Ҳайитдаги зулм

Бу кунлари хонадонларда турли пишириқ ва ширинликлар пиширилади. Чин арафа куни дастурхонга албатта палов тортилади. Қўни-қўшнилар бир-бирларини муборак айём билан қутлаб, ўзларига ёндош хонадонларга пишириқлар, таомлар чиқарадилар.

Қурбон ҳайитида қурбонлик қилинади. Яъни, белгиланган уч кун ичида қўй, туя ёки мол сўйилиб, унинг гўшти эҳсон тариқасида тарқатилади. Зулҳижжа ойида ҳажда бўлганлар ва моли нисобга етган мусулмонларнинг жонлиқ сўйиб қурбонлик қилишлари вожибдир.
Истиқлол шарофати туфайли юртимизда бу байрам ўзгача бир шукуҳ билан ўтказиладиган бўлди. Юртдошларимиз ҳайит намозини адо этгач, бева-бечораларга садақа улашадилар. Шу куни қабристонларга бориб, марҳумлар ёд этилади, уларнинг руҳи покларига тиловатлар қилинади. Ёрдамга муҳтожларнинг ҳолидан хабар олинади. Айрим жойларда эса қиз-аёллар янги келинчакларни бориб кўрадилар, яъни «келин кўрди» маросимлари ўтказилади. Хуллас, ҳайит байрамлари инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамлигининг амалий намунаси саналади.
Аммо... орамизда ҳайит деса юрагига увишадиган, ҳайитни одамга ўхшаб нишонлолмайдиган, байрам қилолмайдиганлар ҳам бор. Булар - шу йили қиз узатган ота-оналар. Улар ҳайит арафасида куёв томонга егулик ва пишириқларга, ҳўл ва қуруқ меваларга, ширмой нону ёғлиқ патирларга лиммо-лим тўла тоғораю саватлар, куёв-келин ва қуда-андаларга қўша-қўша сарпо-суруғлар жўнатишлари лозим. (Бу удум асосан Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳамда водийдаги шаҳар ва қишлоқларда амал қилади. Воҳа аҳли бу шўришлардан фориғ). Демакки, ҳайит ҳаммага ҳам бирдек татийвермайди.

Гоҳида бир-бировимизни инсофга чақирмоқчи бўлсак ёки бирор ишимиз муаммосиз битказиб берилишини истасак, «Ахир ҳаммамиз ҳам мусулмонмиз-ку» дея таъкидлаб қўямиз, биров қуюшқондан чиққудек бўлса, «Мусулмонмисан ўзи?» деб дакки берамиз. Гадолар ҳам одамларга қўл чўзган кўйи: «Мусулмонлар, раҳм қилинг...», дейди. Чунки чин мусулмон раҳмдил бўлади, адолатли бўлади, элпарвар, юртпарвар бўлади, ёмон ишлардан, нафс васвасаларидан йироқ юради.  Мусулмон кишининг ҳар жиҳатдан комил бўлишга интилиши лозимлигини билганимиз яхши. Лекин амалларимизнинг аҳволи қандай? Афсуски, уялгулик. Умар Хайём айтганидай: «Бир қўлда Қуръон-у, биттасида жом... На чин мусулмонмиз, на кофир тамом»... Мазкур фикрларга нисбатан кўнглингизда эътироз туғилган бўлса бордир, муҳтарам юртдош. Баъзи амалларингиз-у, қилган яхшиликларингизга, тўкис адо этаётган ибодатларингизга бино қўйиб, ўзингизни анчайин эътиқодли, яхши одам ҳисоблаб юрган бўлсангиз, бу гаплар сизга оғир ботган, албатта. Лекин атрофимизда камчиликлар тўлиб ётган бўлса, айрим хонадонларда одам қадри мол-мулк билан ўлчанаётган бўлса-ю, сизу биз ўзимизни билиб, «Бу муаммоларни бошқалар ҳал қилсин», «оч қорним тинч қулоғим» деб юраверсак, қандай мўмин-мусулмон бўлдик?! Хотинлар ўйлаб топган бемаъни удумларимиз туфайли ҳатто ҳайит байрамлари ўз моҳиятини йўқотиб қўяётган, ҳайит деса баъзи бир ота-оналар узатган қизига кетадиган чиқимни ўйлаб бошини чангаллаб қолаётган бўлса-ю, биз ўзимизни четга олсак, бемаъни удумларни тўхтатишга уринмасак, молпараст, удумпарастларни тартибга чақирмасак, ўзимизни яхши инсон ҳисоблашимиздан не маъни?!

