Бундан ҳам хатарлиси — айрим ривожланган давлатлар ахборот урушларининг математик моделларини такомиллаштиришга зўр бера бошлаганларидир, АҚШнинг разведка бўйича ҳисоботида алоҳида таъкидланганидек, XXI асрга келиб, дунё урушларида айнан ахборот урушлари ҳукмронлик килмоқда. Маълумки, «ахборот уруши» ибораси биринчи бўлиб 1976 йили Томас Роннинг Воeing компанияси учун мўлжалланган «Қуроллар системаси ва ахборот уруши» номли ҳисоботида тилга олинган бўлса-да, айни қуролдан 1991 йил АҚШнинг Қувайтга бостириб кирган Ироққа карши ҳарбий операцияларидан кейин кенг қўлланила бошланди. Ҳарбий ҳаракатлар билан бир қаторда ахборот уруши АҚШ армиясининг ташвиқот қуролига айлангани боис собиқ Югославия, Афғонистон, Ироққа қарши амалиётлар кутилганидан ҳам яхши натижалар берди. Бу эса жанговар операциялар даврида ахборот таъминотининг роли кескин ошганини ҳам кўрсатди. Аммо кейинчалик Болқондаги уруш ортида Европа Иттифоқининг иқтисодиётини издан чиқариш интилиши, Ироққа қарши кампания замирида эса энергетик захиралар устидан назорат ўрнатиш хоҳиши ётганлиги таъкидлана бошланди. АҚШда биринчи бўлиб бу тизимни танқидий нуқтаи назардан ўрганиш учун махсус президент комиссиям тузилганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Кейин эса ана шу комиссия хулосаси асосида президент директиваси ишлаб чиқилиб, у 1998 йили ҳукуматнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш сиёсатининг асосига ҳам айланди. Бу борада карвонбошилик қилаётган АҚШнинг миллий мудофаа университетида ахборот уруши ва стратегияси мактабининг фаолият кўрсатаётгани, Калифорниянинг денгиз мактабидаги информацион уруш гуруҳига эса ахборот операциялари тамойиллари, психологик операция, ахборот хуружи, режалаштириш ва баҳолаш, ахборот урушини баҳолаш сингари мавзулар юзасидан маърузалар ўқиш йўлга қўйилгани, мамлакатдаги 1300 га яқин электрон ва босма оммавий ахборот воситалари у ёқда турсин, 5 та янгиликлар хизматини бирлаштирган телевидение, радио, матбуот ва интернет тизимларидан иборат агентликнинг 200 га яқин мамлакатда фаолият кўрсатаёттани, улар учун ҳукумат бюджетидан 350-500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилаётгани ҳам мисол бўлиши мумкин. Россия ҳам кейинги пайтларда, кечикиб бўлса-да, мазкур йўналишда изчил ҳаракат-ларга қўл урди. Ҳатто мамлакат Мудофаа вазирлигининг ахборот-тарғибот маркази бошка вазифалар билан бир қаторда душманнинг ахборот ресурсларига хакерлик ҳужумларини амалга ошириш билан шуғуллана бошлади. Айрим манбаларга кўра, рақибни қўрқитиш, унинг ахборот алоқаларини йўқ килиш, ўзиникини сақлаб қолиш, информация ва ёлғон ахборот тарқатишни ташкил этиш, можарогача ва қуролли зиддият даврида бирдек жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш ана шу марказнинг мақсади сифатида белгилаб олинди.
Таъкидлаш жоизки, ахборот уруши деганда бир мамлакат ёки давлатлар бирлашмаларининг иккинчи бир мамлакатга қарши оммавий ахборот воситалари (босма ва электрон матбуот, интернет) орқали амалга оширадиган хуружлари тушунилади. Аксарият ҳолларда ҳатто ғоявий, сиёсий ва иқтисодий мақсадларни рўёбга чиқарищда сохта ахборотлардан фойдаланиладики, бу оддий фуқароларнинг ахборотнинг рост ёки ёлғонлигини ажратолмай қолишига ҳам олиб боради. Мақсад эса нишонга олинган мамлакат ва унинг раҳбарлари обрўйига путур етказиш, ўша мамлакат қуролли кучлари ва тинч аҳолисини ҳокимиятга қарши қўйиш, келажакда қўлланиш мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларни оқлаш ва далиллаш, рақиб ёки душманнинг геосиёсий нафсониятларига монелик килишдан иборатдир.
