувонч ёшлари билан Ислом динини қабул қилгани акс этган видеолавҳа куни кеча ижтимоий тармоқларни ларзага солди.
Khaleejtimes нашрига кўра, Уммонда олингани айтилаётган видеотасвирда инглиз тилида сўзлашувчи америкалик эркак бир неча гувоҳ ҳузурида калимаи шаҳодат келтириб кўз ёшлари билан Ислом динини қабул қилгани акс этган. Видеотасвир Youtube га қўйилганидан кейин, айниқса, Яқин Шарқ давлатларида яшовчилар жуда кўп шарҳ ёзиб қолдирган.
Гувоҳлардан бири “янги мусулмон”дан: “Исломга хуш келибсиз. Энди мусулмон бўлдингиз. СубҳанАллоҳ. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?”, - деб сўраганида у: “жуда яхши, қалбимда енгиллик ҳис қиляпман”, - дея кўз ёшларини артган.
Бу юқори лавозимли ёки таниқли шахсларнинг Ислом динини қабул қилгани ҳақидаги ягона хабар эмас.
Исломни қабул қилган америкалик таниқли актриса, тадбиркор, дизайнер ва қўшиқчи Линдсей Лоҳан ўтган ой Лондонда уюштирилган либослар кўргазмасига ҳижобда борди.
Ҳиндистондаги нуфузли нашрларнинг аксари 23 феврал куни Болливуд юлдузи актриса Дипика Какар Ислом динини қабул қилиб, ҳамкасби Шоайб Ибороҳимга турмушга чиққани ҳақида мақолалар чоп этди.
Австралиялик таниқли мусулмон крикетчи Усмон Ҳаважанинг 22 яшар насроний қаллиғи Рачел МакЛеллан апрел ойига режаланган никоҳ тўйлари арафасида 17 март куни Исломни қабул қилганини эълон қилди.

back to top