Шанба куни тузоққа туширилган балиқлар

Шанба куни тузоққа туширилган балиқлар

Қашшоқликдан қўрққанлари учун жуда кўп одамлар гуноҳларга қўл уриб қўядилар. Бу, айниқса, атрофдагилар дунё ҳаётининг баъзи матоҳларидан тўлиқ баҳраманд бўлганларида кўринади, шунда, ҳатто атрофида бошқа муҳтожлар ҳам борлиги унутилиб қўйилади. Атрофдагиларнинг кўпчилиги ҳалол йўллар билан яшамаётганига ҳам парво қилинмайди. Яхши бўлмаган одамлардаги ҳашаматни кўрганида одамнинг қалбида бой яшаш истаги туғилади ва шайтон ана шу жойидан ушлаб, уни гуноҳ сари етаклай бошлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда:  “Биз улардан баъзи гуруҳларни баҳраманд қилган нарсаларга (ҳавас-ла) назар солма! Улар учун хафа ҳам бўлма! Мўминларга қанотингни пастлат!” (Ҳижр сураси, 88-оят) деб марҳамат қилган. Яъни баъзиларга бу дунё ҳаётининг баъзи матоҳларини бериб қўйганмиз. Улар бу нарсалардан баҳраманд бўлиб юрадилар. Сен уларнинг мазкур дунё матоҳларига ҳавас ила назар солма. Улар ҳавас қилишга арзийдиган нарсалар эмас.

