Судан уруши ортидаги кучлар

Судан уруши ортидаги кучлар

Судан президенти Умар ал-Башир яна ҳассаси билан пўписа қилмоқда. Минглаб тарафдорлари хурсандчилигини изҳор қилиб турганида у яна душманлар устидан қозонган ғалабалари ҳақида гапирди. Бироқ бу сафар вазият жуда ҳам жиддий. Жанубий Суданга қарши тўлақонли уруш Судан манфаатларига зид бўлиши мумкин. Жанубий Судан томонидан ҳарбий ҳаракатларни бошлаш таҳдиди тамомила уларнинг ташаббуси эмас. Яқинда эса баъзи ҳудудларга даъволарини, хусусан Суданнинг Хеглигдаги энг катта нефт захирасини 10-апрел куни босиб олиши ва 10 кун сўнгра шошилинч равишда чекинишлари Суданни кенг кўламли низога тортишга қаратилган махсус ҳаракат, дея баҳолаш мумкин.

Баъзи тахминларга кўра мамлакат нефтининг ярмидан кўпи қазиб олинадиган Хеглиг шаҳри босиб олинишидан маҳзун бўлган Башир тез орада Жуба устида кетаётган можарода ғалаба қозонажаги ҳақида гапирди. Шимолий Кордофан пойтахти Ал-Убайдада кўп сонли одамлар олдида чиқиш қилган Башир: “Хеглик – бу ҳали интиҳо дегани эмас, бу фақат ибтидодир” – деб моҳиятан уруш эълон қилди, деб хабар қилади Wall Street Journal. Башир Жанубий Судан аҳолисини “қурт-қумурсқалар”дан ташкил топган ҳукуматдан озод қилиш нияти борлигини ҳам билдирди.

Ҳатто Судан мудофаа вазири Хеглиг озод қилинганини эълон қилганида мағлубият хўрланиши шунчаки ғалаба ҳиссига алмашди холос. - “Урушни улар бошладилар, биз эса урушнинг тугашини эълон қиламиз ва бизнинг олға юришимиз ҳеч қачон тўхтамайди”, деди Башир 20 апрел куни.

Жанубий Суданнинг даъволари эса худди халқаро ҳамжамият учун атайин тайёрлангандек янгради. Жанубий Судан президенти Салва Киир оддий қилиб, унинг аскарлари халқаро ҳамжамият талабларини инобатга олиб ҳудудни тарк қилди, деб қисқа хабар бериб ўтди. Жанубий Судан ҳукуматининг вакили Барнаба Мариел Бенжамин аскарлар чиқиб кетишларидан бир кун аввал орада ҳеч қандай можаро йўқлигини айтди. Унинг гаплари бир пайтни ўзида ҳам ўйлантирадиган, ҳамда кибор оҳангида янгради. У Суданни қўшни ва “дўстона давлат”, деб атади. - “Биз шу вақтгача Суданнинг бир қарич ерига ҳам кўз олайтирганимиз йўқ”, - деди у. (Associated Press, 19 апрел).

Лекин асл иш шуки, нефтга алоқадор сиёсий тортишмалар масаласида вазият оддий бўлмаслиги мумкин. Судан қурол-аслаҳа савдоси, ички барқарорсизлик ва саноқсиз фуқаро урушлари ва хорижий ўйинчиларнинг манфаатларидан иборат кўп қиррали можарога ботиб қолди. Буларнинг барчаси Хартум ёки Жубанинг урушга ҳозирлик кўраётганини оқламайди, аксинча булар ҳолатни ўнглаш учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Биргина босқинчилик ҳаракати (агрессия) ҳам кенг кўламли можарога йўл очишиб бериши мумкин. Воситачилик урушлари сиёсатининг табиати ўзи шундай – қуролланган гуруҳларнинг аксари кўпроқ ерни тасарруфига олиш ёки молиявий фойда кўриш имконияти чиқишини кутиб туради. Хартум ва Жуба ўртасида уруш бошланишида Уганданинг эҳтимолий иштироки борлиги ҳақидаги хабарлар ҳам пайдо бўлди.

“Кенг миқёсли тўқнашув бўлишининг эҳтимоли ошиб бораётган бир пайтда, Уганда ҳарбий кучлар раҳбари генерал Аронда Някаириманинг айтишича, агар Башир Жанубий Судан ҳукуматини ағдарса, бизнинг армия аралашиши мумкин”, деб хабар қилади New Yorker.

Ҳар иккала суданликлар ҳам турли хил исёнчи гуруҳлар билан ўз урушларини олиб бормоқдалар. Мамлакатнинг кўп ҳудудларида озиқ-овқат тақчиллигига қарамай қурол-яроғ тўхтамасдан ўз эгаларига йўл топмоқда.

Жанубий Суданни Америка Қўшма штатлари қўллаб-қувватлаётгани сир эмас. Таҳминларга кўра, АҚШ  SPLAга (Судан Халқ Озодлик Армияси) йилига 100 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиб келган”, дея Russia Today WikiLeaksдан иқтибос келтириб 19 апрел куни хабар берди.  

Икки мамлакат ҳалокатли ўйин гирдобига тортилди. Улар на тамоман бўлиниб кета олишади ва на уруш хавфисиз ҳамкорлик қила олишади. Башир жуда кам вариантлар қолганини тушуниб турибди. Мисрнинг ҳафталик “Al-Ahram” журналига кўра, Хартум Жанубий Суданнинг бўлиниб чиқиб кетиш оқибатида нефтдан тушадиган тушумнинг тўртдан учини бой берди, энди эса қолганидан ҳам маҳрум бўлишининг эҳтимоли бор.

Кўриниб турибдики, бундай можаро бўш ваъдалар ва асоссиз даъволар билан ҳал қилинмайди. Бу можаро ўн йилдан бери давом этиб келмоқда ва тарафлар фақат уруш орқали умумий тил топганлар. АҚШ, Россия, Хитой ва бошқа қудратли мамлакатлар бу тўқнашувни ўз манфаатлари йўлида фойдаландилар.

Брюсселда жойлашган Можароларни ўрганиш халқаро гуруҳи яқинда янада каттароқ низонинг олдини олиш учун янги стратегия ишлаб чиқишни тавсия қилди. Мазкур ташкилотнинг айтишича, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашда БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўз ролини ўйнаши лозим. Бироқ Хавфсизлик Кенгаши сиёсий жуфтлик шаклида ҳаракат қилишини кутиш хато бўлади. Айни пайтда бир томондан Жанубий Суданни АҚШ қўллаши ва аслаҳалар билан таъминлаб туриши, бошқа томондан эса Хитой ва Россия Хартумни давомий қўллаб-қувватлаши БМТ ичида рақобат борлигининг аломатидир.

Келажакда барқарор тинчликни таъминлаш учун Суданнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилмоқ ва Жанубий Суданни бундай қадамларга ундамаслик лозим. АҚШ, Хитой ва Россия орасидаги қаршилик бошқа давлатларнинг ҳисобига давом этмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам Судан муаммоси билан ўйнашаётган ҳар қандай яширин кучларни тезда аниқлаб, уларни изоляция қилиш керак.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top