 


«Эркаклар ҳам молпараст бўлиб кетганми?..»

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинишича, Зулҳижжа ойининг биринчи кунида Аллоҳ Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилган.
Имом Ғаззолий ҳазратлари «Айюҳал валад»да мазкур ойнинг фазилатлари ҳақида баён эта туриб, шундай ёзадилар: «Ким Қурбон ҳайити куни икки ракат шукр намози ўқигач, гуноҳларини кўз олдига келтириб, пушаймон бўлса, Аллоҳ ўша кишини, ота-онаси ва бутун оила аъзоларининг барча гуноҳларини кечиради. Қурбонлик гўштининг маълум қисмини фақир ва мискинларга, йўқсилларга тарқатган кишига Аллоҳ Уҳуд тоғининг вазнича савоб эҳсон этади. Ҳар ким шу ойнинг илк ўн куни ичида садақа берса, пайғамбарларга хизмат қилганнинг савобини қозонади. Бу ўн кун ичида беморни зиёрат қилган - Аллоҳ дўстларидан бирининг аҳволини сўраган ва кўнглини олган каби савобга сазовор бўлади. Бу ўн кун ичида бир етимга ёки бир бечора, мискинга либос кийдирганга Аллоҳ жаннат либосини киймоқни насиб айлайди. Шу ўн кун ичида бир етимнинг кўнглини олиб севинтирганни Аллоҳ (охиратда) Арш соясига олади. Бу ўн кун ичида илм мажлисида қатнашган киши пайғамбарлар мажлисида иштирок этганчалик савоб олади...».
Афсуски, ҳайитнинг ҳайитлиги келин томондан келадиган тоғораю саватлар, сарполарнинг салмоғи билан ўлчанадиган хонадонларда бу муборак ойнинг дастлабки ўн кунлиги тавба-ю, савоб ишларга бел боғлаш билан эмас, гуноҳларга гуноҳ қўшиш билан ўтказилади.
- Қайнонам ҳайит куни ота-онам юбориши керак бўлган сарполар хилини рўйхат қилиб, қўлимга тутқаздилар, - дейди ёшгина келинчак. - Тўйимиз бўлганига тўрт ойдан ошмаган бўлса... Бу кийим-кечакларга ҳеч бир эҳтиёжимиз йўқ. Ота-онам қарз кўтариб тўй қилишган, уларга бу рўйхатни қайси юз билан бераман? Шуларни турмуш ўртоғимга айтган эдим, «Онам нима десалар шу» дея гапни қисқа қилди...
- Менинг ота-онам ўтган ҳайитда келинлик уйимга ҳайитлик юбориш учун озмунча ҳам чиқим қилишмади, - дейди бошқа бир келинчак куюниб. - У бечораларнинг ўзи емай, киймай йиққанлари ҳисобига юборилган егуликлар, ҳасип, сомсаю қовурдоқлар, мева-чеваю ширинликлар маҳалла-кўйга тарқатиб юборилди. Бир тишлам, ярим тишлам бўлиб, дастурхонда қолиб кетган меваларнинг ўзи бир-икки тоғора чиқди... Молга бердик. Ота-онамнинг меҳнатларига юрагим ачишди. Лекин барибир қайнонамнинг ҳайитликдан кўнгиллари тўлмади. «Ўғлимга ўтган йили урф бўлган жемпердан қилишибди, пальтоси ҳам тоза эмас экан», дедилар. Яқинда қайнсинглимга «Қани, бу ҳайитда нима юборишар экан, кўрамиз. Агар бу сафар ҳам мени уялтирадиган бўлишса, қизларини олиб кетаверишади», деганларини эшитиб қолдим. Наҳотки одамнинг қадри қаёқдаги латта-путталар билан ўлчанса?!
- Куёвингиз нима дейди? - деймиз кўз ёшларини тиёлмаётган келинчакдан. - Ҳарқалай, эркак киши...
- Ҳозирги эркаклар ҳам молпараст бўлиб кетганми, дейман. У киши: «Ҳайитда куёвига машина совға қилаётганлар бор, сенинг ота-онанг беш-ўн тоғораю саватлар билан қутуляпти-ку, шукр қилишсин», дедилар. Мен бойнинг қизи эмасман. Шуни кўриб-билиб қуда бўлишган. Онамга айтган эдим, қон босимлари кўтарилиб кетди...