Куфр келтирганларнинг юрт кезишлари сени алдаб қўймасин.  Бу озгина матоҳдир. Сўнгра ўринлари жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон ётоқ!” (Оли Имрон сураси, 196-197 оятлар). Ушбу оят изоҳида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: “...Бу дунёнинг қизиқ ишларидан бири шуки, мўминлар, аброрлар азоб-уқубатга дучор бўлиб, юртларидан ҳижрат қилиб чиқиб ёки ҳайдаб чиқарилиб ёки қамоқларга ташланиб, Аллоҳнинг йўлида азиятлар чекиб турган бир пайтда, кофирлар кибру ҳаво, дабдабаю тантана билан юрт кезадилар. Ҳаммага ўзларини кўз-кўз қиладилар. Бу ҳолат мўминларни хафа қилиб, нимага бундай бўлади, деган саволни кўнглига солиб, адаштириб, алдаб қўйиши мумкин”, деб ёзган.
Улар оддий бой эмас – уларга жуда кўпчилик учун мумкин бўлмаган нарсалар мумкин қилинган. Улар дунё кезадилар, улар олдида энг бой хонодон ва давлатларнинг чегара ва эшиклари доим очиқ. Бироқ буларнинг ҳаммаси иймон келтирмаган ва охират учун ҳозирлик кўрмаганларга қандай фойда келтириши мумкин? Бу дунёдаги фаровонлик қиёмат кунидаги савол-жавобдан қутқариб қолармиди?
Бу ёлғон дунёга алданиб қолмаслигимиз ҳақида Қуръони каримда жуда кўп огоҳлантиришлар бор: “Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир” (Тоҳо сураси, 131-оят). Сиз кўзларни қамаштирувчи ҳашаматни кўришингиз мумкин, бироқ унинг орқасида яширин бўлган жуда кўп нарсаларни кўра олмайсиз. Бойлик инсонни бахтли қила олмайди, агар уни қалбига киришига йўл берса, демак у унинг қулига айланади. Аллоҳ таолонинг одам қалбидан чиқиб кетишга сабаб бўлган нарсаларнинг барчаси азоб-уқубатларга сабаб бўлади. “Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос” (Тавба сураси, 55-оят).
Аммо, қашшоқлик билан ҳам фаҳрланиш ва унга тарғиб қилиб бўлмайди. Қашшоқлик жазоси ҳам бойлик васвасасидан кам эмас, ҳатто пайғамбарлар ҳам фақирликдан паноҳ сўраб Аллоҳ таолога дуолар қилганлар. Иймон бизни қашшоқлик ва бойлик синовнинг бир тури деб қабул қилишни ўргатади.
Қашшоқлик олдида қўл қовуштириб ўтирмаслик ва бойлик олдида ўзини йўқотиб қўймаслик керак. Ҳалол йўллар билан пул топишга ва хайрли ишларга сарф қилишга ҳаракат қилавериш керак. Аммо ўзимиз йўлни мустақил танлай олмаймиз, кўпинча тақдир бизни танлаш имкониятидан маҳрум қилиб қўйган бўлади.
Баъзилар бой ва омадли бўлиб туғилади, баъзилар эса қашшоқ ва бахтсиз. Кимдир йиллар мабойнида меҳнат қилиб бойлик орттиради, кимгадир эса бойлик мерос орқали келади, баъзилар эса умри давомида қора меҳнат қилса ҳам қашшоқликдан боши чиқмай ўтиб кетади. Нега бундай ва тақдирга қайси нарсалар таъсир қилади, бирон нарсани ўзгартира оламизми билмаймиз. Эҳтимол қиёмат куни бунинг сабаблари очилар ва ўшанда Аллоҳ таолога ҳамду сано айтармиз. Балки Аллоҳ таоло тақдиримизга битган нарсалар биз учун яхшилик бўлиб, бунинг воситасида бизга жаннатда абадий бўлиш насиб қилиб тургандир.
Биз қашшоқлик ва бойликни танлай олмаймиз, бироқ солиҳлик ёки осийлик йўлини танлай оламиз. Ҳалол касб талабида бўлиб, ҳаром, гуноҳ ва маъсиятлардан воз кечишимиз мумкин. Шайтон бизни қашшоқлик билан қўрқитади, Аллоҳ таоло эса бизга ўзининг раҳмати ва фазлини ваъда қилади. Бунга эса итоатсизлик ва осийлик билан эришиб бўлмайди.
Гуноҳлар зарарни зиёда қилади, халос. У топганимиздан баракани кўтариб, танамизни заҳарлайди. Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати ва фазлидан узоқлаштириб қўйгандагина гуноҳлар инсон учун бойлик эшикларини очади:  “Агар одамлар бир миллат бўлиб қолишлари бўлмаганда, албатта, Биз Роҳманга куфр келтирадиганларнинг уйлари шифтини ва унга чиқадиган нарвонларини кумушдан қилиб қўяр эдик” (Зуҳруф сураси, 33-оят).
Агар одам Аллоҳ таолонинг таъқиқларини бузиб, ҳаромга қўл узатадиган бўлса, яхши амаллари учун бу дунёнинг ўзидаёқ мукофотларини олади. Дунё ва бойлик мўл ва сероб бўлиб, таъқиқланган дарвозалар орқали оқиб киради, худди исроилликларнинг тўрига шанба куни ўзи келиб тушган балиқлар каби. Агар у сабр қилиб, ҳалол йўллар билан тирикчилик йўлларини излаганида эди, унга ризқ қилиб берилган нарса бари бир эртами ё кеч насиб қилар эди. Яъни ҳамма нарса тақдирда битилган соатда содир бўлади.

Аллоҳим! Биз Сендан амалдаги истиқоматни сўраганимиздек, сўздаги тўғриликни ҳам сўраймиз. Сен биздан рози-ризолик талаб қилганингдек, биз ҳам Сендан рози-ризолик сўраб ёлворамиз. Жисм касал бўлса-да, Сендан қалб саломатлигини сўраймиз. Аъзолар иллатга учраса-да, руҳнинг соғломлигини, баданлар мудроқ бўлса-да, нафс уйғоқлигини бергин. Биз Сендан у орқали жаннатга етиб борадиган истиқомат йўлини, у билан Сенинг эшигинг қоқиладиган ҳидоят, унинг соҳиблари билан бирга йўл олинадиган тавфиқ, энг юқори мақомларда бўлувчи Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, бошқа пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлмоқни сўрайман!

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

----------
Шанба одамлари яҳудийлар бўлиб, уларнинг қиссалари Қуръони каримда зикр қилинган. Уларнинг шариати бўйича, шанба куни ишлаш, жумладан балиқ овлаш ман қилинган эди. Аммо улар шумлик қилиб, бу илоҳий амрни ҳам буздилар.  Алоҳида ҳовузлар қазиб, шанба куни балиқларни қамаб олиб, бошқа кунлари тутишди.

back to top