“Исломий Уйғониш”. Адам МЕЦ
- Written by Administrator
Швейцариялик олим Адам Мецнинг (1869—1917 йиллар) “Исломий Уйғониш" асари ҳижрий III-IV (милодий IХ-Х) асрларда Араб халифотининг тарихи ва маданиятига бағишланган. Муаллиф мазкур даврга оид юзлаб манбапарни ўрганиб чикиб, улардан ўша замонларни тарихий-маданий жиҳатдан таърифлаш имконини берувчи жаъмики маълумотларни ажратиб-саралаб олган ва шу тариқа ушбу асрларда Араблар салтанатининг маънавий-маърифий тараққиётини минглаб далиллар воситасида намоён этадиган шундай бир мажмуа яратганки, ундан кейин ижод қилган барча шарқшунос олимлар унда келтирилган тарихий далиллардан бирон-бир даражада фойдаланишган.
Чиндан ҳам Адам Мец китобидан Араб халифотида яшаган халқларнинг фани ва маданияти гуллаб-яшнаган мазкур асрларда шу империяни бошқариш, унинг молия сиёсати, солиқлар тизими, маънавий маданияти, турмуш тарзи, адабиёт ва саньати, дин-диёнати, таьлим-тарбия, хўжалик, савдо-сотиқ, ўзаро алоқа соҳалари, шаҳарлар ҳаёти, байрамлари ҳамда маросимларига тааллукди қизиқарли ахборот олиш мумкин. Асарда араб халифалари, уларнинг вазирлари, вилоят ҳокимлари, маъмурлари, диний арбоблар, муҳаддислар, олимлар, мударрислар, шоир ва адиблар, қозилар ва фақиҳлар, сўфийлар ва шайхлар, суннийлар ва шиалар, насронийлар ва мусовийлар, зардуштийлар ва буддойилар, хунармандлар ва савдогарлар... тўғрисида турфа маълумотлар келтирилган.
Жумладан, китобда мамлакатимиз ҳудуди орқали ўтган Буюк ипак йўли, унинг ёқасида жойлашган Бухоро, Самарканд, Тошкент, Фарғона, Хоразм каби шаҳарлар ҳақида айрим тарихий далиллар ўрин олган. Улуғ ватандошларимиз ва улар ижодий маҳсули бўлмиш машҳур асарлар, Абу Бакр Хоразмнинг “Расоъил", Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон ул-орифин”, “Қудрат ул-уйун”, Саолибийнинг “Йатимат ат-даҳр”, “Латоиф ал-маориф”, ал- Жавҳарийнинг "Китоб тадис ал-луға ва саҳҳоҳ ал-арабиййа”, Бухорийнинг “Ас-Саҳиҳ", Берунийнинг “Ҳиндистон", “Китоб ал- жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир”, “Ал-осор ул-бокия” кабилардан мисоллар олинган.
Адам Мецнинг “Исломий Уйғониш" асари 1922 йилда чоп этилгач, тезда машҳур бўлиб кетди, жиддий мунозараларга сабаб бўлди, йирик шарқшунос олимлар у ҳакда ўз фикрларини баён этишди, кўпчилиги китобга умуман ижобий баҳо беришди. Улар орасида И.Крачковский, В.Бартельд, К.Беккер, Р.Хартман, китоб ношири Рекандорф каби атоқли олимларни учратамиз. Асар 1927 йилда — инглиз, 1935 йилда — испан, 1941 йилда —турк, 1940-41 йилда — араб тилига таржима этилиб, нашр қилинди. Д.Е.Бетельс амалга оширган русча таржима 1973 йилда нашр этилди. Қуйида диққатларингизга ҳавола қилинаётган парча китобнинг “Олимлар" деб аталган бобининг бир оз қисқартирилган таржимасидир.
ОЛИМЛАР
Ҳижрий III (милодий IX асрда нафис тарбия кўрган кишиларни (“адиб”ларни) тарбиялаш савияси юксалиб, улар адибга, яъни оламшумул воқеа-ҳодисалар ҳақида фикр юрита оладиган — бизнинг кунлардаги журналистларга деярли ўхшайдиган шахсларга айланди. Натижада олимлар фақат бирон-бир соҳага ихтисослашган билим доираси билан янада чекланиб қолдилар: “Кимда-ким олим бўлишни истаса, у билимларнинг айрим соҳаларини (“фан”ларни) ўрганиши, кимки адиб бўлишни истаса, илмлар ҳақида фикр юрита билиши керак". (Ибн Кутайба. “Уйун ал-ахбор", 228-бет). Эски бадиий адабиётдан ("адаб"дан) дунёвий фанларнинг бутун бир туркуми ажралиб чиқди. Ўша пайтгача илоҳиёт ва фалсафа ўз илмий усули ва услубига эга эди. Энди эса филология ҳам, тарих ҳам, география ҳам ўз усули ва услубига эга бўлди. Оқибатда олимлар китобхонни кўпроқ қизиқтиришни, иложи борича кўпроқ ва хилма-хил маълумотларни умумлаштиришни ўйламай қўйишди. Маълум бир соҳага ихтисослашиб, тўплаган билимларини бир тизимга солиб, улар ҳақида хулоса чиқарадиган бўлиб қолишди.
Китобларнинг муқаддималари ҳам жуда мухтасар бўлиб қолди. 377/897 йилларда яратилган "Фиҳрист”га ёзилган сўзбоши яққол мисол бўла олади: “Ё. Оллоҳ! Мендан марҳаматингни аямагил ва ўзинг мадад бергил. Руҳлар асослар-у шартларга эмас, балки хулосаларга муҳтождур. Руҳлар мақсад сари интиладур ва уларга узундан-узоқ бирламчи изоҳларнинг ҳожати ҳам йўқ. Шу боис мазкур муқаддимада юқоридаги сўзлар билангина чекланурмиз, бинобарин китобнинг ўзи уни нима мақсадни кўзлаб ёзганлигимизни намоён этгусидур, иншооллоҳ! Биз эса Оллоҳдан мадад ва марҳамат тилаб қолурмиз!”
Қонуншунослик илоҳиёт илмидан ажралиб чиқди ва шу туфайли яна талай ўзгаришлар содир бўлди. Олимлар ўзаро адоватчи икки гуруҳга ҳуқуқшунослар (“фуқаҳо”) ҳамда асл олимларга (“уламо”) бўлинди. Биринчи гуруҳ атрофига бир бурда нон топиш умидида юрган жуда кўплаб толиблар тўпланди, чунки фиқҳ ва диний маросимлардан сабоқ берувчи муаллифлар ёрдами билангина қозилик ёхуд воизлик лавозимини эгаллаш мумкин эди.
Ал-Жаҳиз китобидан олинган машҳур бир парчада ушбу сўзларни ўқиймиз: “Тажрибада кўрилганидек, ҳадисларни эллик йил ўрганган, Қуръонни тафсир қилиш билан шуғулланган киши ҳар ҳолда фақиҳлар сафига кўшила олмайди, қозилик мансабига ҳам эриша олмайди. Бунга у Абу Ҳанифа ва шунга ўхшаш муаллифларнинг асарларини мутолаа қилган, маҳкамада амалда қўлланиладиган таърифларни ёддан билган ҳолдагина эришиши мумкин. Бу ишни у бир-икки йил ичида эплаштира оладиган бўлади ва бир оз вақтдан сўнг уни шаҳар ёки ҳатто бутун бир вилоят қозиси этиб



