|
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи рус тилида босмадан чиқди. Силсиланинг биринчи, «Муқаддима» деб номланган жузи «Шарқ» НМАК томонидан чоп этилди. Ушбу китоб муқаддас дийнимизни ўрганиш, унинг аҳкомларига амал қилиш, ҳадиси шарифлардан келиб чиқадиган ҳукмларни кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишни истаган русийзабон биродарларимиз учун мислсиз туҳфа бўлди, иншааллоҳ.
Маълумки, сўнгги йилларда бутун дунёда Исломга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Бу эса Қуръони карим маъноларини ва ҳадиси шарифларнинг шарҳларини хорижий тилларга таржима қилишни тақозо этмоқда. Айниқса, дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган инглиз, рус, хитой ва бошқа тилларга таржима қилинган дийний адабиётларга эҳтиёж жуда юқоридир.
Бугунги кунда уламоларимиз олдида дийнимизнинг асл қиёфасини, унинг мукаммал, сўнгги дийн эканлигини, Исломнинг поклик, тинчлик, бунёдкорлик, илм-маърифат ва тараққиёт дийни эканлигини дунё аҳлига етказиш, аксарият ғарб мамлакатларида Ислом ҳақида юзага келиб қолган салбий тасаввурларни бартараф қилиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва тафриқаларга барҳам бериш, мутаассиблик, бидъат-хурофотларни йўқотиш каби оғир ва шарафли вазифа турибди.
Шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласи ҳамда яна бир қатор мўътабар китоблар ана шундай эзгу ниятларда олиб борилаётган хайрли ишларнинг самараси ўлароқ она тилимизда ёзилиб, Сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга ҳавола этилди. Алҳамдулиллаҳ, бу асарлар нафақат ўзбек халқи, балки аксар туркийзабон мусулмон халқлар томонидан қизғин кутиб олинди, завқ билан ўқилди ва ўқилмоқда, ўзининг ижобий самараларни бермоқда.
Эндиликда Парвардигоримиз бу илм-маърифат чашмаларидан қардош халқларни, собиқ иттифоқ ҳудудида яшаган, рус тилини яхши биладиган мусулмон халқларни ва кўпмиллатли рус халқини ҳам баҳраманд қилиш имкониятини насиб қилди.
Иншааллоҳ, илмга чанқоқ мусулмон умматининг хайрли дуолари билан бу хайрли ишнинг давомли бўлишига умид қиламиз, кутилганидан ҳам зиёда самаралар беришини, Ўзининг ҳақ каломини, муқаддас дийнини умматга етказиш ишида камарбасталик қилаётган забардаст уламоларимиз қаторида фазилатли шайх ҳазратларини ҳам Ўз паноҳида сақлаб, умрларига, илмларига барака беришини, узоқ йиллар давомида Исломга хизмат қилишларини насиб қилишни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраб қоламиз.
Маълумот учун телефон:
(+99871) 216-29-27
Copyright 2007. All Rights Reserved. |