Трампнинг адвокати Ислом динини “дунёнинг буюк давлатларидан бири” деб атади

25 апрел куни АҚШ Олий судида президент Доналд Трампнинг аксар аҳолиси мусулмон бўлган бир неча давлат фуқаролари Қўшма Штатларга киришини ман этиш ҳақидаги фармонининг қонунийлиги муҳокама қилинди.

Судда президент Трамп фармонини фуқаролар ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилгани иддаоси билан ҳимоя қилган Бош прокурор ўринбосари Ноел Франциско Ислом динини “дунёдаги буюк давлатлардан бири” деб атади.
“(Трамп) бу мамлакатдаги мусулмонлар ажойиб америкаликлар эканини аниқ ва кундек равшан қилиб айтган. Бу мамлакатни яхши кўрадиган жуда, жуда кўп мусулмон давлатлар бор. У Исломни, дунёдаги буюк давлатлардан бири деб мақтаган”, - дея президент Трампнинг қарорини оқлашга уринган Бош прокурор ўринбосари Ноел Франциско.
Олий суд мажлисида қатнашган Камситишларга қарши Америка-Араб қўмитаси директори ўринбосари Обид Аюб Ню Йорк Дейли Нюс нашри мухбири билан суҳбатда президент Трампнинг адвокати айтган гапдан ҳайратга тушмаганини айтди.
“Бу ҳайратланарли эмас. Бу маъмурият, бу президентнинг мусулмон давлатларга нисбатан айтган гаплари жуда муаммоли. Бу президентлик сайловолди кампаниясига бориб тақалади”, - дея изоҳлаган Обид Аюб.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар зудлик билан Трампнинг адвокати “Ислом динини буюк давлатлардан бири” деб атаганини кескин танқид қилдилар.
Айрим мусулмон давлатлар фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаш ҳақидаги президент Трампнинг фармони муҳокамаси Олий суднинг июн ойида бўладиган йиғилишида давом этади.

back to top