Ўзингиздан уяласизми?

Ўзингиздан уяласизми?

Уят ҳисси... Бу ғоятда ноёб туйғу, тўғрими? Агар у бу қадар камёб бўлмаганида нима бўларди? Одам гулистон бўларди! Мисол учун, Ватан ҳақида шеър ясаб ўтирган шоир қоғоздаги тизмаларига қараб қизариб кетарди. Сохта сатрлари қошида хижолат бўларди. Ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмаслигини, бу сўзнинг залворини ҳар қандай "елка" ҳам кўтаролмаслигини ҳис қиларди. Бу муборак калом қаршисидаги масъулиятдан қўрқиб, ёзув столидаги нимарсаларини ғижимларди-да, бурчакка улоқтирарди. Эртаси куни эса "Танланма" тўпламингизда Ватан ҳақида шеър йўқ экан, ёзиб келинг", деган ноширдан қўлёзмасини қайтариб оларди.

    Анча йиллар бурун бир ижодкор аканинг номи унвон олувчилар руйхатига тиркалди. Шўрликнинг илинжи умидга, умиди ишончга айланиб унвон шарпасини бедор бўлиб кутди. Не ҳасратки, руйхат катта идоралар эшигидан қайтиб чиққач, инфаркт бўлди қолди. Чунки унинг номи “олувчилар" руйхатидан тушиб қолган экан. Бироз кўнгилчан ҳамкасблари бечорага ачинишди. Аммо бу соддалар билмасдики, унга унвон берсалар ҳам шу дардга гирифтор бўларди. Чунки бу дард ўлгур ҳаддан ташқари қувончда ҳам зоҳир бўлади-да.
    Аслида у жуда яхши одам эди. Эшитяпсизми, бор йўғи яхши одам эди, холос! Лекин ҳар бир яхши одамга мукофот бериб бўлмайди-ку! У буни тушунмасди. Чунки у кишимда ҳам ўзидан, ўз ижодидан уялиш ҳисси андак камёб эди. У ўзини сал кам даҳо ижодкорлар қаторига қўярди. Тўғрироғи, унда шундай оламшумул даъволар пайдо бўлишига баъзи бир уятсиз ...шунослар сабабчи эди. Қуюққина зиёфат устида ёзилган "тақриз"лар, "сўзбоши"лар уни шу куйга солиб қўйганди.
    Ўзидан уялиш ҳисси шунинг учун ҳам лозимки, инсонда бирор нарсани "меники" дейишдан аввал бунга маънавий ҳаққим борми деган андиша юзага чиқади. Уялиш туйғуси инсонни бедор қилиб қўяди. Бу кечинманинг қудрати шундаки, агар у зоҳир бўлса, юмшоққина курсида “йўқ”ни "бор" қилиб имзо чекаётган амалдорнинг ҳам қўллари қалтираб кетади. "Ўл-е, - дейди унга ички бир овоз, - қачонгача халқнинг нонини "туя" қиласан? Бир куни ҳамма нарсанинг жавоби борлигини билмайсанми?" Аввалига у буни эшитмасликка олади. Қўлига қоғоз-қаламни олиб нималарнингдир режасини тузгиси келади. Даҳолар мисол бир нуқтага тикилиб чуқур-чуқур ўйга ботмоқчи бўлади. Аммо начора, юксалмаган одам теранлашолмайди. У энди ўзини чалғитмоқ илинжида атайин трубкани олиб кимларгадир дағдаға қилади. Кимларнидир топшириқни бажармагани учун койиб беради. Шу билан виждонига сув сепмоқчи бўлади. Лекин кошки бу "сув" ичкаридаги "ўт"ни ўчирса. Вақт ўтган сари ички овоз баланд пардаларда жаранглай бошлайди. Натижада бу амалдор нима қилади, биласизми? "Менинг бу лавозимда ўтиришга маънавий ҳаққим йўқ" дейди. Қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетмасдан бурун тинчгина ўзи чиқиб кетади.