Энг ёмони — бундай ахборот оқимлари омма тафаккурига жиддий таъсир кўрсатмай қолмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки ахборот одамлар онгини заҳарлай бошласа, бу хунук оқибатларга олиб келиши муқаррар. Узоққа бормайлик: яқинда Грузиянинг «Имеди» телеканали намойиш этган кўрсатув Тбилиси аҳолисини саросимага солибгина қолмай, икки нафар фуқаронинг юрак хуружи орқали ўлим топиши ва халқаро тўполонлар билан якунланганини бир эсга олайлик. Россия танклари Тбилисига яқинлашаётгани кўрсатилган ва Грузия президенти Михаил Саакашвили ўлдирилгани ҳақидаги ана шу хабар аслида Москва билан музокаратарга киришган грузин мухолифатини ёмонотлиқ қилиш ва Россияга қарши кампаниянинт бир бўлаги эканини шарҳловчилар алоҳида таъкидламоқдалар. Негаки, 13 март куни эфирга узатилган кўрсатувда мухолифат вакиллари — Нино Буржанадзе ва собиқ бош вазир Зураб Ногаидели Россия фитнасига қўшилгани ҳам хабар килинади.
Тўғри, Саакашвилининг яқин дўстига карашли «Имеди» телеканали репортажни эфирга узатишдан аввал унинг эҳтимолий воқеаларга оид модель экани ҳақида қисқача маълумот берди. Бироқ репортажнинг ўзи гўё шунчалар ҳақиқий ҳолатдагидек эдики, унинг қалбаки экани хакида томошабинлар огохлантирилмадилар. Бу ҳам бир мамлакат ичидаги ахборот урушига алоқадор мисолдир. Мавзуни давом эттирар эканмиз, халқаро майдонда икки қудратли давлат — АҚШ ва Хитой муносабатларининг совуқлашуви ҳам ахборот маконига кўчганини таъкидлаш жоиз. АҚШ президенти томонидан Тибетнинг қувғиндаги руҳонийси Далай Ламанинг қабул килиниши, Оқ уйнинг Хитой субъекти ҳисобланмиш исёнкор Тайвань ўлкасига қурол-яроғ сотиш тўғрисидаги қарори, Барак Обаманинг юань пул бирлигини мустаҳкамлаш хусусида босим кўрсатаётгани, Давлат департаментининг Пекинни муттасил инсон ҳуқуқларини бузишда айблаши, шубҳасиз, икки давлат муносабатларини таранглаштиришгг хизмат килмоқда.
Шу ўринда Пекинда жойлашган Ғарб мухбирлари Хитой дессидентлари ёхуд Тибетдаги вазиятга оид материаллар Google қидирув
тизимидан топилаётганини айтмокдалар. Бироқ қидирув сайтида осмоности мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига карши қаратилган даъвату чакириқларнинг тўлиб-тошгани расмий Пекинни хавотирга солмай қўймайди, албатта. Табиийки, ўзини ҳурмат қилган ва ўз фуқаролари хавфсизлигини ўйлаган ҳар қандай мамлакат иғворгарлик ва фитнага чақирувчи ахборотни оммалаштирмасликка интилади. Ваҳоланки, Сооglе 2006 йили Хитой бозорига кириб келганидаёқ, қидирув хизматини йўлга қўйишда сиёсийлашмасликка сўз берганди. 3 йилдан кейин эса бу интернет компания Хитой бозорида 11 миллиард АҚШ доллари миқдорида фонда кўрганига қарамай, иғвогарона йўл тутаётгани ҳам йирик корпорациялар манфаати юзага чиқаётганини кўрсатади. 1,3 миллиард аҳолиси бўлган мамлакатда 2009 йилнинг биринчи ярмида 338 миллион кишининг интернетдан мунтазам фойдаланаётганини инобатга олсак, қўпорувчилик руҳидаги ҳар қандай ахборот ёки маълумот жамиятда охири йўқ низо ва урушларни келгириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслигини англаб етамиз.
Бир вақтлар Ироққа қарши ҳарбий кампания бошланиши олдидан жаҳон оммавий ахборот воситаланида Ироқ хусусида фақат
салбий образ шакллантирилган бўлса, бугунга келиб Эрон оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаришга уринаёттан давлат сифатида ахборот ҳужумига дучор қилинмоқда. Ҳатто юз берган кичик бир тўқнашув ёки бир гуруҳ оломон намойишининг ҳам бўрттириб кўрсатилаётгани жаҳон жамоатчилиги онгида Эронга нисбатан салбий фикрнинг шаклланишига олиб келаётир. Натижада Эрон хорижий журналистларга ноқонуний норозилик намойишларини кузатишни, Теҳрон кўчаларидан хабар тарқатишни тақиқлашга, айрим интернет сайтларига тўсиқ қўйишга қарор қилди. Бугун юксак минбарларда Ироқ демократиясининг тантана қилаёттани таъкидлансада, мамлакат журналистлари турли учрашув ва анжуманларда хорижий босқиндан кейин Ироқни беқарорлик, мазҳаблараро тўқнашувлар, террор, очарчилик, йўқчилик балоси чулғаб олганини, одамларнинг эртанги кунга ишончи сўниб бораётганини баралла айтмокдалар.
