«Муаззин» намозга чорлайди

«Муаззин» намозга чорлайди

Алҳамдулиллаҳ, Ислом.Уз портали мисли кўрилмаган шиддат билан ривожланаётган ахборот технологияларини ўзлаштириш борасида давр билан ҳамнафас бормоқда. Бугунги кунда интернетдан фойдаланувчиларнинг тобора кўпроқ қисмида мобил қурилмалар борлигини инобатга олиб, порталимизда жойлаштирилаётган ва республикамиз китоб расталарига чиқаётган китоблар ҳамда медиа маҳсулотларнинг мобил форматдаги нусхалари сиз азиз мухлисларимизга тақдим қилинмоқда. Маҳсулотларимиз дастлаб жаҳонга машҳур iStore электрон гипермаркетларига чиқарилган бўлса, яқиндан бошлаб улар Android тизимида ишловчи жиҳозлар учун ҳам тайёрланмоқда.

Жумладан, бош саҳифамизда ушбу тизимга мўлжалланган 20 дан ортиқ китоб ва электрон қўлланмалар кенг оммага тақдим қилинди. 
Порталимиз ижодий гуруҳи диний-маърифий электрон китоблар, электрон журналлар ва бошқа турдаги медиа маҳсулотларни илк бор ўзбек тилида тақдим қилишга мушарраф бўлди. 
Бугун эса, ижозатингиз ила, хайрли анъанамизга кўра муборак Рамазон туҳфаси сифатида порталимизнинг миллионлаб мухлисларига яна бир мўъжаз, лекин жуда муҳим бир ҳадяни тортиқ қилмоқдамиз. Бу ҳадя – Android тизимида ишловчи жиҳозлар учун намоз вақтларини кўрсатиб турувчи «Муаззин» дастуридир.
Аллоҳ таоло «Муаззин» дастурини ибодатларингизнинг бардавом бўлишига хизматчи қилсин, омин!

Дастурнинг хислатлари:
- Намоз вақтларини овозли сигнал билан эслатиб туриш;
- Бир ойлик намоз вақтлари жадвалини ҳисоблаш;
- Ҳижрий ва милодий тақвимни кўрсатиш туриш;
- Жорий ойдаги муҳим саналар ҳақида маълумот бериш;
- Ҳижрий ойларнинг бошланиш кунларини кўрсатиш (масалан, Рамазон ойининг биринчи куни);
- Дастур ўрнатилган жиҳознинг координаталарини кўрсатиш; 
- Мовароуннаҳрнинг 1000 га яқин шаҳри учун намоз вақтларини кўрсатиш (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон). Шаҳарлар рўйхатига янги манзил киритиш мумкин;

«Муаззин» дастури онлайн ва офлайн режимларида бир хил ишлайди ва намоз вақтларини ҳанафий мазҳабига кўра ҳисоблайди. Дастур ўрнатилгач, бош экранда алоҳида виджет пайдо бўлади.

Эслатма: Ҳижрий саналар ойнинг чиқишига қараб ўзгариши, шунингдек, намоз вақтлари сиз турган жойдагидан бироз фарқ қилиши мумкин.

Дастурдан фойдаланиш давомида бирор камчилик кўрсангиз, илтимос, бизга хабар қилинг. Аввалдан раҳмат!

Абу Муслим

back to top