Ватан, миллат ва дин
- Written by Administrator
Бир донишманд айтган экан: «Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир...» Ватан боғини юрак қони ила суғормаклик мажозий маънода айтилган. Ўзини Ватан фарзанди деб ҳисобловчи одам бутун тану жони билан бу боғни яшнатиш учун хизмат қилиши керак, дейилмоқчи. Баҳорий озодликка аямажуз хуруж қилгудай бўлса, том маънодаги юрак қонини тўкмаклик билан ҳам ҳимоя этмоқ зарурати туғилади. Табиат баҳорининг қонунияти барча жойда бир бўлгани каби, Ватан боғини эҳтиётлаш, яшнатиш мажбурияти ҳам барча мамлакатларга хосдир. Яъниким, немислар Олмон диёрини, можорлар Можористонни, инглизлар Англияни қандай авайласалар, биз — ўзбеклар Ўзбекистонимизни ўшалар каби, балки уларданда юксакроқ мартабада севмоқлигимиз фарздир. Биз бугун тараққиёт бобида айрим мамлакатлардан ортда эканимиз айб эмас, бу ўтмиш жамиятнинг қолоқлиги таъсиридандир. Аммо Ватанга бўлган муҳаббат бобида ортда қолмоқлигимиз мутлақо мумкин эмас.
«Ватан» атамасига улуғлар, донолар турли сифатлар беришган. Улардан аълороқ тарзда сифатламоқни даъво қилмаганимиз ҳолда онгимизнинг қулочи етар даражада фикр билдирмоққа ҳаракат қилиб кўрамиз. «Ватан — одамнинг киндик қони тўкилган ердир», деган таърифга эътироз билдирмасак- да, айтмоқчимизки, бу шартли бир тушунчадир. Агар туғилган жой тўла маънода Ватан бўлганида эди, биз томонларда туғилиб ўсган немислар, юнонлар, яҳудийлар, Қрим татарлари ва яна бошқа миллатларнинг вакиллари ота- боболари юртига кўчишмас эди. Хорижда туғилган ўзбеклар эса «Ватан!» дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Демак, Ватан энг аввало ота-боболарнинг покиза хоклари ила шарафланган жойдир. «Ватан остонадан бошланади», деган таърифга ҳам бир оз таҳрир киритмоққа эҳтиёж сезамиз: Ватан ҳар бир кишининг ўз қалбидан, виждонидан бошланади. Яъни, ҳар кишининг қалбида Ватаннинг жажжи қиёфаси яшайди. Ватан — биз нафас олаётган ҳаводир. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтихор ва шарафдир. Ватанга муҳаббатни жамлай олган юрак фақат Одам боласига хосдир. Тангри таоло дебдики: «Мен Одам болаларини азиз ва мукаррам қилиб яратдим». Бу азиз ва мукаррамликни «Ватанни севмак, Ватанни қадрламак ва равнақи ҳамда шону шарафи учун хизмат этмак», деган фазилатларда кўрамиз.
Юрак, ўпка, жигар... барча жонзотларда мавжуд. Ҳатто кўзларимизга аранг илинадиган чумоли, чивин-да ҳам юрак бордир. Барча жонзотлар ҳам Яратганга тасбеҳ айтадилар, аммо ота ва онага муҳаббатлари чеклангандир — вақти келиб, ота-оналарини унутадилар. Ватан муҳаббати ҳам чеклангандир, туйғу эмас, илмда «шартли рефлекс» деб аталувчи одатдир. Жонзотлардаги «Ватан» тушунчаси ўз уяларини ҳимоя қилиш билангина чекланади. Даф қилаётган кучдан ожиз бўлсалар, бошқа уяга кўчиб яшайверадилар.
Ота- онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фа-қатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмасликни Тангри неъматларига ношукурлик, беписандлик, деб баҳоламоқ ҳам мумкин.
Ватан равнақи — қудратли иқтисодий кучга айланишдир. Айни чоқда инсоннинг руҳият, маънавият жиҳатдан қудратли қалъага айланмоғидир. Ватан юксалишини ўйламак — бир пайтлар қўлдан кетган ҳуррият ва номусни ўз ўрнига келтиришга ҳаракат этмоқликдир. Энди ўйлаб кўрайлик: ҳуррият ва номусни нима йўқотади? Ноаҳиллик. Энди уни нима ўз ўрнига тиклай олади? Аҳиллик, якдиллик! Боболаримизнинг шарафли кунларини, одилона даврларини нима тирилтиради? Иттифоқлик!
