|
Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёнинг яқин тарихий, маданий ва иқтисодий ришталар билан узвий боғланган икки қардош мамлакатидир. Шу сабабли, уларнинг халқ хўжалигининг турли жабҳаларидаги муаммолари ҳам бир.
Тожикистон Республикасида Роғун ГЭСи қурилиши атрофидаги гап-сўзлар мамлакатнинг ўзидаги тараққийпарвар кучлар томонидан ҳам муҳокама қилинмоқда. Интернет сайтларида эълон қилинаётган фикрлар Тожикистон ҳукуматининг нотўғри йўлдан бораётганини тасдиқлаб турибди.
«Центр Азия» сайтидан олинган ушбу уч мақола эътиборимизни тортгани бежиз эмас. Уларда кўтарилган муаммо ҳар қандай савияли кишини мушоҳада қилишга чорлайди.
СУВ – БУ, ҲАЁТ!
Тожикистон ва Марказий Осиё минтақасида жойлашган бошқа мамлакатлар учун электр энергияси муаммоси бирдек таъсир этади. Унинг ечимини топиш, албатта, ҳар бир давлатнинг ўз ҳуқуқидир. Бироқ адолат юзасидан тан олиш керакки, бундай ҳаракатлар қўшни давлат учун муайян хавфни туғдирмаслиги керак. Чунки бу ерда гап шунчаки оддий иқтисодий рақобатда эмас, балки бутун минтақа табиати ва хўжалиги учун жиддий ташвишни пайдо қилаётган масала ҳақида бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев ўзининг тожик ҳамкасби Оқил Оқиловга мурожаатида Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан вужудга келаётган қатор муаммоларни алоҳида санаб ўтди. Булардан айримлари «лойиҳанинг Орол ҳалокати оқибатларида минтақамизда юзага келган заиф экологик мувозанатга етказиши мумкин бўлган зарари, Амударёда сув оқими ҳажми ва тартибининг ўзгаришига кўрсатадиган таъсири, техноген хусусиятга эга бўлган таҳдидлар, биринчи навбатда, кучли зилзилалар хавфидан нечоғли ҳимояланганлик даражасига эътибор қаратиш лозим»лиги масалаларидир. Чунки, ҳақиқатан Роғун ГЭСини қуриш учун мўлжалланаётган жой 10 баллгача кучга эга бўлган зилзилалар рўй берган юқори сейсмик ҳудудда жойлашгандир.
Бу кўчирма ва мурожаатдаги бошқа фикрларга изоҳнинг ҳожати йўқ. Улар шундай ҳам нафақат Ўзбекистон ҳукумати, шунингдек, унинг халқининг ўта муҳим масалага нисбатан муносабатини яққол ифодалаб турибди.
Шахсан мен ўз фикримни айтсам, Роғун ГЭСи қурилиши Тожикистон ҳукумати учун дарҳол қабул қилинган ноанъанавий чораларни амалга оширишнинг ўзига хос алдамчи ғоясига аллақачон айланиб улгурган. Буни ГЭС акцияларини ҳар бир фуқаро томонидан мажбурий сотиб олиниши, амалдорларнинг «ихтиёрий» бадаллари ташкиллантирилиши ҳаракатларида кўриш мумкин...
Равшан САЛИМОВ.
ТОЖИК ТАЛАБАЛАРИНИНГ ҚАРҒИШИ
Ҳаммага маълумки, инсон омилларининг билимлилик даражаси мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши суръатларини белгилаб беради. Олий таълим эса ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг етакчи омили сифатида тушунилади. Чунки илмли одам замонавий жамиятнинг энг муҳим қийматли ва асосий бойлиги ҳисобланади. Бироқ амалда ҳамма шундай тушунавермас экан.
Бўлмаса, Роғун ГЭСи акцияларини сотиб олишга маблағи йўқлиги боис, Тожикистон олий ўқув юртларида айрим талабалар имтиҳонларга қўйилмаётгани ҳолати юз бермас эди.
Мустақил эксперт Ҳожиакбар Мирсолиевнинг сўзларига қараганда, тожик толиби илмларининг бусиз ҳам муаммолари бисёр.
– Порахўрлик мамлакат таълим тизимини ҳам эгаллади, – дея таъкидлайди эксперт. – Имтиҳон сессияларидан эсон-омон ўтиб олиш учун талабага энг камида 300 сомоний (тахминан 100 АҚШ доллари) керак бўлади. Айниқса, талаба қизларга қийин. Профессор-ўқитувчилар уларга интим таклифларни қилишгача боришяпти.
Ҳақиқатан, мамлакат раҳбариятининг ўй¬ламай чиқараётган қарорлари Тожикистон талаба ёшлари учун қатор муаммоларни туғдирмоқда. Уларни ана шу сув иншоотидаги қурилиш ишларига юборишдан ташқари, энди зўрға учма-уч яшаётган талабаларни шилиб олишга аҳд қилишди. Эҳтимол, мамлакат президенти Тожикистоннинг фаровон келажагини билимли, ўқимишли ва ривожланган ёшларда эмас, энергетик мустақилликда кўраётганини биз тушунмаётгандирмиз?..
Тожикистон таълим муассасаларида юзага келган вазият ҳақиқатан ташвишлидир. Порахўрлик, ўқитувчиларнинг таъмагирлиги устига сиёсий кўринишдаги бу ҳолат ҳам қўшилиб, мамлакат ўқув-таълим тизимининг меъёрда фаолият олиб боришига катта тўсиқ яратяпти.
Ҳамид ТУРСУНОВ
ҚУРБОНЛАР ЭВАЗИГА
ҚУРИЛАЖАК ИНШООТ
Шу йилнинг 2 январида Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Ванж туманида рўй берган зилзила 600 кишини бошпанасиз қолдирди. 5,3 балли ер қимирлаши оқибатида 1019та уйга шикаст етди, шундан 100таси умуман яроқсиз ҳолга келди. Ана шундай табиий офат шароитида президент Имомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСи акцияларини сотиб олиш тўғрисидаги очиқдан-очиқ талаби тожикистонликларни мазах қилиш билан тенг бўлди.
Мавжуд вазият эса бизнинг раҳбарларимиз яна бир бор ўз фуқароларидан воз кечаётганини яққол намоён этиб қўйди. Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишдан бошқа ҳеч қандай амалий иш қилингани йўқ. Ҳар сафаргидек, бизнинг амалдорларимиз талофат миқёсларини аниқлаш-у, тағин ёрдам олиш илинжида уларни йиғилишда қатнашаётган халқаро ташкилотлар вакилларига тақдим қилишдан нарига ўтмадилар.
Тожикистон раҳбариятига олти юз фуқаронинг яшаши учун зарур шароитларни яратиш бўйича маблағ ва воситалар етишмаётган бир пайтда Роғун ГЭСи қурилиши «фойдасига» мажбурий пул йиғилаётгани кишига алам қилади. Ҳозиргача тўпланган миллионлаб маблағдан бир неча юз минг долларини азият чеккан кишиларга ёрдам тариқасида ажратиш мумкин эмасми? Ахир, улуғлик васвасаси ва ҳаддан ташқари жиззакилик бандаси президент Раҳмон «ўз кучимиз билан» барпо этишга қарор қилгани ҳолда ГЭСни қуриш учун фақирлик азобини бошидан кечираётган кишиларнинг борини тортиб олаётгани ҳақиқат-ку!
Жамшид КАБИРОВ.
Copyright 2007. All Rights Reserved. |