Виждон ёки ҳамён?

Виждон ёки ҳамён?

 Чет элда бу турдаги адабиётни у ёки бу норасмий ташкилот, дийний бир оқим ва қуйи маданият вакиллари йиғилиб турадиган хоҳлаган жойдан сотиб олса бўлади. Уни сохта даъватчилар катта маблағ эвазига сотиб олишга тайёрлар ва айнан мана шу нарса мўмай даромад ишқида юрган содда одамларни ўзига жалб этади. Жумладан, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи, ишсиз юрган ўттиз яшар Дилёр Иброҳимов ҳам бундай даромад топиш имконияти ҳақида чойхонада охирги пулларига қарта ўйнашганида дўстларидан билди.
— Бизларнинг ҳадис ва китоблардан бошқа, Элёр ака унда “Иегова шоҳидлари”нинг китобларига ҳам “харидор”лари борлигини айтганди, — деди сассиқ сигаретни тортиб Дилёрнинг янги таниши Искандар. Бу одам ҳақида Дилёр шуни билардики, у яқинда Туркиядан қайтиб келган.
— Ким экан ўша “Иегов гувоҳлари”? Бу номни биринчи марта эшитишим, — қизиқди Дилёр.

— Қаердан билай, ошна, — кўпроқ гиёҳвандларга хос табиий бўлмаган кулги билан деди Искандар, — билганим шуки, менга бу китоблар учун яхшигина пул тўлашди.
У йигитни қучиб олди ва шу ҳолатда унинг нурсиз нигоҳи ҳовлида чақнаб турган янгигина “Ласетти”га қадалди:
— Сенингча, ошпазликдан кун кўриб, қачондир шундай тойчоқни ола биласанми, болакай?
Ичидаги хушликдан Дилёрнинг бутун авзойи энтикиб чиранди: “Менинг “Ласеттим” бўлади! Қўшнилар ва синфдошлар бундай чекка жойлар учун “зўри” деб ҳисобланган мана шунақа машинада Россиядан қайтганини кўриб, ҳасаддан куйиб ўлишади! Айниқса хотини ва қайнатаси роса ҳайратда қолишарди. Қайната Дилёрга, иккита оилани — ўзимники билан қизимнинг оиласини боқишга тўғри келмоқда, куёв эса бармоғини ҳам қимирлатмайди деган пичингни қилиб, унга: “Сен шу фақат чойхонани биласан, сенга кун бўйи қарта ўйнаш бўлса-ю тинмай ароқ ичиш бўлса. Уйингга охирги марта қачон нон келтирувдинг? Пулни-ку гапирмаса ҳам бўлади!”, деб айтганди.
— Ҳа, шу чолни бир бурнини ерга ишқамасамми, — эшитила-эшитилмас қилиб деди Иброҳимов, ва гапни узоқроқдан олиб, Россиядан ўша адабиётни қандай қилиб олиб келтириш ва бу иш учун қанча ҳақ олиш мумкинлиги ҳақида суриштира кетди.
Шундай бўлса-да, эртасига йигит қайнатаси олдинга боришга мажбур бўлди. Иккита нон сотиб олди-да, ўзини худди хотини ва болаларини кўриб кетгани келгандек тутиб, ҳовлига кирди. Болалари унинг охирги ичкиликбозлиги ва чиқарган жанжали оқибатида яна бобоси ва бувиси билан бирга яшаб туришганди. Қишлоқда ўз ҳурматига эга бўлган дурадгор қайната кейинги сўрини ясаб битираётган экан. Куёвини ҳушёр ҳолда юрганидан ажабланиб, Бўрибой тоға уни ўзи ясаган буюм устига таклиф этди. Янгигина ишлов берилган сўридан бутун ҳовли бўйлаб тоза йўнилган ёғочнинг ёқимли ҳиди таралар эди. Салом-аликдан сўнг қайната:
— Ўғлим, ишга жойлашдингми ё бирор хабар борми? — деб сўради.