Шу ўринда Роғун ГЭС қурилиши ва Тожикистонга тегишли юк вагонларининг «ўзбеклар томонидан ушлаб турилгани» ҳақидаги матбуот ва интернет хабарлари ҳам ана шундай ахборот хуружларидан бошқа нарса эмаслигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ваҳоланки, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон темир йўлларида қатновчи юк вагонлари Термиздаги ягона темир йўл кўприги орқали ўтаётгани, шу сабаб тўпланиб қолган юклар ора-сида бошқа давлатлар юклари мавжудлиги, бу техник ва логистик сабабларга кўра рўй берганини билиш учун юқори малакали мутахассис бўлиш шарт эмас, албатта.
Гап ахборот урушлари ҳақида кетар экан, президент Дмитрий Медведевнинг ўз маъмурияти ва ҳукуматга яқин хорижий давлатлар телекомпаниялари билан уларнинг кўрсатувларини Россияда намойиш этиш бораси-да музокаралар олиб бориш топшириғини бериши ҳам Кремлнинг собиқ совет маконидаги таъсир доирасини кучайтиришга уриниши сифатида баҳоланаётганини унутмаслик керак. Сиёсий технологиялар марказининг вице-президенти Сергей Михеевнинг фикрича, бундай уринишдан расмий Москва муайян манфаат топмоқчи.
— Энг аввало, Москва бу билан ўз телеканалларининг собиқ иттифоқ республикаларида намойиш этилишига ҳамда улар аҳолисига ўз нуқтаи назарларини етказишга эришмоқчи. Шуниси аниқки, мазкур мамлакатларда Россия телевидениесига қизиқиш катта. Албатта, бундан биз ютамиз, дейди сиёсатшунос.
Тан олиш керак: бугун ҳақиқатан ҳам МДҲнинг ахборот маконида асосан Россия ОАВлари устунлик қилмоқда. Шунга яраша мазкур мамлакатлардаги вазият ҳақида ўша давлатнинг ташқи сиёсий йўналишига қараб ўз жамоатчилиги онгида ижобий ёки салбий образни шакллантиришга муваффақ бўлаяпти. Масалан, грузиялик журналист Нино Ташуанинг айтишича, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият Россия журналистлари тасвирлаётган даражада аянчли эмас. Тўғри, муаммолар етарли, аммо мамлакат инқилобий ҳолатга бориб етмаган. Кейинги пайтларда Беларусь ва Кирғизистон ҳам Россия оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилаётган ахборот ҳужумларидан ташвишда эканини яширмаяпти.
Ана шулардан хулоса чиқарган Қозоғистон бош вазири Карим Масимов шу йил бошида мамлакат журналистларини маҳаллий медиа бозорини Россия ва хориж ахборот воситаларига бой бериб қўйганликда айблаганди. Чунки социологларнинг айтишича, ҳозирги кунда Қозоғистоннинг 55 фоиз аҳолиси маҳаллий эмас, балки Россия информацион муҳитида яшамоқда. Айни чиқишида маҳаллий журналистларга мурожаат қилган бош вазир мамлакат ОАВни россиялик рақибларидан ўзиб кетишга ҳам чақирди.
— Чегаралар ҳамкорлиш ассоциацияси раиси Марат Шикунтов кейинги 10 йил давомида Россия ва халкаро медиа компанияларининг Қозоғистон медиа бозоридаги асосий ўйинчилар бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Қозоғистон медиа бозоридаги энг етакчи матбуот ўнталигидан фақат Россия ва халқаро медиа компаниялари жой олган. Бунга эса Қозоғистон медиа компанияларидаги бошқарувнинг заифлиги сабабдир, — деди Шикунтов.
— Медиа бозоримизни Россия ёхуд халқаро нашр маҳсулотлари тўлдириб ташламоқда. Журналистиканинг асосий вазифаси эътиборни жалб қилиш эмас, балки объектив маълумот беришдир. Шундай бир пайтда аксарият журналистларимиз Россия ва хориж матбуоти хабарларини кўчириб босиш билан шуғулланмоқдалар.
Хуллас, бугун мустақил тараққиёт йўлидан боришга қарор қилган ҳар бир мамлакат турли сиёсий кучларнинг стратегик режаларини амалга ошириш учун халқаро майдонда илгари сураётган «Эркинлик ва демократия» ниқоби остида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсатнинг асл моҳиятини ўз вақтида англаши ва бунга қарши муносиб чоралар кўриши муҳим аҳамият касб этади. Шундоқ ҳам қудратли давлатларнинг табиий бойликларга эга бўлган давлатларга нисбатан олиб бораётган ғаразли сиёсати улкан минтақаларда тинч ҳаётнинг издан чиқишига, ҳокимият тепасига айнан ўша давлатнинг манфаатларига хизмат қиладиган кучларнинг келишига сабаб бўлаётганини жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳам кўрсатиб турибди.
Абдували СОЙИБНАЗАРОВ (XXI аср газетаси)
Copyright 2007. All Rights Reserved.