Меҳнат муҳожирларига ҳазратимизнинг илмий мероси ўргатилади

Меҳнат муҳожирларига ҳазратимизнинг илмий мероси ўргатилади

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг улкан илмий мероси Россиядаги меҳнат муҳожирлари ўртасида олиб бориладиган маърифий ишлар учун асос қилиб олинадиган бўлди. Москвада Халқаро исломий миссия қароргоҳида бўлиб ўтган «Москвадаги муҳожирлар: бугунги муаммолар ва уларни ечиш йўллари» деб номланган давра суҳбатида шу ҳақда айтилди.

Тадбирда Россия Мусулмонлар идораси, Россия муфтийлар кенгаши, Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати, Россия Миллатлар иши бўйича федерал агентлиги, Россия Федерал муҳожирлик хизмати, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Миллатлар ва элчихоналар иши бўйича Комиссия вакиллари, жамоат арбоблари, жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, исломий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва МДҲ вакиллари иштирок этишди.

Ислом.уз портали мухлисларига маълумки, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бундан бир неча йиллар муқаддам бу долзарб масалани кўтариб чиқиб, меҳнат муҳожирлари билан фаол иш олиб бориш лозимлигини, хорижда юрган ҳар бир инсон аввало ўз динининг, ўз миллатининг, Ватанининг вакили эканини, унинг ҳар бир амалига қараб, унинг дини ва миллатига баҳо беришини таъкидлаган эдилар. Шунинг учун меҳнат вазирлиги билан ҳамкорликда хориждаги юртдошларимизга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини англатиш ва энг муҳими – ўз динига оғишмай амал қилиши учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш лозимлиги ҳақида кўп қайғурган эдилар. Ана шундай саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ минглаб ватандошларимиз хорижда юриб, турли ёт ақийда ва фикрий хуружлар таъсирига тушмай, ибодатларини аҳли сунна вал жамоа ақийдасида, мўътабар фиқҳий мазҳабларга риоя қилган ҳолда адо этиб, ҳалол меҳнат қилмоқдалар, динимизнинг, юртимизнинг шаъни юксакларга кўтармоқдалар. Айниқса, Жанубий Кореядаги ватандошларимиз бу борада барчага намуна бўлган эдилар.

Islamnews.ru сайти шайх ҳазратларининг дин ва ватан олдига фидокорона хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтар экан, юртимизда юқори малакали уламолар ниҳоятда танқис бўлиб турган бир пайтда турли экстремистик ташкилотларнинг ғоялари тарқалиши натижасида юзага келган оғир вазиятда Ватанга қайтиб, турли ихтилофлар, тафриқа ва бошқа иллатларни муолажа қилиш учун соф исломий қадриятларни, исломий илмларни тарқатишга енг шимариб киришиб кетганларини баён қилади.

Шайх ҳазратлари минтақа мусулмонлари орасида маърифатни ёйиш ва уларнинг диний саводини оширишдек оғир вазифани шараф билан уддаладилар, деб ёзади Islamnews.ru.  У зотнинг кўплаб китоблари, маъруза ва ваъз-иршодларида тарғиб қилинган мўмин кишининг васатияга – қуръоний мўътадиллик манҳажига асосланган юксак ахлоқи Ўзбекистондаги вазиятни ислоҳ қилишда ва давлат билан мусулмонлар ўртасида консруктик ҳамкорликнинг йўлга қўйилишида беқиёс ўрин тутди.

Шайх ҳазратларининг бу хизматлари нафақат ўз Ватанида, балки бутун Ислом оламида юксак эътироф этилди. Жумладан, Россияда Ислом маданияти, фани ва маорифини қўллаб-қувватлаш фонди ҳамда “Васатия” марказлари шайх ҳазратларининг мазкур долзарб мавзуларда ёзилган ва рус тилига таржима қилинган китобларини Россияда тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатишмоқда. Ушбу китоблар россиялик мусулмонлар учун ҳам, давлат арбоблари учун ҳам Ислом дини ҳақидаги саҳиҳ маълумотлар манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Бу хайрли ишлар турли экстремистик ғоялар ҳамда ғараз ниятли оммавий ахборот воситалари таъсири остида Ислом дини ҳақида ҳосил бўлаётган салбий тушунча ва тасаввурларга барҳам беришга катта хизмат қилмоқда. Ана шу хайрли ишларнинг давоми ўлароқ, яқинда Москвада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги мусулмонлар диний-маърифий маркази ташкил қилинди.

Тадбирда муҳожирлар ўртасида олиб борилаётган маърифий ишларни янада кучайтириш мақсадида ушбу янги марказ муҳожир мусулмонлар учун илмий-маърифий китоблар чоп қилиш ҳамда улар учун индивидуал маслаҳатлар хизмати билан ҳам шуғулланиши ҳақида таклифлар киритилди. Шунингдек, ушбу дастур фаолиятига «Мусулмон психологлар уюшмаси» ҳам жалб қилиниб, Москвадаги муҳожирларга психологик ёрдам кўрсатиш хизмати ҳам йўлга қўйиладиган бўлди.

 

back to top