— Ҳа, дада, Россияга ишга чақиришяпти. Дўстим Москвада яхшигина жойлашиб олипти, энди эса мени чақиряпти, яхши пул тушаркан, турар жой масаласида ҳам муаммо бўлмайди деди, — тилёғламалик билан жавоб берди Дилёр, лекин шунда ҳам ҳамсуҳбати кўзларига тик қарашга ботинолмади.
— Бу жуда яхши иш бўпти, ўғлим, хурсанд бўлдим! Албатта, боргин, тезроқ ҳаракатингни қил, тағин бирортасига сенинг жойинги бериб қўйишмасин.
— Рахмат дада, хурсанд бўлишингизни билгандим. Зухрага жуда ҳам ёрдам бергим келиб турибди, болаларни оёққа қўйишга... Боз устига Камола ҳам сентабрда мактабга боради — кийим-кечак харид қилиш керак, янги харажатлар чиқиб қолади...
— Албатта, ўғлим, — деди суҳбат давомида биринчи марта юзида табассум пайдо бўлган Бўрибой тоға, — Яхшиям ақлингни йиғиб олибсан, хурсандман, ахир Зухра ҳам азоб чекмоқда, унга орқасида тоғ бўладиган эр керак, суянчиқ бўла олса, ҳимоя қилса... Бизнинг давримизда пулдан кўра афзалроқ ҳимояни тополмайсан, ўғлим.   
— Ҳа, дада. Ману шунинг учун ҳам шу ҳафтанинг ўзидаёқ Москвага учмоқчиман.
— Албатта, ўғлим. Сафарингни Ўзи хайрли қилсин.
“Ўзини тушунмаганга солмоқда шекилли, — дея ғазаблана бошлади Дилёр, — менга сендан бу қурруқ гаплар эмас, фақат чиптага пул керак, қариган калла!” — деди ичида йигит, ўзи эса ширин жилмайиш билан тантиқлик қила кетди:
— Дада, сиздан жуда миннатдорман, кўп ҳимматлар кўрсатдингиз менга, сиздан анчагина пул ҳам қарз бўлиб қолдим. Аммо эртанги рейснинг ўзидаёқ учиб кетишим учун сиздан яна 500 доллар сўрамоқчи эдим. Ҳеч ҳам хавотир олманг! Болаларимнинг соғлиғи билан қасам ичаман, шу ойнинг охирида пулларни жўнатиб юбораман...
Бўрибой тоға хўрсиниб қўйди. “Ҳеч қачон қайтариб бермайди у”, — деган хаёл ўтди унинг миясида.
— Дилёр, ўғлим! Мен ҳалол меҳнат билан тирикчилик қиламан. Мана қирқ йилдирки нонимни ўз қўлларим билан топаман, ва бирор марта ҳам қарз олмаганман. Ҳа, мен ҳашаматли ҳаёт кечирмайман ва машинам ҳам йўқ, лекин биламан-ки, виждоним пок! Мен барчанинг кўзига тик боқаман, шунинг учун ҳам мени қишлоқда ҳурмат қилишади.
— Йўғ-э, дада, бутун Марҳаматда...,— дея гап қўшмоқчи бўлди куёв, лекин уста ишора билан уни тўхтатди.
— Мен сенга Москвагача чипта олиб беришга қурбим етади, у ёғига ўзинг ҳаракатингни қил. Менда бошқа пул йўқ.
— Шунисига ҳам раҳмат, дада, сиз йўл кира пулини беринг, мен ўзим чиптахонага бориб келаман, — ширин жилмайиб деди Дилёр.
— Биз бирга борамиз, бўлмаса ўтган сафардагига ўхшаб менинг пешана терим тўкиб топган пулларимга ичкилик олиб ичасан. Ўшандаям ўз хўжалик ишингни очарсан деб, қўй сотиб олиш учун пул бергандим.
