Бангладешликлар учун Тож-Маҳал нимага керак?

http://islamosfera.ru http://islamosfera.ru

Бангладешда Дакка шаҳри яқинида барпо этилган Тож-Маҳалнинг кичрайтирилган нусхаси оммалашиб бормоқда. Айниқса, ҳақиқий Тож-Маҳални бориб кўришга имкони йўқ камбағал аҳоли ва ўрта синф вакиллари бу жойни жуда хуш кўрадилар, деб хабар беради Scroll.in.

Бангладешдаги Тож-Маҳал 10 йил аввал, 2008 йилда қурилди ва ўшандаёқ ҳиндистонликларнинг қаттиқ норозиликларига сабаб бўлди. Гап шундаки, унинг қурилишида аслиятдаги меъморий мутаносиблик бузилган, қурувчилар янги ранглар ва аллақандай дизайнерлик унсурларини қўшишган, бу эса мутахассислар ва оддий мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлганди. Блогерлардан бири Бангладешдаги Тож-Маҳални кўрганида ҳайратдан оғзи очилиб қолганини ёзади.
Кинопродюссер Аҳсанулло Моний эса бу лойиҳани хайрия мақсадида амалга оширганини айтади. У кичкина Тож-Маҳалнинг қурилишини молиялаштирган, унинг учун 58 млн доллар сарфлаган. Таниқли тарихий обиданинг нусхасини яратиш учун Аграга мутахассислар жўнатилган, улар ёдгорликни синчиклаб ўрганиб чиққан эдилар.
«Ҳамма Тож-Маҳални кўришни орзу қилади, аммо бангладешликларнинг аксари учун уни бориб кўриш моддий жиҳатдан имконсиз», дейди Моний.
Таъкидлаш жоиз, Тож-Маҳал Бангладешда жуда машҳур тимсол саналади. Бу ерда Тож-Маҳал акс этган сувенирлар, товарлар, либослар ва Хитойда тайёрланган бошқа буюмларга талаб катта.
Бангладешдаги Тож-Маҳал барча ёшдаги мухлисларни ўзига жалб этган. Айниқса, унинг ёнига Миср эҳромларининг ҳам нусхалари қурилгач, бу ерга келувчилар сони ошиб кетди. Ҳозирча Миср жим, муаллифлик ҳуқуқларини талаб қилмаяпти.

back to top