Ҳадис илмининг олималари

Ҳадис илмининг олималари

Тарихга назар солсак, эркаклар билан бир қаторда, хотин-қизлар ҳам илм-фан ривожи учун улкан ҳисса қўшиб келганликларининг гувоҳи бўламиз. Муслималар ўзларининг илмга тиришқоқликлари, кучли хотира, ўта нозик зеҳн, беназир одоб-ахлоқ эгаси эканликлари билан алоҳида ажралиб келишган.

Дийни Исломнинг қарор топиши ва Аллоҳ таоло каломининг Ер юзида таралишида моллари ва жонларини аямаган, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг бутун умрлари давомида ёнларида бўлиб, ул муборак зот соллалоҳу алайҳи васалламга ўзларининг юксак ақл-фаросатлари ила кўнгил далдасини бера олган, омонатни асраш ва уни бўлғуси авлодларга етказа билиш борасида улкан намуна кўрсатган шижоатли мўмина оналаримиз, шунингдек муқаддас дийнимиз яратиб берган имконият ва шароитлардан уммат равнақи йўлида унумли фойдалана билган муслима олималаримизнинг номларини деярли барча дийний адабиётларда учратамиз, уларнинг муборак номларини фахр-ифтихор ила ёдга оламиз, ўз фарзандларимиз ва набираларимизга яхши ниятлар билан уларнинг исмларини қўямиз.
Айнан Ислом фақиҳа-олималарининг сони кўп экани билан бошқа динлар орасида алоҳида ажралиб туради! Айнан Исломда аёллар эъзоз топдилар, ўз инсоний ва илмий салоҳиятларини тўлиқ амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар!
Инсоният тарихидаги илк олий таълим муассасасини таъсис этган шахс ҳам айнан муслима аёл – Фотима Фахрия бўлди. (Насиб қилса, бул зотнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида бўлғуси мақолаларимизда батафсил танишамиз).
Ислом қарор топган илк йиллардаёқ муқаддас дийнимиз аҳкомларининг тарқалишида, ҳадис илмининг равнақ топишида хотин-қизлар алоҳида ўрин тутган эдилар. Расулуллоҳ соллалоҳи алайҳи васалламдан кейин саҳобия аёллар, хусусан Набийимиз соллалоҳи алайҳи васалламнинг аҳли аёллари, ҳадис илми йўлида ўзларидаги ишончли ва ноёб маълумотлар билан ҳаққоний тарзда хизмат қилдилар.
Ҳафса, Умм Ҳабиба, Маймуна, Умм Салама ва Оиша оналаримизнинг қутлуғ номлари бугунги кунда ҳам барчамиз, хусусан ҳадис илмини ўрганаётган толиби илм учун ҳам, жуда азиз, жуда мўътабар. Айниқса, Оиша розияллоҳу анҳо ҳадисларни нафақат энг кўп ривоят қилган, балки уларни ўта эҳтиёткорона ва чуқур тафсир қила билган ровия сифатида танилганлар.
Ислом тарихининг ҳар бир даврида ўз биродарлари ва опа-сингиллари орасида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган жуда кўплаб фақиҳа-олималар яшаб ўтганлар.
Жумладан, саҳобийлардан кейинги даврда Обида Маданийя, Умм Умар Сақафийя, Зайнаб бинт Сулаймон ибн Али, Нафиса бинт Ҳасан ибн Зиёд, Хадижа Умм Муҳаммад, Абда бинт Абдурроҳман ва кўплаб бошқа олима аёллар ҳадис илми бўйича дарслар ўтказгани маълум. Кучли иймон эгалари бўлган ушбу муслима олималаримиз турли ижтимоий қатламларга мансуб бўлсалар-да, ҳадис илмининг равнақи йўлида бирдек хизмат қилганлар, Ислом зиёсининг янада кенг ёйилишига сабабчилардан бўлишган. Бу билан, улар ижтимоий мавқе ҳам, аёллардан бўлишлик ҳам Исломий уламолик пиллапояларидан кўтарилишга халақит бермаслигини яққол исбот қилганлар.
Масалан, Обида Маданийя аслида Муҳаммад ибн Язиднинг чўриси бўлганлар. Мадинадаги устозларидан жуда кўплаб ҳадисларни ўрганган Обида ўз хожаси томонидан Андалусиялик машҳур фақиҳ олим Ҳабиб Даҳҳунга тақдим этилади. Обиданинг илмига лол қолган олим чўрини озод этади ва уни ўз никоҳига олади.
