500 йиллик Қуръон Тўпқопи саройига қайтарилди

15 асрда хаттот Шукруллоҳ Халифа қўчирган Қуръони Карим Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи музейига қайтарилди.

1494 йилда Истанбулда ёзилган Мусҳаф 1964 йилга қадар Тўпқопи саройи музейида сақланган.
Бироқ мазкур Қуръон Бурса Археология музейига кўчирилганидан кейин йўқолган.
Хаттот Зиё Ойдиннинг ўғиллари расмийларга анча йил олдин оталари қадимий Қуръонни сотиб олганини маълум қилганидан кейин у топилди.
Тўпқопи саройи музейи раҳбари Мустафо Сабри Кучукашчига кўра, Ҳуррият газетаси 500 йиллик Қуръон йўқолгани ҳақида ўтган ҳафтада хабар тарқатганидан кейин ака-ука Али Сами ва Аҳмад Ойдинлар Маданият ва Туризм вазири Нумон Културмушга қўнғироқ қилиб қадимий Қуръон уларнинг уйида сақланаётганини маълум қилишган.
“Агар ушбу Қуръонни хаттот Зиё Ойдин сақлаб қолмаганида у Европадаги кутубхоналардан бирида бўлиши мумкин эди. Биз Ойдинлар оиласидан миннатдормиз”, - дейди Тўпқопи саройи музей директори.
“Бу Қуръон 1967 ёки 1968 йилда бир китобсевар кишидан сотиб олинган. Бизнинг оила исломий осори-атиқалар билан савдо қилмайди. Шунинг учун у кўп йиллар давомида уйимизда сақланган. Отамиз хаттот эдилар. Мен янгиликни ўқиганимдан кейин вазирга қўнғироқ қилиб, у рўйхатга олинган осори-атиқа экани ва йўқолиб қолмаганини айтдим. Вазир биздаги Мусҳаф музейга қўйилишини айтганидан кейин биз уни қайтариб бердик”, - дейди Али Сами Ойдин.

back to top