Текинга ўқи!

Текинга ўқи!

Кишининг комил саодатга эришмоғи учун аввало халқ фаровон бўлмоғи даркор. Халқ фаровон бўлмоғи учун оила бахтли бўлмоғи шарт. Оила бахтли бўлмоғи учун кишининг ўзида эзгулик бўлмоғи лозим. Кишида эзгулик бўлмоғи учун унинг қалби тоза бўлмоғи зарур. Чунки кишининг хазинаси айнан ўз қалбидадир. Қалбнинг покизалиги учун тўғри, ақлли, ҳикматли фикрлар даркор. Ақлли фикрлар учун эса юқори даражадаги билим керак. Юқори даражадаги билимга етишмоқ учун киши ўзини ўзи ўқишга ўргатмоғи лозим.

Дунёдаги барча нарсалар ўзининг илдизига ва оқибатига эга, барча ишларнинг ибтидоси ва интиҳоси мавжуддир. Мана шу бошланиш ва якунланиш масофаси оралиғида нималар биринчи, нималар охирги даражани ташкил этади — буни англаб етиш киши эгаллаган билимнинг мағзини белгилайди. Кишининг комиллик сари қадам қўйиши барча нарсаларнинг ибтидосидир. Агар унинг билим дарахти илдизи бефарқлик ва илтифотсизлик бўлса, меваси ҳам шунга ярашадир. Киши асосий мақсадини аниқ белгилаб олгач, бошқа майда-чуйда ният ва умидларни четга суриб, ҳотиржамлик ва саботга етишади. Осойишталик ва саботга етган киши маълум бир нарса хусусида тиниқ фикр юритмоғи мумкин. Маълум бир нарса хусусида тиниқ фикрлай олгач, мақсадга етишмоқ мумкин.
Ўтмиш файласуфларининг фикри шундай экан. Энди ҳозиргиларга бир кўз югуртиринг. Ҳайронлар қоласиз, илмга ташна кўнгилларга тайёр чашма турганида, бошқа томонларга югуришади. Яқинда Ўзбекистон Конституцияси моддалари ёзилган китобни варақлаб туриб, 41- моддага кўзим тушиб қолди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир».
Дарҳаҳиқат, бу сатрлар ҳар қандай инсофи бор одамни ўйлантиради. Илм – энг буюк неъматлардан бири ҳисобланади. Ҳар бир нарсанинг моҳияти, ҳар бир ишнинг нияти илмга боғлиқ. Қуръони Каримда ҳам Аллоҳ: «Аллоҳнинг якка илоҳ эканлигини БИЛ!» деб уқтиради. Кўряпсизми, оламларни яратган Зот ҳам ўзининг Зоти хусусида амр қилаётганда биринчи ўринга ИЛМни қўйди: «БИЛ!» деди.
Юртдошимиз, ҳали ҳануз дунё ўзига олим деб ҳисоблайдигани Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўз шогирдлари билан ўтирганларида ўртага савол ташлабдилар: «Ҳар бир амалнинг аввали нимага боғлиқ?»
Шогирдларнинг ҳаммаси: «Ният» дейишди. Бухорий эса «Йўқ, унинг аввали илмдир, чунки инсон нимани ният қилишини олдин билмоғи шартдир», деган эканлар.
Дунёда нимаики мавжуд бўлса, уни ўрганиш учун интилиш бўлади. Ана шу интилаётган одамларни рағбатлантириб туриш ҳам муҳим омил ҳисобланади. Бугун юртимиз қомуси асосида ҳар бир инсон бепул илм олиш ҳуқуқига эга эканлиги бу борада тўғри йўлда бораётганлигимизга далолатдир.
Умумий таълимнинг яна бир муҳим жиҳати ҳам борки, инсонлар ўртасида табақаланиш, жинсларни ажратиш, ирққа қараб муносабат қилиш каби жирканч иллатлар ҳам жамиятдан сидириб ташланади. Одамлар ўзларини бир-бирлари билан баробар ҳис қилганларидан сўнг, уларнинг орасида яшириниб ётган истеъдод эгалари ҳам катта саҳнага чиқаверади. Айниқса, бу ҳолатнинг мактаб ишлари даврида аҳамиятга молик эканлигини барчамиз яхши биламиз. Инсон асосий таълимотларни мактабда олади. Мактаб ёшида унинг ақл ривожланиши бошқа даврдагидан фарқ қилади. Қайси томонга бурса, шу томонга қараб кетадиган ёши бўлади. Шундай экан, мактабга бораётган ёшларни бир-бирларидан устун қўйиш яхшиликка олиб бормайди. Улар мурғак ёшлариданоқ ич-ичларидан дунё ҳаммага баробар эканлигини ҳис қилиб ўссинлар учун мактаб ишлари мамлакатимизда давлат назоратидадир. Биров ўзича мактаб очиб, унда бойларнинг ўғлини ўқитиб, камбағалларникини кўчага итариб ташлай олмайди. Унга бундай ҳуқуқни ДАВЛАТ бермаган. 41- моддада келтирилган жумлалар ҳам айни шунга далолатдир.
Яна бир эътиборга молик жиҳат ҳам мавжудки, инсонлар «ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга» бўлган жамиятда илмсиз қолишдан уяладилар. Энг дангасалари ҳам, ўқишга лаёқати бўлмаганлари ҳам ҳеч бўлмаса «карра-карра»ни, ўқиш ва ёзишни ўрганиб олишади. Жамият олдида уларнинг уялиб қолишлари олди ҳам олинади. Биргина руҳий ҳолат бутун бир жамиятни илмсизлик балосидан сақлаб қолади. Аллоҳ ҳам ўз Китобини сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга жўнатишни бошлаганида, аввалги буйруғини илмга чақириқ билан бошлаган: «Ўқи», деб уч марта такрорланган нидо башарият учун ҳам етарли сабоқдир. Ўзбекистон Қомусининг 41- моддаси замирида ҳам шундай бир хитоб яширинганки, бу жамиятда илм олишга катта тарғиб бор. Илм олишни истаганларни қийин кўчаларга етакламай, балки осонлик билан таълим олишларига хизмат қилиш биринчи вазифаси бўлса, иккинчиси шак-шубҳасиз илм олишдан бош тортган ёшларни ҳам чиройли йўсинда илмга чақириш мавжуд. «Келинглар, илм олинглар, биз берган илмимизга сиздан ҳеч нарса олмаймиз, бепул ўқийсизлар, буларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган, мактаб ишлари давлат назоратидадир!» деган хитобларни уқиб олишимиз мумкин ушбу моддадан.

back to top