    Ўзидан уялиш ҳисси инсонни ўз-ўзига ҳисобот беришга мажбур қилади. Кечқурун кўк чойни ичиб, мия бироз ором олгач, чеккароққа ўтиб колхознинг бухгалтеридай ўзингизни ҳисоб-китоб қилишга тушасиз. "Қирқ йиллик қадрдон эди-я", "Билиб қолса нима бўлади?", "Бу ҳам майли, манави арзимас пул учун шунча ёлғон ишлатиш шартмиди? Буниси-чи?” Кўрпани жаҳл билан ғижимлаб, бошингизга буркаб оласиз. Қани энди бу бош кўрпанинг ичида тинчий қолса. Қийналасиз. Эрталабгача бурга талаб чиқади. Бироқ начора, бошни ташлаб кетиб бўлмаса!
    Лекин сиз англадингизми, йўқми, барибир бахтлисиз. Сизга бу изтироблар муборак бўлсин! Ахир қийналмай ўтиб кетсангиз нима бўларди?
    Бир нотаниш йигит билан узоқ сафарга чиққандик. Қайсидир манзилда у-бу олиш учун муҳташам бир магазинга кирдик. Қайтиб чиққач, ҳамроҳим қўлидаги қимматбаҳо конфетни кўрсатиб: "Қанча туришини биласизми?" деди. "Биламан, бу жуда қиммат" дедим. "Кассирнинг ёнига борсам, пул олиш ўрнига "қайтимини олинг" деб яна шунча пул бериб юборди. Ўзиям Худо берди-да, ака", деди оғзи қулоғида.
    Ўзини-ўзи ҳисоб-китоб қилаётган одам, сиз менинг ўша нотаниш ҳамроҳим ўрнида бўлиб қолсангизу, сизга ҳам шунақа қилиб Худо "бериб" турса нима бўларди? Шунисига шукр қилмайсизми? Шукр қиласиз, чунки ўзидан уялиш ҳисси инсонга шукр қилиш неъматини беради.
    Ўзидан уялиш ҳисси, инсоннинг сўзи билан амалини уйғунлаштиради. Ўзидан уяладиган одам, сўзидан ҳам уялади. Ўзи амал қилмаган сўзларни айтишдан қўрқади. Чунки бундай сўзлар унинг юзига бир неча марта тарсаки тортиб юборган. У шундан қўрқади.
    Бир пайтлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларига шундай панд этган эканлар: "Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гaп шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!" Аслида Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган пайғамбарларнинг деярли барча кўрсатмалари маънодан узилган эди. Лекин инсондаги уят ҳаё мангу ўчириб бўлмайдиган мерослар ичида қолди.
    Бизнинг миллий фожеаларимиз ҳам айнан СЎЗ билан АМАЛ икки қутбга ажралиб қолган замонлардан бошланган. Агар тарихга диққат қилинса, бугунги илм-фан тараққиётининг пойдевори ер юзига Ислом таълимоти келганидан кейин беш аср ичида барқарор бўлди. Не саодатки, бу тараққиётнинг илк "ғишт"ларини қўйганлар бизнинг буюк боболаримиз эди. Шу заминдан чиққан улуғ зотлар дунё аҳлига муаллим бўлдилар. Аммо вақт ўтган сари жамиятда сўз билан амал ўртасида тафовут пайдо бўла бошлади. Одамлар дину диёнатдан узоқлашиб, эзгулик ҳақидаги даъватлар уларнинг бўғизларидан нарига ўтмай қолдилар. Амал йўқолди, ҳалоллик сўзда қолди, холос. Ҳазрат Бобур "Бобурнома"да 1493-1494 йиллар кечмиши ҳақида ёзар экан, Самарқанддек мўътабар шаҳарнинг маънавий аҳволини тасвирлайди ва лаънатлар айтади. Бу даврга келиб одамлар ўспирин болаларини ҳатто кўчага чиқаришга ҳам қўрқиб қоладилар. Чунки беклар ва бекзодалар иймонли инсон тилга олишга ҳам ҳазар қиладиган ахлоқсизликларга шўнғиб кетган эдилар. Эл-юрт, дин ва мамлакат такдири ҳеч кимни қизиқтирмай қўйганди. Сабаби, жамиятда сўз билан амал бирлиги йўқолиб қолган эди, Натижада жаҳолат бошланди.