Ўзимиз ҳам Рамазон ҳайитида қуюшқонга сиғмайдиган бир воқеанинг гувоҳи бўлдик. Бир танишимизнинг яқиндагина узатилган гулдек қизини қайнонаси ҳайдаб юборди. Сабабини эшитинг: ўша қайнонанинг қўшниси ҳам янги келин туширган экан. Келин бадавлат одамнинг қизи. Шу боисдан ҳам ҳайитда келинчакнинг отаси куёвникига бир-икки дўконни тўлдирадиган сарпо-суруғлар, бир маҳаллага етгудек анвойи егуликлар юборган. Буни кўрган ҳалиги қайнонанинг юраги ёниб, уйига қайтган-у, «Ана, ҳайитлик дегани бундоқ бўлибди! Менинг ўғлим сенлардан орзу-ҳавас кўрмади. Қуда танлашда адашибман» дея, келинчакни қон қақшатиб, уйига ҳайдаб юборган...
Куёв томонга ҳайитлик юбориш учун кичикроқ бир маросимнинг харажати кетади. Агар юртимиз аҳолисининг кўп қисми ўртаҳол турмуш кечиришини ҳисобга олинса, бу удумнинг кўпчиликка нақадар оғир юк бўлаётгани ойдинлашади.
Яқинда кийим дўконларидан бирида она ва қизнинг суҳбати қулоғимга чалинди. Қиз ҳомиладор. У ўзига салкам тўрт юз минг сўм турадиган кўйлакни танлаб, онасидан шуни олиб беришини талаб қила бошлади. Она рангпаргина, нимжонгина аёл экан. Қўллари енгил титраб ёнидаги пулларни санаган бўлди-да, қизига ялингансимон деди:
- Ҳали куёвингга ҳам сарпо олишимиз керак, қизим. Сен мундайроғини кийиб тургин. Кийимларинг кўп-ку...
- Овсинларимнинг олдида ўксирканман-да, - лабини буриб тумтайди қиз. Бу «ўксийдиганга» аста разм соламан: бўйнида камида бир ярим миллион сўм турадиган тилла занжир, қўлларида қўш-қўш олтин узуклар, эгнида сўнгги русумдаги қимматбаҳо кўйлак... Ўша жойда аёл билан суҳбатлашиб қолдик. Маълум бўлишича, у яқинда келин бўлган шу қизига ҳайитлик юбориш тадоригида юрган экан. Сарполарни қизнинг ўзи танлаб берадиган бўлибди. Аёлнинг айтишича, эри уч йилдан буён Россияда - қурилиш ишларида ишларкан. Қизининг тўйига ҳам келолмабди (тўйнинг пулини юборган, албатта).
- Майли, шу кўйлакни берақолинг, - сотувчига юзланди аёл. - Қизим ўксимасин...
Ўша топда чидолмадим.
- Ёши улғайганида совуқ юртларда ғишт ташиб юрган отангни ўйламайсанми? - дедим келинчак қизга. - Чангаллаб турган пулларингни отанг бечора осонлик билан топмагандир? Бир кўйлак учун «ўксийман» деяпсан. Боласининг тўйига келолмаган, уч йилдан буён юртини кўрмаган отангнинг ўксишини ўйламайсанми?! Бемаъни харажатларни сал камайтирсанглар, отангнинг ҳам ташвишлари камайиб, ўз уйида Худо деб, оёғини узатиб ўтирармиди...
Сўзларимнинг бу она-болага қанчалик нафи бўлди, билмайман. Шундан буён бир ғашлик кўнглимни тарк этмайди: нега барча маросимларда хотинлар «қонуни» оғишмай амал қиляпти? Бемаъни удумларга барҳам бериш масаласида эркаклар ўз сўзини ўтказиши лозимлиги кўп гапирилди. Хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла қўмиталари томонидан аҳоли ўртасида бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаяпти ҳам. Лекин натижа кўнгилдагидек эмас. Охир-оқибатда масала яна кишиларнинг маънавият даражасига бориб тақалади.

