Ғафлат уйқуси

Ғафлат уйқуси

Бу ғафлат уйкусидан, эй ёронлар, уйғониб бўлмас.
Бобораҳим Машраб

Илк асарларимни машқ қилиб юрган кезларимда келажакдаги, яъни юз, икки юз йил кейинги ўзбеклар туриш-турмуши ҳақида мунозарали фикрларга банди бўлар эдим. Узоқ сайёраларга учувчи фазо кемаларининг байналминал аъзолари орасида ўзбекни ҳам кўришни умид қилардим. Бугунги аниқ фан асосларига минг йиллар бурун пойдевор қўйган ўзбек наҳот келажакда олис юлдузларга парвоз этувчи фазо кемадарини бошқара олмаса?!

Масковдаги бир баҳс ёдимдан чиқмайди. Ҳамкасб дўстим, руснинг инсофли, билимли ёзувчиси бўлган йигит билан суҳбатимиз мозий хусусида кечган эди. «Сизнинг (яъни, биз, ўзбекларнинг — Т.М.) ўтмишда буюкларингиз кўп эди. Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ал-фарғоний, Ал-Сино, Ал-Форобий, Улуғбек, Али Қуш-чи... Дунё тараққиётини бу зотлар заковатисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Аммо Улуғбекнинг ўлимидан сўнг сиз уйқуга берилдингиз, ҳануз уйғонганингиз йўқ...»
Бошқа миллат вакилидан бундай танбеҳ эшитгандан кўра, ер ёрилса-ю, ерга кириб кета қолсам! Аммо начора, у ҳақ гапни айтди. Тўғри, буюк зотлар ҳар йили туғилавермайди. Худо қайси халқни алқаса, унга аллома фарзандлар беради. Бироқ, Худодан яхшилик тиловчилар фақат дуо билан кифояланмай, ҳаракат ҳам қилишлари керак-да! Биз ғафлат уйқусига берилиб Худо берган неча-неча аллома даҳоларини менсимай, тириклайин кўмган бўлсак-чи?!
Даставвал ўтмишга қора лой чапладик. Феодал тузумининг ичак-чавоғини ағдариб ташладик. Энди «етмиш йил»ни қорага бўяш билан оворамиз. Ўтган кунларни қарғаш билан ёруғликка чиқиш мумкинми? Балки, уйқудан уйғонишнинг тўғрироқ бошқа йўли бордир? Ўтмишни қоралаш — уйқусирашдан, алжирашдан бошқа нарса эмас. Ёруғликка етиш учун ўриндан туриш керак, бет-қўлни ювиб, покизаланиб, сўнг остона ҳатлаб кўчага чиқиш керак. Чиққанда ҳам «кечаги кунимга минг лаънат» демай, «бугунги куним нурли, барокатли бўлсин» деган яхши ният, яхши ихлос билан қадам босилади. Менингча, ўтмишни қуруқ қарғаш ўрнига чуқур таҳлил қилмоқ лозим. Фақат ёмон ёки фақат яхши ўтмиш бўлмайди. Яхшими, ёмонми — кечаги кун бизники. Эрта ҳам бизники. Эртага яхши-роқ яшаш учун кечаги кундан сабоқ олиш зарурроқ эмасми?
Бугунги Ўзбекистонимиз мустақиллиги ҳақида сўз юритяпмиз. Сиёсий мустақиллик, иқтисодий мустақиллик деймиз. Бу — халқ дилидаги умидлар. Аммо, назаримда, бу муҳим масалага андак юзакироқ қараяпмиз. Қонун қабул қилган билан, депутатлар минбарда кўкракка уриб нутқ ирод этганлари билан, борингки, хориж кўмак бергани билан бу мустақилликка эришиб бўлмайди, халққа фаровонлик бериш ҳам қуруқ гапга айланади. Хорижликлар ажойиб корхоналар қуриб, хомашё ўзимизда қайта ишланса ҳам мустақиллик йўли тўла очилмайди. Таъбир жоиз бўлса, мустақиллик — бир муаззам бино. Унинг пойдевори — иқтисодий мустақиллик, деворлари — сиёсий, томи эса маънавий мустақиллик. Том мустаҳкам бўлмаса чакка ўтади, деворлар нурайди, пойдевор зах тортиб, иморат енгил зилзилага ҳам дош беролмай қолади.
