Бурқами ёки бикини? Америкада аёллик қадриятларининг таназзули

Бурқами ёки бикини? Америкада аёллик қадриятларининг таназзули

Хонамда бир мусулмон аёлнинг Бурқа ўраб турган суратини илиб қўйганман. Унинг ёнида эса америкалик қизнинг гўзаллик беллашувида БИКИНИ (яъни русчасига «купальник») кийиб тушган сурати туради.

Биттасида аёл бошқалардан буткул яширинган; бошқаси эса бутунлай очиқ-сочиқ ҳолда. Бу икки қарама-қаршилик «цивилизациялар уруши» деб юритиладиган иборага яққол мисол бўла олади менинг назаримда.

Аёлнинг жамиятда тутган ўрни ҳар бир маданиятни белгилаб берадиган асосий омилдир. Яқин Шарқда бошланаётган уруш нафақат арабларнинг нефтини ўғирлаш учун, балки уларни динидан ва маданиятидан ҳам маҳрум қилиш учун олиб борилмоқда, деб кўп ёзилди. Менимча энг ёмони - улардаги БУРҚА ўрнига БИКИНИ тиқиштирила бошлангани.

Мен мусулмон аёлларининг ҳолати бўйича мутахассис эмасман ва мен аёлларнинг латофатига ҳурматим баланд бўлганидан ҳамма мамлакатларда БУРҚА кийилишини тарғиб ҳам қилмоқчи эмасман. Бироқ мен БУРҚА мужассам этган қадриятларни ҳимоя қилмоқчиман, холос.

Мен учун БУРҚА аёлнинг эрига ва оиласига ўзини тўла бағишлаганини намоён этади. Фақат уларгина ўша аёлни кўриши мумкин, бошқалар учун у беркитилган, бошқалардан ҳимоя қилинган.

БУРҚА оила муҳитининг безовта этилиши мумкин эмаслигини, фақатгина маълум кишилар учунгина очиқлигини ва муҳимлигини таъкидлайди гўё.

Мусулмон аёлнинг асосий эътибори ўз уйига, яъни фарзандлари туғилган ва ўстириладиган «ин»га қаратилган. У оила бекаси, оиланинг руҳий дунёсини суғориб турувчи асосий илдиздир. У болаларининг тарбияси ва таълими билан шуғулланишдан ташқари ўз эри учун роҳат ва мадад манбаи ҳамдир.

Бунга тамоман тескари ҳолда, БИКИНИ кийиб олган америкалик гўзал малика эса ўзини миллионлаб телетомошабинлар олдида кўз-кўз қилмоқда. У феминист, шунинг учун ўзига ўзи ҳокимлик қилади. Лекин, аслида, кулгилиси, у оммавий бир буюм кабидир. Унга ҳеч ким ва ҳар ким эгалик қилади. У ўз баданини энг катта пул тўлаган одамга сотади. У тинмасдан ўзини бозорга солади.

Америкада аёлнинг маданий ўлчови унинг ташқи кўринишига айланиб улгурди. Аёлнинг бу сифати тез фурсатда йўқолиб борар экан, у бечоранинг жинни бўлгудай ўз афти ва вазни ҳақида қайғуриш билан овора бўлиб қолиши ҳам шунинг исботи.

Ўсмирлик пайтида унинг вазифаси Бритни Спирс каби оммавий жойларда ечинишдир. У Бритнидан агар жинсий хоҳишларни қондирсагина севилишга лойиқ бўлишини ўрганади. Бунинг натижасида у чин севги ва гўзал хулқ излаш ўрнига, бошқаларни «илаштириш» ҳаракатида бўлади. Шу аснода куёв боладан аввал ўнлаб йигитлар у билан яқиндан танишади. У жозибадорлигининг асосий қисмини ташкил этувчи ибосини йўқотади. У совуққон ва тулкисифат бўлиб ўсади. Севишни уддалай олмаслиги туфайли келажакда ўз эрига оталик бахтини беришга ҳам тайёр бўлмайди.

Аёллик она ва бола ўртасидаги нозик ришталарга асослангандир. У тарбия ва ўзини қурбон қилишга тайёр бўлиш билан кучаяди. Эркаклик эса овчи ва ўлжа ўртасидаги муомалага асосланган. Унинг таянчи қувват ва ақлдир.

Феминизм таълимотига кўра, аёлларга хос яшаш аёлларни «зулм» кўришига олиб келган, феминизм аёлларни эркакча хулққа ўтишга чақиради. Натижа: адашган ва агрессив (ғазабланган) аёл, бир елкасида улкан хода. У на хотин ва на она бўлишга қодир.