Бу иттифоқликнинг бир кушандаси бор. Уни « маҳаллийчилик» дейдилар. Маҳаллийчилик миллат равнақини бўғиб турувчи бўғма илондир. Ўз ҳамшаҳри ёки ҳамқишлоғини бошқалардан аъло кўриб, атрофига тўпловчи инсонни нодонликда айбласак ярашади. Олдинги суҳбатларимизда «Ўтган кунлар»даги Юсуфбек ҳожининг Қипчоқ қирғини ҳақидаги гапларини яна бир эслайлик...
Бир гуруҳ одам қасида айтмоқ билан овора бўлса, яна бир гуруҳ «қани, нима бўларкин?» деб пайт пойласа-ю бошқалар эса зўр бериб ишлагани билан тараққиётга яқин йўланмайди. Бу ҳол машҳур масалдаги аравани уч ёнга тортаётган нодон жониворларни эслатади. Тараққий топмоқликнинг шарти — бир тан, бир жон бўлиб ишламоқлик.
Ровийлар дерларки, подшоҳ оқ мармардан ажиб ҳовуз бунёд этибди-ю «Аҳли фуқаронинг ҳар бири эрта тонгда бир косадан сут келтириб ҳовузга тўксин» деб амр қилибди. Фармонни эшитган бир киши «шунча минг одам орасида битта мен сут ўрнига сув олиб бориб тўксам, ким билиб ўтирибди», деган қарорда сув кўтариб борибди-ю ҳайратга тушибди: ажабки, шаҳардаги бошқа одамлар ҳам айнан шу фикр, шу аҳд билан сув келтирган эканлар.
Ривоятдан ибрат шуки, Ватан билан ўзни бир бутунликда деб ҳис этган, виждони покиза одамда Ватан фойдаси, тараққиёти учун меҳнат қилиш иштиёқидан бошқа нарса бўлмаслиги керак. «Йилларнинг йиғини умр саналмас, Ватанга наф теккан кунинг умрдир», деган мақол бекорга айтилмаган. Донолар Ватан юксалиши йўлидаги хизмати билан шуҳрат топишини «иккинчи умр», деганлар. Киши ўзини Ватанга қанчалар яқин ҳис этса, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севиброқ тасаввур қилади.
Ватан тараққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Фарзандларимизнинг мактабда битта ҳарф ўрганишлари ҳам, янги иморатга қўйилган битта ғишт ҳам, илмдаги оламшумул кашфиёт ҳам ана шу ташаббуснинг меваларидир. Эрталаб Ватандан бир нима олиб, шомда ўша битта миқдорда қайтарсак — ютқизамиз, бунда тараққиёт бўлмайди, аксинча, тушкунликка юз тутилади. Демак, олган нарсамизни бир- икки эмас, ўн, балки унданда кўп ҳисса қилиб қайтаришга интилмоғимиз шарт экан. Биз Ватандан ниманидир талаб қиламиз, оламиз ҳам. Аммо буни юз ҳисса, балки унданда кўп қилиб қайтармоқликни ўйламас эканмиз, бу бизнинг ақлимиз заифлигига, диёнатимиз ожизлигига далолат бўлади. Ватандан олганимиз — қарздир, қарзни эса қайтармоқлик фарздир.
Мамлакат тараққий йўлини белгиловчи омиллар кўп. Шулардан бири ва энг муҳими — Ватан мустақиллигига, Худога шукр, этамиз. Аҳамияти ва эътибори жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи омил — аҳиллик ва иттифоқликни зикр этдик. Учинчиси — маориф, илм олмоқликдир. Маърифатпарвар устоз Исмоил Ғаспирали: «Ватанни севмоқ, менингча, унинг маорифи учун қайғурмоқ, унга ёрдам этмоқдир», деган эканлар. Жадидлар фақат Ватан равнақинигина эмас, балки ўша дамдаги энг муҳим вазифа — истиқлолга эришмоқлик йўлини ҳам айнан шу маорифда кўрганлар. Илмсиз, жаҳолат ботқоғидаги миллатни озодлик курашига жалб этиб бўлмаслигини англаганлар. Донишмандлар айтишган эканки: «Ўқишдан тўхта