Зайнаб бинт Сулаймон эса, аслида, Аббосий маликалардан бўлган. Унинг отаси Аббосийлар сулоласининг асосчиси Саффоҳнинг амакиваччаси эди ва халифа Мансур даврида Басра, Уммон ва Баҳрайн ўлкаларининг ҳукмдори бўлган. Ҳадис илмидан кучли таълим олган Зайнаб, тез орада ўз даврининг энг етук фақиҳа-олималари сафидан жой эгаллаган. Ҳатто, у таълим берган толиби илм қаторида юқори нуфузга эга бўлган кўплаб эркак шогирдларининг ҳам бўлгани айтилади.
Ҳадис илмининг яна бир етук соҳибаси – Амроҳ бинт Абдурроҳман ҳам чуқур билимга эга фақиҳа-олима бўлганлар. Халифа Умар ибн Абдулазиз ул зот тўғрисида шундай деган эканлар: “Агар ҳадис ўрганмоқчи бўлсангиз, Амроҳ олдига боринг”. Ҳадисларни тизимли равишда жамлаганлиги эътироф этиладиган Имом Зуҳрий Амроҳга шундай баҳо берганлар: “Амроҳ олдига боринг, у ҳадисларнинг катта кемасидир”.
Айтилишича, ўша даврда Мадина қозиси қандайдир арзимас нарсани ўғрилаган суриялик бир насроний ўғрининг иши бўйича, ўғрининг қўлини чопиб ташлаш ҳақида қарор чиқаради. Бироқ, бу ҳақида хабар топган Амроҳ бинт Абдурроҳман ўз шогирдларидан бирини зудлик билан ўша қози ҳузурига юборади ва унга “қози бир дона олтин танганинг қийматидан кам қийматга эга бўлган нарсани ўғрилаган одамнинг қўлини чопиб ташлаш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли эмас”, деб айтади. Амроҳнинг мулоҳазасини эшитган қози, фақиҳа-олиманинг сўзларини шубҳа остига олмайди, ёҳуд ўша даврда Мадинада жуда кўплаб топса бўладиган бошқа уламолардан бу борада фикр сўрамайди ҳам. Қози фақиҳанинг сўзларига зудлик билан бўйсунади ва ўз қарорини бекор қилади. Шу тариқа, ўғрининг қўли омон қолади. Мазкур воқеа Имом Малик тўпламида қайд этилган.
Навбатдаги олима – Умм Дардо Дамашқдаги машҳур Умавийлар  масжидида, шунингдек Қуддуси Шарифда ҳам таълим берганлар. Умм Дардонинг дарсларида масжид имомлари, фиқҳшунос ва ҳадисшунос олимлар иштирок этганлар. Айтилишича, Испания ерларидан то Ҳиндистонгача бўлган ўлкаларга ҳукмронлик қилган ва ўзи ҳам кучли билим эгаси бўлган халифа Абдул Малик ибн Марвон ҳам ўз пайтида Умм Дардодан сабоқ олган экан. Халифа Абдул Малик устози Умм Дардо кексайиб, юришга қийналгани боис, уни намозгоҳга етаклаб бориб, етаклаб келгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Набийимиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг Мадинадаги масжидлари дийнимиздаги энг муқаддас жойлардан ҳисобланади. Ул зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари эса янада муқаддас. Айнан мана шу табаррук масканда Фотима бинт Иброҳим ибн Жовҳар таълим берган эканлар. Ул олимадан Имом Бухорий ҳам дарс олганликлари айтилади. Маълумотларга кўра, муборак Ҳаж амали доирасида Фотима бинт Иброҳимнинг Мадинаи Мунавварага келганликларини эшитган ҳадис илмининг бир гуруҳ талабалари фақиҳа-олимадан Масжиди Набавияда дарс беришларини илтимос қилишади. Шу тариқа, Фотима Мадинада қолиб, илми ҳадисдан сабоқ бера бошлаган эканлар. Марокашдан келган Ибн Рушайд Субҳий олима дарсларидан бирини шундай деб ёдга олган: “У [Фотима бинт Иброҳим] Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам муборак [қабрларининг] бош қисми томонда ўтирарди ва [кексайиб қолгани сабабли,] қабрга суяниб ҳам оларди. Дарс пайтида талабалар томонидан ўқилган ҳар бир ҳадис бўйича ўз тушунтиришларини ёзиб, уларни имзолаб, кейин [ўз машғулотини] тугатарди”.