Шу муаззам иморат пойдеворига ҳозир тош қўйилмоқчи. Мустақиллик саройини биз эмас, келажак авлод қуриб битиради. Неча йилда қуриб битиради, қай аҳволда қуради — чиройли, мустаҳкам бўладими бу бино ё деворлари қийшиқ, томлари тешикми — бу бизнинг бугун фарзандларимизга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Биз «болажон халқмиз», деб фахрланишни яхши кўрамиз. Серфарзандлик ҳали «болажон» деган гап эмас. Мен болажон деганда фарзандига беқиёс меҳр кўргазишни тушунаман. Ҳар бир инсон фарзандини суяди. Лекин яхши кўриш ҳам турлича. Фарзандини чинакамига суйган ота-она уни зарли либосларга ўрашни ўйламай, балки, ҳали покиза, булғанмаган болалик онгига дунёвий илмларни сингдиришни биринчи даражали вазифа деб билади. Энг сара либослар ҳам вақт ўтиб эскиради, титилади. Мияга жойланган илм эса умр бўйи асқотади, болани келажакда кимхоб чопонга ҳам ўрайди, олий мартабага ҳам эриштиради.
1945 йилда Япония урушда мағлуб бўлди. Икки шаҳари бутунлай вайрон этилди. Одатда мағлуб халқлар узоқ йиллар мобайнида қад кўтаролмайдилар. Япония урушда енгилди, бироқ қисқа муддатда қад ростлаб, ғолиб мамлакатларни иқтисодий, илмий кўтарилиш жиҳатидан сиқиб қўйди. Бу нима, Худонинг мўъжизасими? Ростми-ёлғонми, билмайман: урушдан кейин бир одам Японияга фақат бир кун раҳбар бўлган экан. Эрталаб сайланганида у мамлакатдаги барча бойларни тўплаб «Болаларни ўқитиш, яхши боқиш учун пул беринглар», дебди. Бойлар миллионлаб пул беришибди. Кечқурунги мажлисда у одам ишдан олинибди. Шунда бойлар «пулдан айрилдик», деб ташвишга тушганида собиқ раҳбар «Сизлар ачинмай туринглар, бугун яхши дарахт экдинглар, мевасини ўн йиллардан кейин териб ейсизлар», деган экан. Биз ҳавас қилаёттан Япония бу даражага айнан болаларга кўрсатган меҳри туфайли эришган, десам, янглишмайман. Биз япон магнитофонларига, автомобилларига ишқибозмиз. Японияга бориб келганлардан нарх-навони суриштирамиз, лекин «японлар болаларига қандай тарбия берар эканлар?» деб зинҳор сўрамаймиз. Янада аччиқ ҳақиқатни айтсам, у ёққа борган биродарларимиз бу масалага қизиқиб ҳам кўришмайди. Бу юртга бир неча йил муқаддам борган ёзувчи акаларимиз эса япон болаларининг «аччиқ қисматлари»дан ҳикоя қилдилар. Ажаб-ки, «болаларга шароит яратиб бермаган» Япония гул-лаб-яшнасаю «бахтли болалик учун партияга минг раҳмат!» деб қўшиқ куйловчи юрт тобора қашшоқлаш-са?! Бу тушунарсиз ва мантиқсиз бир ҳол эмасми?
Сиз мазкур мақолани ўқиганингиздан сўнг хоҳ мени қарғанг, хоҳ нафратланинг, аммо мен ўзим учун , ҳақиқат бўлиб туюлаётган гапни айтишга мажбурман: болаларимизга бўлган муносабатимиз яхши эмас. Биз бу муносабатни тубдан ўзгартирмас эканмиз, ҳеч қачон ёруғликка чиқолмаймиз. Катта мажлислардаги гаплар, қарорлар, декларациялар осмонда дириллаётган чиройли -варракдек кўзни қувонтиришдан бошқа нарсага ярамай қолади. Кичик давраларда шу фикрни айтсам, дўстларимдан бири «нимага ўзбекларни танқид қилавёрасиз, ўзбекмисиз ўзи?» деб танбеҳ берди. Шу пайтгача «ўзбекмиз!» деб фахрланиб, ўзимизни ўзимиз мақтаб келдик. Энди камчилигимизни ҳам бир-биримизга айтайлик, туза