III Евроосиё китоб кўргазмаси: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Ислом оламининг буюк алломаси»

III Евроосиё китоб кўргазмаси: «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Ислом оламининг буюк алломаси»

Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрида ўтказилаётган «Eurasian Book Fair – 2018» китоб кўргазмаси ўзининг қизғин палласига кирди. Кеча кўргазманинг Ўзбекистон павилионида «Шейх Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф: великий представитель исламского мира» (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: ислом оламининг буюк алломаси) мавзусида маъруза қилинди.

Маърузада шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаерларда таълим олганлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтидаги ўқитувчилик ва раҳбарлик даврлари, муфтийлик фаолиятлари ҳақида, ўша даврда Марказий Осиё мусулмонлари ҳуқуқларини тиклаш йўлида қилган саъи-ҳаракатлари тўғрисида муҳим маълумотлар берилди.
Шунингдек, у кишининг илмий фаолиятлари, ёзган китоблари, хусусан, «Тафсири Ҳилол» тўплами, «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласидаги китоблар, «Олтин силсила» лойиҳаси, «Бахтиёр оила», «Ислом тарихи» китоблари тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ёзилган китобларнинг мавзулар хилма-хиллиги, кенгқамровлилиги очиб берилди. Шу билан бирга, у киши асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа корхонаси фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. Маъруза тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
 Кўргазмага ташриф буюрган кўпчилик китобхонлар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламларига мансуб рус ва ўзбек тилидаги китобларни харид қилишди. Ўзлари харид қилишни истаган китоблар қолмаганини кўрган ихлосмандлар эса яна қачон Остонага келишимизни, бу китобларни қандай қилиб сотиб олиш мумкинлигини сўрашди.
Бегжан исмли китобхонлардан бири шайх Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини яхши танишини, у кишининг китобларига етишолмай юрганини ва бу китобларни кўриб қанчалар хурсанд бўлганини айтиб берди. У Остонага қандай улуғ одамнинг китоблари келганини тасаввур қилолмайсизлар, деб ҳамма дўстларига телефон қилиб чиққанини ҳам ҳаяжон билан гапириб берди.
 
«Ҳилол-нашр» Остона/ Қозоғистон.

back to top