Ислом дини ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар

Ислом дунёдаги иккинчи асосий дин бўлиб, АҚШдаги Пью тадқиқот марказининг 2017 йил апрел ойидаги маълумотига кўра, ҳозирда 1 миллиард 800 миллион одам Ислом динига эътиқод қилади. Бугунги кунда мусулмонлар дунё аҳолисининг 24 фоизини ташкил этмоқда.

Насронийлик дунёдаги биринчи дин бўлиб бу динга 2 миллиард 300 миллион одам эътиқод қилади. Бу дунё аҳолисининг тахминан 31 фоизи дегани.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда дунё бўйича, айниқса, Европа мамлакатларида насронийлар камайиб, мусулмонлар сони кўпайиб бормоқда.
Бунга биринчидан, насронийлар орасида туғилишнинг камлиги, иккинчидан, мусулмонлар орасида туғилишнинг кўплиги, учинчидан, мусулмон мигрантларнинг Европага кўчиб келиши, шунингдек, маҳаллий халқ вакилларининг Ислом динини қабул қилиши сабаб бўлмоқда.
Дунё аҳолисининг аксари Ислом дини ҳақида нотўғри тушунчага эга. Исломга қарши бўлганлар доим терроризмни Исломга боғлашга, Ислом динини қоралаб кўрсатишда ОАВдан “самарали” фойдаланишга уриниб келмоқда.
Қуйида Ислом дини ҳақида ҳамма билишингиз керак бўлган тўрт нарса бор:
1. Ислом Исони Аллоҳнинг пайғамбари сифатида тан олади. Исо пайғамбарнинг исми муқаддас Қуръони Каримда 25 марта айтиб ўтилган.
Қуръони карим пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган бўлса ҳам Қуръонда пайғамбаримизнинг исмлари беш марта айтиб ўтилган.
2. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Қуръони Каримда терроризм ва оммавий қирғинни таъқиқлаган. Ислом дини бундай ҳатти-ҳаракатларни кескин қоралайди.
Аллоҳнинг мазкур таъқиқи Қуръони Каримда қуйидагича баён қилинган: “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади”. (Қуръон 5:32)
3. Арабларнинг ҳаммаси мусулмон эмас. Мусулмон бўлмаган одамларнинг аксари Ислом дини фақат арабларнинг дини деб ўйлашади.
Статистик маълумотларга кўра, дунё мусулмонларининг атиги 15 фоизини араблар, 85 фоизини бошқа миллатлар ташкил қилади.
4. Дунёдаги мусулмонлар энг кўп яшайдиган 10 мамлакат рўйхатида Индонезия биринчи ўринни эгаллайди.
Индонезияда 205 миллион мусулмон истиқомат қилади.
Кейинги ўринларни қуйидаги давлатлар эгаллаган:
2. Покистон (178 млн.),
3. Ҳиндистон (177 млн.),
4. Бангладеш (149 млн.),
5. Миср (80 млн.),
6. Нигерия (76 млн.),
7. Эрон (76 млн.),
8. Туркия (76 млн.),
9. Жазоир (38 млн.),
10. Марокаш (32 млн.).

 

 

back to top