«Ўғри» куёвлар

«Куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган» деб, баъзи ўринларда ўзимизнинг ҳурматимизни, қизларимизнинг қадрини жуда ерга уриб юбормаяпмизми? Сийлашни «сотиб олиш» билан алмаштириб қўймадикми? «Қизим тинч ўтирса бўлди» деб, ҳаддини билмайдиган, молпараст қайноналар-у, орияти инига кириб кетган куёв йигитларнинг удумлар борасидаги сурбетларча талабларини қулоқ қоқмай бажариш билан қизимизнинг тинчини сотиб олиб бермаяпмизми?
Кўпчилик «Ҳозир қизларнинг қадри тушиб кетди», деб нолийди. Хўш, қизларимизни ким беқадр қиляпти? Куёв томоннинг довруғи-ю, жимжимадор дарвозасига, тагидаги «иномарка» машинасига қувониб, уларнинг фикр доираси, маънавият даражаси, ахлоқ-одоби билан умуман қизиқмай, қизларини қўшқўллаб топшираётган ота-оналарнинг ўзлари эмасми? Йигитнинг бўй-бастига, чўнтагидаги пулига маҳлиё бўлиб, қаерга учрашувга чақирса, ўша ерга жон деб бораётган, пана-пастқамларда йигит билан судралишиб, ачомлашиб юришни «севги» деб билаётган, туни билан пичир-пичир қилиш учун йигитнинг телефонига «пул тушириб» қўядиган «муҳаббатпарвар» қизларнинг ўзи эмасми?
Суфёни Саврий деганларки: «Уйланувчи киши келиннинг ашёларини сўраб-суриштираверса, билингизки, у ўғридир». Бу тоифа «ўғри»лар орамизда оз дейсизми? Уларнинг ҳеч бири хотинсиз қолаётгани йўқ. «Сен молпараст экансан» деб, биров уларга маломат ҳам қилаётгани йўқ. Қанчасининг ошиғи олчи: хотини-ю болаларининг уст-бошидан тортиб, касал бўлиб қолса дори-дармонигача қайнотаси ёки қайнонаси олиб беради. Ҳайит ва байрамларда хотин тарафдан қўш-қўш сарполар, бир маҳаллага етгулик егуликлар келади. Қанчасининг чўнтагига қайнотаси даста-даста пул солиб қўяди, машина миндириб қўяди. Лекин... Худо кўрсатмасин, бунақаларнинг оиласи бузилиб кетгудек бўлса, хотин бечора болалари билан кўчада қолади. Уларга энди бу уйнинг тезаги ҳам раво кўрилмайди. Чунки куёвтўра фақат олиб ўрганган. Эркак орияти, эркаклик вазифаси, оталик бурчи деган тушунчалар унга ёт. Афсуски, унинг ноқобил экани, қудаларнинг маънавияти пастлиги бошиданоқ қизнинг ота-онасига ҳам маълум эди. Ахир тўйдан олдин кўришилган, гаплашилган, кўп масалалар келишиб олинган. Қудаларнинг кимлиги уларнинг гап-сўзларидан, маросимларга, сарпо-суруғларга муносабатидан маълум эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: «Никоҳ нозик бир масаладир. Шунинг учун сиздан бирингиз қизини қайга бераётганига қарасин» (Абу Умар ат-Тавқоний Ойшадан (р.а.) ривоят этган). Биз учун эса кейинги вақтларда қизимизни кимга ва қандай оилага бераётганимиз эмас, асосан узатаётганимиз муҳимроқ бўлиб қолди. Қизимиз «ўтириб» қолмаса бўлди. Қолганини тўғрилаймиз! Ҳамма нарсани пул билан ҳал қилса бўлади деган ўйдамиз. Унда қизларнинг беқадр бўлаётганидан нолиб нима қилдик?
Аҳвол шундайки, ёшгина хотинини бир-икки боласи билан сарсон қилиб қўйган йигитларга ҳам бировлар гулдек қизини никоҳлаб беряпти. «Бу нимага ажрашган? Ўз болалариники кўчага ташлаб қўйган одам менинг қизимга нима каромат кўрсатаркин? Номардлигини такрорламасмикин?» деб ўйлаш йўқ. «Ажрашган бўлса, ҳечқиси йўқ, йигит кишига айб эмас», дейилади. Шунданмикин, айрим латтапараст қайноналар келиннинг уйидан келадиган совға-саломлардан кўнгли тўлмаса, дарров ўғлини «тагли-тугли қизга» уйлантириб қўйиши мумкинлигини писанда қилади.
Ажрашгач, хотинининг маҳрини бериш тугул, ўз гўдакларига алимент тўлашдан бўйин товлаб юрган эркаклардан одамлар нафратланаётганини, уларга қиз бермаётганини яқин орада кўрганимиз йўқ. Лекин, болалари тоғасининг уйида бўйни қисиқ юргани, миннатли нон еяётгани ҳолда, ажрашган хотини судма-суд юриб ҳам болаларининг ҳақини ундиролмай, сарсон юргани ҳолда, қарс бадабанг тўй қилиб қайта уйланаётган номард эркакларнинг кўпини биламиз.
Расуллулоҳ (с.а.в.) деганларки: «Ким қизини бир фосиққа (турмушга) берса, унинг силаи раҳмини кесган бўлади» (Анасдан (р.а.) Ибни Ҳаббон ривоят этган). Шу ҳақиқатни қиз узатадиган ота-оналар унутмасалар, яхши бўлар эди.

