Зилзила вақтида нима қиламиз?

Зилзила вақтида нима қиламиз?

Зилзила бўлиб туриши табиатда бор нарса. Лекин кутилмаган ер силкиниши инсонни шошириб қўйиши, даҳшатга солиши ҳеч гап эмас. Зилзилани тўхтатиш инсоннинг қўлидан келмайди, аммо ундан ҳимояланиш йўллари маълум. Ҳозирги геолог, сейсмолог олимлар зилзила кўпинча тоғларнинг юриши туфайли юз беради деган тўхтамга келган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Сиз тоғларни кўриб, тек турибди, деб ўйлайсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутлар юрганидек юрадилар Бу барча нарсани пухта-расо қилган Зот — Аллоҳнинг ҳунаридир” (Намл, 88).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларидан бирида: “Уч хил одам бор, Аллоҳ таоло уларни хуш кўрмайди ва дуоларини ижобат қилмайди. Улардан бири хароба уйда ўтириб, Аллоҳдан паноҳ тиловчидир”, деб огоҳлантирадилар. Бу ҳикматда зилзиладан асраниш маъноси ҳам бор. Демак, зилзиладан ҳимояланиш, зилзилага бардошли бинолар қуришга катта эътибор бериш керак. Зилзилани талофатсиз ўтказиш чора-тадбирларини кўриш зарур.
Зилзиланинг табиатини билмай, нотўғри ҳаракат қилиш оқибатида кўп ачинарли ҳодисалар юз берган.
Катта, кучли, талофат етказувчи зилзилалар тектоник зилзилалар ҳисобланади. Хорижий давлатларда зилзила талофатини камайтиришга катта аҳамият берилади. Масалан, Японияда табиий офатлардан сақланишга оид махсус қонун қабул қилинган. Давлат дастури асосида аҳоли шунга тайёрланади. Тегишли рисолалар тарқатилади, маърузалар ўқилади. Зилзила табиатини билдирувчи, турли шароитларда тўғри ҳаракатланишни ўргатувчи ўқув филмлари намойиш этилади. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари ҳам астойдил жон куйдиришади.
Кучли зилзилалар одамнинг руҳиятига таъсир ўтказади. Тўққиз баллик ҳудудда кўпчилик ваҳимага тушади, ҳатто айрим одамлар эс-ҳушини йўқотиши ҳам мумкин. Етти-саккиз балли силкиниш кузатилган жойларда баъзилар довдираб қолади. Мувозанатини йўқотиб ҳаракатни уддалай олмайди. Ер силкинишлари такрорланиб турганида аҳоли орасида ваҳима кучайиб кетади. Шу боис тез-тез зилзила бўлиб турадиган диёрда яшайдиганлар бу ҳодиса ҳақида керакли маълумотга эга бўлишлари зарур.

Бизнинг мухтасар маслаҳатларимиз:
Зилзила тўсатдан юз беради, ногаҳонда ларзага солади. Бу пайт кўп қаватли бинода бўлсангиз, ағдарилиши мумкин бўлган уй-жиҳозларидан четланинг. Силкиниш кучайганида хона бурчакларида туринг. Кўп қаватли бинолардан дар-ҳол чиқишга интилманг. Чунки бундай уйлардан чиқиб кетишга улгуриш қийин. Аммо силкиниш ўтгач, кўп қаватли уйлардан ташқарига чиққан маъқул, чунки юрак тинчланади. Албатта, ёнғин чиқиш хавфи бўлган нуқталарни йўқотишни эсдан чиқарманг. Лифтдан фойдаланманг.
Бир қаватли бинолардан дарҳол ташқари чиқиш керак, бунга улгурасиз. Кучли зилзила бўлганида ҳам, бошланишидан то уй қулаб тушгунига қадар камида 30-40 сония вақт ўтади. Бу муддатда тез ҳаракат қилинса, барча оила аҳли ҳам уйдан чиқишга улгуради. Чиқа олмайдиган ҳолатда бўлсангиз, дарҳол каравот остига ёки ёнига тушиб ётинг. Уйдан ташқарига чиқиш йўлларини доимо бўш, очиқ тутинг. Зилзила вақтида уйдами, ташқаридами истиғфор, очиқ жойга чиқғач, ҳамд ва тасбеҳ айтсангиз, Аллоҳнинг паноҳида бўласиз.
Агар зилзила пайтида катта савдо дўконлари, кинотеатрлар ва шунга ўхшаш гавжум биноларда бўлсангиз, саросимага тушманг. Акс ҳолда, тиқилинч ҳолат юзага келиб, анча муаммолар туғилиши мумкин. Кўчада бўлсангиз, баланд иморатлардан, баланд деворлардан, осма электр симларидан ва бошқа бир қанча хавфли ўринлардан имкон борича узоқ юрмоқ зарур.
Агар автомашинада бўлсангиз, бехатар жойда тўхтанг, қатнов йўлларини тўсманг. Машинадан чиқманг, беховотир йўли шу. Тоғли жойларда тош бўлаклари қуламайдиган, очиқроқ жойда тўхтанг. Зилзила бир тўхтаб, яна такрорланиши мумкин. Буни унутманг, ҳушёр бўлинг.
Зилзила чоғида қаерда бўлишингизни тасаввур этиб, ҳаракат қилишни олдиндан белгилаб олсангиз, зарар қилмайди. Масалан, бундай пайтда уйда ёки иш жойида, дўконда, жамоат биносида, театр ё стадионда, бозорда бўлиш мумкин. Уларнинг ҳар бирида эҳтиёт чорасини кўришнинг ўзига хос томонлари бор. Буни билишингиз хавфсизликни, зилзила пайтида ҳаракатингиз дадил ва пухта бўлишини таъмин этади.
Зилзиладан сўнг нефт, газ, ерости конларидан юзага чиқувчи қувурларда босим ортиши кузатилади. Бундай ҳолат ерости конларининг ҳажми ошувидан далолат. Шу тариқа ерости шифобахш минерал сувларининг сифати ҳам ўзгаради. Ҳолбуки, кўпчилик зилзила фақат вайронагарчилик, доимо кулфат келтиради, деб гапиради. Бироқ одамзотнинг ўзи кўп мусибатларнинг сабабчиси бўлиб қолмоқда. Ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олмаслигимиз, теварак-атроф ҳолатига бутунлай лоқайдлигимиз, исломий илмларни яхши билмаслигимиз турли муаммоларларни юзага келтиряпти. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳожи МИРЗАБОЕВ,
геология фанлари номзоди

back to top