Москвага учиб келиб, йигит ўша ўтиришдан кейин бирдан ғойиб бўлиб қолган Искандарнинг айтган кишиси билан учрашди. Ўзини Отабек деб таништирган, хомсемизлигидан этлари ёнига осилиб тушган бу киши Дилёрни шаҳар чеккасидаги овлоқ бир уйга олиб борди ва ўша ерда унга Нокиа Х-2 русумли қўл телефонини тақдим қилди. Унинг айтишича телефоннинг флэш-хотирасида 41 та “ҳадис”нинг овозли нусхаси бор экан. Отабек тушлик пайтида Дилёр пулни унинг ўзидан иккинчи марта учиб келганида олишини, ҳозир эса, эҳтиёт шарт учун унга чиптани қайтиб келиш учун ҳам олиб беришини айтди.    
— Уч кун уйингда бўласан, ва тез орқага қайтиб учасан, ўшанда мен ҳам сенинг “қулоқ” эмаслигингга, “сотиб” қўймаслигингга  ишонаман ва сенга Искандар билан келишилган маблағни бераман, — деди Отабек, чиптахонада навбат кутиб.
— Менга бугунгига Андижонга, — деди у чиптачига соф рус тилида.  
— Афсуски бугун Ўзбекистонга бўладиган парвозлардан фақат Бухорога ва Фарғонага чипталар қолган, — мулойимгина қилиб жавоб айтди чиптафуруш аёл.
— Ундай бўлса — Фарғона. Ҳа, яхши қиз, илтимос, орқага қайтиш чиптаси билан бўлсин.
Бир неча соатдан сўнг бундай тезкорликдан ҳайратда қолган Дилёр, ўз учоқини кутишдан зерикиб, кечки Москва осмонига қараб, унинг Андижондаги кўринишидан фарқларини қидиришга уринаркан, кўзи Отабекка тушди. Янги таниш унинг ёнига келди ва каттагина “Кеттлер СПОРТ” ёзувли сумкани топшира туриб, барча китоблар шу сумкадалигини уқтирди:
— Фарғона аэропорти олдида эрталаб соат 6 гача кутасан, сенинг олдинга бизнинг андижонлик ошнамиз келади, ўшанинг ўзи сени уйинггача обориб қўйади ва бу сумкани ҳам олиб қолади. Ҳаммасини тушундингми? Қара, панд бериб қўйма! 
Отабек кўздан ғойиб бўлди. Дилёр сумкани очиб, у ерда устида энди таниш бўлган “Иегов гувоҳлари нашриёти” ёзуви бор қизил жилдли китобларни кўрди. Мундарижадан ҳам ҳануз ҳеч нарсани тушунмаган йигит Искандарнинг сўзларини эслади: “Ичида нима ёзилгани билан нима ишим бор, асосийси — бу учун яхшигина пул тўлашади!” Лекин унинг кумушранг “Ласетти” ва мўмай даромад ҳақидаги орзулари Фарғона аэропортидаги кўрик пайтида йўққа чиқди...
Яқиндагина шу ернинг ўзида қўлга тушган 48 яшарли боғдодлик Мансуржон Болтабоев ҳам худди шундай адабиётни олиб келаётган эди. Ушбу шахслар, “осон нон” топаман деб, ўзлари билан бирга қандай ёвузлик келтираётганларини, бу ишнинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ахир ўзларининг болалари ҳам шундай оқимларга кириб қолиши, ҳеч қандай ёвузликдан тап тортмайдиган, ҳатто қўпорувчилик ва қотилликдан қайтмайдиган ақл-фаросати чегараланиб қолган шахсларган айланиб қолиши мумкин-ку! Текин даромад ва енгил пул кетидан қувувчи, ҳалол меҳнатни хоҳламайдиган бундай инсонлар бу ҳақда билмайдилар ва билишни ҳам истамайдилар. Шундоқ экан, уларнинг фаолиятини кескин чоралар билан нақ таг-томиридан узиб тўхтатиш лозим.

Фарғона вилояти Божхона бошқармасининг матбуот хизмати маълумотлари асосида Владимир Ахунов тайёрлади, “Новости Узбекистана” газетаси
Абу Шокир таржимаси

 

 

 

back to top