Фэн-шуйми ё Аллоҳнинг раҳмати?

Фэн-шуйми ё Аллоҳнинг раҳмати?

Машинамни устага бериб, бир пиёла чой ичай деб, кафега кирдиму, кўзим ям-яшил қурбақанинг ҳайкалчасига тушди. Унинг атрофида тангалар сочилиб ётар, оғзида эса ўша тангалардан бирини тишлаб турарди. Мен сотувчи қиздан қурбақа бу ерга нима учун қўйилганлигини сўрадим. «Клиентлар кўпроқ келиши учун. У пул чақириб туради», - деди қиз.

Табиийки, мен ризқни фақат Аллоҳ беради, деб тушунтиришга уриниб кўрдим, лекин қизни ҳайкалчани олиб ташлашга кўндира олмадим. Шу воқеадан кейин қаерга борсам, мана шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бера бошладим. Афсуски, бундай «омад туморлари» деярли ҳар бир дўконда, улгуржи бозордаги контейнерларга кираверишда, хуллас, савдо бўлиб турган ҳар қандай жойда турарди.

Баъзи биродарлардан сўрагим келди: «Клиентларни», пулни ким беради деб ўйлайсиз ўзи?». Аллоҳ ёзмаган ризқни қандай қилиб Сизга фэн-шуй қурбақаси бериши мумкин? Бу қилмишингизга Аллоҳнинг ғазаби келиб, борини ҳам олиб қўйса, ўзингизни ўша қурбақа ва бошқа шундай ҳайкалчаларга зор қилиб ташлаб қўйса, ҳеч ҳайрон қолмаслигимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир» («Зарийат» сураси, 58-оят).

Хўш, бу фэн-шуй нима ўзи? Фэн-шуй – мажусийлар фалсафасидир, яъни шамол худоси, сув худоси, ер худоси ва шу кабиларга ишониш ва сиғинишдир. Фэн-шуй одамларни ҳар хил туморлар, тошлар, ҳайкалларга ишонишга ундайди. Масалан, Хитойда бир жуфт қуш (кўпинча ўрдак) «севги тумори» деб ҳисобланади. Хитойда шундай, русларда эса севги тумори ролини бир жуфт турна ёки ғоз бажариши мумкин. Яшил аждаҳо эса саломатлик ва оилавий муносабатлар тумори ҳисобланади. Буни қарангки, қора тошбақа карьера тумори экан. Сўнгги пайтларда интернетда, бошқа оммавий ахборот воситаларида фэн-шуй ҳаракатининг «фэн-шуй ёрдамида бойлик ва пуллар», «фэн-шуй ва севги» ва шу каби ажойиб-ғаройиб рекламасини учратиш мумкин. Энг кенг тарқалган «оилавий бахт ҳомийси» уч панжали қурбақа экан. Оғзида битта ёки учта танга тишлаб олган бундай қурбақа бойлик рамзи ҳисобланар экан.

Шундай қилиб, мусулмонларнинг қалбига аста-секинлик билан ширкнинг ҳар хил кўринишлари кириб келиб, уларни бутун оламни яратган ҳақиқий Яратувчидан, раҳмат, ризқ, ҳаёт ва саломатлик ато этувчи Аллоҳдан чалғитмоқда. Қарабсизки, инсон ўзи сезмаган ҳолда бир пайтнинг ўзида Аллоҳга иймон ҳам келтиради, бироқ… бутлардан ҳам раҳм-шафқат сўрайди.
Бир ўйлаб кўринг: хитойлар нимани қадрлайдию, кимга ибодат қилади?

Хитой афсоналари турли хил «худолар»га жуда бой. Хитойлар бу «худо»ларнинг ҳурматини жойига қўяди, уларга сиғинади. Бироқ, Аллоҳ таоло «Зарийат» сурасининг 51-оятида шундай марҳамат қилган: «Ва Аллоҳга бошқа маъбудни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман».

Албатта, пул, бойлик, мол-дунё кўпчиликнинг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Албатта, камбағал бўла туриб бахтли бўлиш жуда қийин бўлса керак, эҳтимол, шунинг учун инсон бу дунёнинг бойлигига интилади, кўпинча бу бойликни қайси йўл билан топаётганлигига эътибор бермай қўяди. Ҳар хил туморлар, қурбақачалар, филлар уйимга ризқ, барака чақириб туради, деган ёлғон ақида оқибатида куфрга кетиб қолади.

Шак-шубҳа йўқки, бу ишларни инсоннинг кўзига зийнатлаб кўрсатаётган, уни Аллоҳнинг йўлидан буриб юборишга уринаётган шайтоннинг ўзгинасидир. Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилади: «У: «Эй Роббим, мени залолатга кетказганинг сабабидан, албатта, мен уларга ер юзида (гуноҳларни) зийнатлаб кўрсатаман ва, албатта, уларнинг ҳаммасини иғво қиламан. Магар, улардан танланган бандаларингни (адаштира олмасман)», деди. У зот: «Ушбу зиммамдаги тўғри йўлдир: албатта, Менинг бандаларим устида сенинг султонинг йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳларгагина бордир» («Ҳижр» сураси, 39-42-оятлар).

Интернет мақолалари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top