Уятга қолганмиз

Мусулмонман деймиз-у, ҳатто ҳайит арафаларида арзимас борди-келди маросимлар туфайли бир-биримизга зулм қиламиз. Орамизда айни ана шу ҳайитлик машмашалари туфайли асаби бузилиб, соғлигига путур етаётганлар йўқ деёлмайсиз. «Ота-онамнинг тежаб-тергаб йиққан пулларига келган ҳайитлик сарполар қайнонамга, қайнсингилларимга ёқармикин, эримга маъқул келармикин», дея жавдираб, «Ишқилиб кесатишмасин-да» дея юрак ҳовучлаб юрган келинчакларнинг кўзларидаги ҳадик ва хавотир, қиз узатган ота-оналарнинг қудаларга маъқул келмаган латта-путталар туфайли эгилган бошлари ҳаммамиз учун УЯТ эмасми?! 
Қуръони Каримда: «Фақат одамларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган кимсалар(ни айблаш ва зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир» дейилади («Шўро» сураси, 42-оят). Лекин, ростини айтинг, юртдош, ҳатто ҳайит кунларининг ҳурматини қилмай, сунъий удумларни деб бир-бирига зулм қилиб юрганларнинг бирортасига ҳеч бўлмаганда танбеҳ берганмисиз?

Ҳар амалнинг жавоби бор

Муқаддас манбаларда баён этилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга марҳамат этди:
- Эй, Мусо! Сенга нечун пайғамбарлик ато этганимнинг, бевосита сўзлашганимнинг ва мурсал пайғамбарлар қаторидан жой берганимнинг сабабини биласанми?
Мусо алайҳиссалом:
- Йўқ, билмайман, - дедилар. Аллоҳ таоло марҳамат этди:
- Эй, Мусо! Сурувни ҳайдаб, боқиб юрганингда бир қўй сурувдан ажраб қочди. Ортидан шу қадар югурдингки, қўй ҳам чарчади, сен ҳам. Охир уни тутиб, ғазабланиш ўрнига уни эркалаб-суйдинг, яхши кўрдинг, меҳр-шафқат кўрсатдинг. Мен ҳам ўша ғолиб, бепоён шафқатинг туфайли сенга пайғамбарлик бердим!..
Бу ҳақиқатни мисол келтиришдан муддао, ҳайитлик важидан бировнинг боласига зулм қилаётганларни огоҳлантирмоқ: бу дунёдаги ҳеч бир амал жавобсиз бўлмайди. Яхшиликка яхшилик ҳам, ёмонликка ёмонлик ҳам ортиғи билан қайтарилади. Бир ҳайвонга қилинган шафқат ва меҳр пайғамбарлик даражасига кўтарганидек, бир инсонга қилинган зулм ва адолатсизлик ҳам кишини энг паст ва аянч кўйга сола олади.
Нафсингизга ҳушёр бўлингки, Қурбонлик ҳайитида ориятингиз-у охиратингиз қурбон бўлиб кетмасин...

 

 

 

Дилфуза КОМИЛОВА  

back to top