    Ўзидан уялиш ҳисси инсон кўнглида қарор топса, у аста-секин ижтимоийлашиб боради. У бир куни шундай улканлашадики, энди бу одам ўзини Миллат ва Ватан олдида ҳам масъулиятлиман деб билади. Мана шу масъулият - миллатнинг саодати, Ватаннинг шаъни-шавкатидир. Қайсики миллат хор бўлган бўлса, мана шу масъулият эсдан чиққан замонларда бўлган.
    Бизнинг ўтган асрлардаги фожеаларимиздан яна бири мана шу масъулиятсизлик эди. Қўқон хони Худоёрхон Хўжанд орқали Тошкентга қочиб кетаётганда олтин, кумуш, лаъл, жавоҳирлар тўла сандиқлари бир карвон бўлди. Хон ўзи билан халқнинг ор-номуси, эрки ва эртанги кунини ҳам сандиққа жойлаб кетаётганди. Бухоро амири тахтдан кетаётганда хазинасида 34 номдаги минглаб қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган. Уларнинг умумий қиймати миллион-миллонларни ташкил этарди. Рўйхатга олинмаган бойликлар ҳам сонсиз-саноқсиз эди. Афсуски, улар вақтида чор тарафда бўридек пайт пойлаётган душманни кўролмадилар. Халқнинг пешона терини сандиққа жойлаб, хазинанинг устида илондек кулча бўлиб ётиб олдилар. Натижада, жафокаш халқ бу масъулиятсизлик аламини асрлар бўйи чекиб яшади.
    Бугун дунёнинг мана ман деган муҳташам музейларини бизнинг маданий бойликларимиз безаб турибди. Агар биз уларнинг бари талаб кетилган деб хулоса қилсак, адашамиз. Бу бебаҳо бойликларнинг кўпчилиги 19-асрнинг иккинчи ярми, 20-аср бошларида Бухоро амирзодалари, беклари томонидан қиморга тикиб юборилган. Ажнабий саводагарлар уларни алдаб қиморда ютиб олишган. Юзлаб нодир қўлёзмалар, қимматбаҳо китоблар ва бошқа осори-атиқалар ким ошди савдосига чиқарилган. Миллатнинг қалби ҳисобланган бу бойликлар олдида бирор кимса зиғирча масъулият туймаган.    Бу тарздаги маънавий тушкунликдан қайғуга тушган Фитрат ёзади: “Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Нечук кунларга қолдинг? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларин ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун..." Аммо Фитрат ҳазратлари бу саволларнинг жавобини ўзлари жуда яхши биларди. Фитрат билан ҳаммаслак бўлган Вадуд Маҳмуд "Туркистон" газетасининг 1923 йил 24 декабр сонида юртнинг маънавий-маърифий қиёфасига назар ташлар экан: "Бўза, май ва умуман кайф берадурғон ичкиликларининг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир... Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам "расман" ичишмакка бошлағонлар", деб ёзади.
    Дарвоқе, тарих бизга ибратлари билан қадрли. Шунинг учун ҳам мулоҳазаларимизда кечмиш кунларимизга бирров назар ташладик. Бу билан бировга маломат қилмоқчи эмасмиз. Зеро, Ҳазратим айтганларидек: "Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидир". Қозилик қилмоқ бизга тан эмас. Бизнинг таъмаимиз ХУЛОСА чиқармоқдир.
    Ва ниҳоят, ўз-ўзидан уялиш ҳисси шунинг учун ҳам лозимки, киши бу ҳиссиёт қаршисида ўз аксини кўриб туради. Бу "кўзгу" шафқатсиздир. Бу "кўзгу" иймондир!

Алишер Назар

back to top