Шу ва шунга ўхшаш маълумотлардан билишимиз мумкинки, обрў-эътибор ва нуфузга эга бўлган кўплаб машҳур эркак уламоларга ҳам ўз вақтида муслима олималаримиз илм ўргатганлар.
Ислом оламида Шомдаги илм даргоҳларининг ўрни катта бўлган. Ана шундай илм масканларидан бири – Дамашқ жомеъ масжидида Оиша бинт Абдул Ҳодий таълим берганлар. Олима мазкур вазифага бевосита султоннинг ўзи томонидан “Ҳадис бўйича катта устоз” сифатида тайинланган бўлиб, “Саҳиҳи Бухорий”дан дарс ўтганлар. Ўз даврининг улуғ уламоларидан бўлган Ибн Ҳажар Асқалоний Дамашққа келиб, Оиша бинт Абдул Ҳодий кўмаги асосида юздан ортиқ китобни ўрганиб чиққан экан.
“Саҳиҳи Бухорий” бўйича ихтисослашган яна бир олима Ситт Вузара эди. У Ислом ҳуқуқи ва ҳадис илми бўйича кучли билимга эга бўлгани боис, “муснида” (“буюк ҳадисшунос”) номини ҳам олган эди. Ситт Вузара Сурия ва Миср олийгоҳларида дарс берганликлари маълум.
Бухорийнинг саҳиҳи бўйича таълим берган юқоридаги олималардан ташқари, “Саҳиҳи Муслим” бўйича ихтисослашган фақиҳалар ҳам кўп бўлган. Шулардан Умм Хайр Фотима бинт Али ва Фотима Шаҳрозурийяни кўрсатиш мумкин. Улар ҳам ўзларининг чуқур илми боис, ўз даврининг етук ва ҳурматли устозларидан бўлишган.
Ҳанафий мазҳабидаги ёрқин фақиҳа-олималардан бири, шубҳасиз, бизнинг юртдошимиз Фотима Самарқандийядир. Ҳадис илмини чуқур ва пухта эгаллаган Фотима асли Алаауддин Самарқандийнинг қизи ва Имом Косонийнинг аёли бўлганлар. Имом Косоний Алаауддин Самарқандийнинг “Туҳфа ал-фуқаҳо” асарига “Бадояъ ал-санояъ” номли шарҳ ёзганлар. Имом Косоний дарс берган талабалар ул кишини шундай хотирлашган: “Устозимиз [Имом Косоний] баъзан муайян қийин саволга жавоб бера олмаса, дарс хонасидан чиқиб кетардилар. Маълум вақт ўтгач эса, ўша саволга батафсил жавоб бериш учун яна қайтиб кирар эдилар. Кейинроқ билсак, устозимиз ўша қийин саволга жавоб олиш учун уйига бориб, ўз аёли [Фотима Самарқандийя]дан сўрар эканлар”.
Ибн Ҳажар ўзининг “Ал-дурар ал-карийма” китобида ўз пайтининг машҳур фақиҳа-олималаридан 170 га яқинининг номи ва қисқача биографиясини келтирган. Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховий эса ўзининг “Ал-дав ал-ломий” номли биографик қомусида 130 дан зиёд устоз фақиҳаларнинг номларини қайд этган.
Албатта, илмнинг турли йўналишлари, шу жумладан ҳадис илми бўйича улкан салоҳиятга эга фақиҳа-олималаримизнинг саноғи жуда кўп. Битта мақола доирасида уларнинг номини бирма-бир санаб ўтиш мушкул. Ҳадис илмининг устозлари ўз даврларида барчага баробар таълим берганлар. Илмий-маърифий фаолият, албатта, бошқа соҳаларда бўлгани каби, қатъий шаръий қоида-талаблар асосида амалга оширилгани шубҳасиз. Эркаклар билан бир қаторда, аёл олимларнинг ҳам сермаҳсул иш олиб борганликлари – илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз экани ҳақидаги буйруқнинг туб моҳиятини тўғри англаш ва унга сўзсиз бўйсуниш натижаси бўлган, десак муболаға бўлмайди. Албатта, фарз илмларни пухта ўзлаштирган ҳар бир мусулмон, илму фан уммонининг чексиз кенгликларида адашиб қолмай, тўғри йўлдан бориши ва, улуғ аждодларимиз эришгани каби, оламшумул илмий кашфиёт ва ихтироларга эга бўлишлари муқаррар, иншоАллоҳ.
Устозларимизнинг барчаларидан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин! Уларнинг меросини ўрганиш ва ундан манфаатланишни барчамизга насиб этсин! Омийн!

Инглиз тилидан таржима ва
қўшимча маълумотлар муаллифи
Абу Иброҳим

back to top