Фан ва дин: қайта тирилиш
- Written by Administrator
У (Аллоҳ) албатта сизларни (Одам авлодларини) ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунига тўплайди. (Қуръони карим, "Ал-Ҳааққа"сурасидан)
Қиёматнинг муқаррарлиги
Бас, қачон юлдузлар ўчирилгач ва қачон осмон ёрилиб-очилгач ва қачон тоғлар сочилгач ва қачон пайғамбарларга белгиланган вақт келгач... ("Вал-Мурсалот" сурасидан)
Монотеистик (монотеизм - яккахудолик) динларнинг барчасида бир кун келиб Ер деб аталувчи сайёрада қиёмат қўпиши башорат қилинади. Демак, бу динларга эътиқод этувчилар, жумладан, аҳли ислом учун қиёматнинг рўй бериши - шаксиз ҳақиқат.
Қуръони каримда унинг муқаррарлиги кўп марта такрорланади. "Зумар", "Қиёмат", "Ал-Ҳааққа" каби сураларда эса бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилган.
Қиёматга ишонч - мусулмон иймонининг шартларидан бири бўлиб, унга заррача шубҳа билан қараш кишини диндан чиқаради. Шу билан бирга кузатувлар кўрсатадики, анча-мунча одам "қиёмат - муқаррар" деган қаноатга шубҳа қилмагани ҳолда, "Нима қилиб бўлса ҳам яшаб қол" деган тамойилга мувофиқ ҳаёт кечиради. Бу тоифа ўзича гўё "Қиёматми? Ўҳ-ҳў! Бир гап бўлар-да" деб ўйлайди, чамаси. Бу аслида охиратга чала ишониш - аросат деган гап. Чунки Одам авлодининг маҳшарда қиёматдан қўрқиши - у кундан ёлғиз мурод эмас, инсон бу дунёда ҳам уни ёдда тутмоғи ва ҳаёт низомини шунга асосан қурмоғи шарт.
Қиёматнинг муқаррарлигини, ўша куни Одам Ато авлоди қайта тирилиб, ҳисоб беражагини ўйламай яшаш, юзаки қараганда, ҳар бир одамнинг шахсий ишидек туюлади. Ҳолбуки, одамзод ёмон қилмишлари, айниқса, гуноҳ ва жиноятлари учун бу дунёда жазодан қутулиб қолганда ҳам, барибир куни келиб жавоб беришдан қўрқмас экан, жамият урчиб кетган ижтимоий иллатларни "даволаш"да қийналади, ҳатто уддалай олмайди. Бунга кўплаб далил-исбот келтириш мумкин.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, қуйидаги мулоҳазаларимиздан кўзланган мақсад қиёмат ва охират ҳисоби фанга ҳам зид келмаслиги тўғрисида фикр юритиш баробарида қиёмат бўлишига ишонса-да, аммо "мен ўлгунимча барибир бўлмас" дея ўзини ўзи юпатувчиларни огоҳлантиришдан иборатдир.
Хўш, қиёмат қачон бўлади?
Таъкидлаш керакки, диний китобларда бу саволга аниқ жавоб берилмаган, унинг аломатларини билдириш билангина чекланилган, холос. Бунинг боиси шундаки, ҳаёт инсонга синов учун берилган. Қиёмат муддатининг номаълумлиги ана шу синовнинг муҳ