Бу албатта, «Янги дунёвий тартиб» ўрнатишга киришган ижтимоий муҳандисларнинг асл мақсадидир: жинсий шахсиятларни барбод етиш ва оилани парчалаш, ижтимоий ва шахсий таназзулни келтириб чиқариш ва аҳолини камайтириш. Янги «дадил янги дунё»да аёллар уй соҳибаси ёки наслнинг давомчиси бўлишлари кўзда тутилмайди. Улар севги ва насл қолдириш учун эмас, балки кўнгил очиш учун жинсий алоқа қилишга ўргатилган совуққон ўзбошимча махлуқларга айлантирилади.

Яқинда ўтказилган оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда Роналд Рамсфельд (Американинг собиқ Қуролли Кучлар Вазири) эронлик аёллар ва ёшлар муллалар ҳокимлиги остида сиқилиб кетганини айтди. У яқин орада Америка уларни озод қилишини тиқиштириб ўтди. Уларни ҳам Бритни Спирсларга айлантириш учунми? Ёки уларни ҳам бели кўриниб турадиган таранг жинси шимлар кийишга ўргатиш учунми? Америкаликларга ўхшаб ҳамманинг кўзи олдида бир-бирларини силаб-сийпашлари учунми?

Ота-оналик инсоний тараққиётнинг энг олий нуқтасидир. Бу босқичда ўзимиз билан овора бўлишдан тўхтаб, худонинг ҳақиқий бандаларига айланамиз: янги ҳаётнинг яратилишида ва тарбияланишида иштирок эта бошлаймиз. «Янги дунёвий тартиб» бизнинг шу даражага етишимизни хоҳламайди. Порнография никоҳнинг ўрнини босиш учун тақдим этилади. Уларнинг наздида биз ўсишдан тўхтаб, умрбод бўйдоқ яшаб, шаҳватларга ғарқ бўлиб ва фақат ўз роҳатимизни кўзлаб яшаб ўтишга маҳкуммиз.

Йўқ, биз умрбод мустақил яшашга эмас, балки ёлғизликка, асирликка маҳкуммиз, ўзлигимизни ифода этиш учун қандайдир буюмларга, ялтироқ нарсаларга муҳтож ўтишимиз ва ўлгунча кимларгадир «илашиб» ва кимларнидир «илаштириб» яшашимиз кўзда тутилади.

Бу нарсалар, айниқса аёлларни парчалаб ташлайди. Унинг гўзаллиги ёшлигига ва жинсий сифатларига, қадди-қоматига боғлаб қўйилгандан кейин, аёлнинг ёши улғайган сари жозибаси камайиб боради. Агар аёл ўзининг энг жўшқин даврини «мустақил» бўлишга бағишлар экан, ўзи учун муносиб умрбод турмуш ўртоғи топишининг эҳтимоли жуда кам қолади.

Ҳаётда аёл ўз ўрнини топишининг ва бахтга эришишининг калити никоҳ ва оиланинг ўзи учун бирламчи мақсад қилишидадир.

Феминизм «Янги дунёвий тартиб» тарафдорлари тузиб чиққан бўҳтон бўлиб, у америкалик аёлларни таназзулга учратди ва Ғарб цивилизациясини барбод қилиб ташлади. У миллионлаб инсонлар ҳаётини остин-устун қилиб, исломга қарши даҳшатли хавфни ўзида мужассам этади.

Мен БУРҚАни ташвиқ қилмоқчи эмасман, балки БУРҚАда мужассам бўлган баъзи қадриятларни, хусусан аёлнинг ўз-ўзини бўлажак эрига ва оиласига бағишлашини, ҳаё ва номусини сақлашлигини тўғри деб биламан.

БУРҚА ва БИКИНИ иккита дунёқарашни ўзида акс эттиради. Энг тўғри жавобни эса шуларнинг ўртасидан излаш керак.

Профессор Ҳенри Макоу (Professor Henry Makow)

Ҳенри Макоу «Учрашувгача ҳали анча бор» (A Long Way to go for a Date) номли китоб муаллифидир. У Канаданинг Торонто Университетида инглиз адабиёти бўйича профессорлик унвонини олган. Унга қуйидаги электрон манзил бўйича хат ёзишингиз мумкин: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.

Инглизчадан М. Раҳимов таржимаси

back to top