Қатарнинг ғаройиб кутубхонаси

Қатарнинг ғаройиб кутубхонаси

16 апрель куни Дохада (Қатар) узоқ кутилган Миллий кутубхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради hospitalitydesign.com. Араб-ислом цивилизацияси билан боғлиқ қимматли матнлар ва қўлёзмалар жамланган ушбу миллий кутубхона халқ кутубхонаси, университет кутубхонаси ва маданий марказ жойлашган, умумий майдони 40 минг квадрат метрлик янги ўқув ва маданий марказ таркибига киради. Қатар Миллий кутубхонасида жами миллиондан ортиқ китоблар мавжуд бўлиб, бино бир вақтнинг ўзида минглаб китобхонларни қабул қила олади.

 «Анъанага кўра, кутубхона билимлар алмашинадиган гавжум жой бўлади. Ҳозир ахборот асрида маълумотларни топиш осонроқ бўлиб қолгани учун, кутубхоналар ижодий ва илмий учрашувлар ҳамда тадбирлар маконига айланди», дейди кутубхона биносини лойиҳалаштирган ОМА меъморий компанияси архитектори Эллен Ван Лун. «Биз кутубхона қуриш орқали  минтақанинг бой маданиятига ўз ҳурматимизни изҳор этамиз, ушбу меъморий комплекс тупроқ тагидан қазиб очилган археологик топилма шаклида бўлади ва кўп сонли бебаҳо тарихий ҳамда исломий матнларни ўз ичига олади».
Кутубхона биносининг қирралари ердан кўтарилиб бориб, марказда учбурчак шаклдаги майдонни ташкил этадиган. Йўлакларга кўплаб китоблар сиғадиган токчалар ўрнатилади. Бундан ташқари, бу ерда китоб билан ёлғиз қолиш ёки суҳбатлашиш мумкин бўлган хилват жойлар ҳам мавжуд. Маданий меросни жамлаш департаменти кутубхонанинг қоқ марказида, замин сатҳидан 6 метр пастда жойлашган ва қаймоқранг травертиндан ишланган бўлади.
«Кутубхона меҳмонлари барча китобларни панорамада кўриши учун бинони шундай лойиҳалаштирдик. Бу ерга келган китоб шайдоси дарҳол китоблар қуршовига тушиб қолади, уларнинг ҳаммасига қўл узатса, етади», дейди Эллен Ван Лун. «Кутубхонанинг ичи шу қадар кенгки, худди катта шаҳарга кириб қолгандек бўласиз».
Фақат битта катта хонага эга кутубхона бир қанча халқаро университетлар жойлашган академик кампус – янги «Таълим шаҳри»нинг бир қисмига айланди. Кампусда ОМА томонидан лойиҳаланган яна бир қатор бинолар, жумладан, Qatar Foundation нинг штаб-квартираси ва тадқиқот институтининг янги бўлими ҳам мавжуд.

back to top