Аҳоли кўпаймоқда, аммо…
- Written by Administrator

Ҳар сафар сайёрамизда навбатдаги миллиардинчи инсон туғилгач, хавотирлар бошланади: аҳоли ҳаддан зиёд кўпайиб кетмаяптимикан? Озиқ-овқат ва ичимлик суви ҳаммага етармикан? Нимагадир курраи замин аҳолиси сафига тез-тез миллиардинчилар қўшилишни бошлади! Бундай демографик тенденциялар халқларнинг янги буюк кўчиши билан дунёга таҳдид солади.
Октябрь ойининг охирида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик фонди (UNFPA) етти миллиардинчи ерликнинг дунёга келганлигини эълон қилди ва унинг туғилган жойини Калининград шаҳри, деб белгилади. Таъкидлаш жоизки, аввалги миллиардинчи инсон туғилганига ҳам унча кўп вақт эмас, атиги 11 йил бўлди. Ахир XIX аср бошида дунё аҳолиси 1 миллиардга, ўтган асрнинг 30 йилларида эса 2 миллиардга етган эди. Бир авлод ҳаёти мобайнида эса инсонлар сони икки баробар кўпайди.
Тегишлича сайёрамизга нисбатан антропоген таъсир ҳам кучайиб бормоқда. Ҳар куни инсоният 80 триллион литр ҳаво олиб, қарийб 4 триллион литр кислородни карбонат ангидридга айлантиради, шунингдек, 17,5 миллиард литр сув ичади ва 15,4 триллион калория озиқ-овқат истеъмол қилади. Ҳозирги кунда қарийб 1 миллиард киши тўйиб овқатланмайди ёки оч қолмоқда яна шунча инсон етарлича ичимлик сувига эга эмас.
Бироқ БМТ прогнозларига қараганда, курраи замин аҳолисининг кейинчалик ўсиш суръати секинлашади: 2050 йилга қадар сафимизга яна 2 миллиард инсон қўшилса, асримизнинг иккинчи ярмида бу кўрсаткич 1 миллиардни ташкил этар экан. Шу тариқа XXI аср охирида Ерда 10 миллиарддан ортиқ одам истиқомат қилади. Бу барчани зарур маҳсулотлар билан таъминлаш нуқтаи назаридан фожиали эмас. Шу ўринда аграр технологияларнинг фаол тараққиёти ва озиқ-овқат ҳамда сув бозорларининг глобаллашувини инобатга олиш даркор. Албатта, бу неъматлар у қадар баб-баравар тақсимланмайди. Сув учун урушлар ва очарчилик ғалаёнлари асло истисно этилмаяпти.
Аммо яна бошқа бир жиҳат безовта қилмоқда. Ер аҳолиси сони асосан ривожланаётган мамлакатлар ҳисобига ўсмоқда. Бу тенденция фақат кучайиб боради. Демак, янги миллиардинчи ерликлар бой эмас, аксинча камбағал бўлади. Аҳолининг тез суръатларда ўсиши ўзини таъминлашга қодир бўлмаган мамлакатларда рўй беради. Ҳозирги кунда ҳам бу жараён айнан мазкур тоифадаги давлатларда рўй беради. Ҳозирги кунда ҳам бу жараён айнан мазкур тоифадаги давлатларда кузатилаётир. Бир вақтнинг ўзида аксарият ривожланган мамлакатлар нуфуси қисқармоқда ва мазкур ҳолат давом этади.
Бу тенденциялар жаҳоннинг демографик ва сиёсий харитасига қандай таҳдид солишини фаҳмлаш қийин эмас. Халқларнинг янги буюк кўчиши бошланиши муқаррар. Ўз вақтида буюк кўчиш Ғарбий Рим империясини яксон қилган эди. Ҳозирги шароитларда мазкур жараён анча тинч кечади. Поёни йўқ мигрантлар шунчаки анча фаровон давлатларни тўлдиради. Визага оид тўсиқлар, чегара хизматларининг кучайтирилиши, ҳатто чегаралар бўйлаб пўлат деворларнинг қурилиши ҳам кўчаётганларни тўхтатолмайди. Пайти келиб улар нафақат маҳаллий аҳолига қўшилиб кетади, балки мамлакат маданияти, сиёсий ҳаёти ва иқтисодиётига жиддий таъсир ўтказади.
Африка, Яқин Шарқ, Марказий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Лотин Америкаси мамлакатлари кўчувчилар оқимлари манбасига айланади. Европа, Шимолий Америка ва Австралия «истило» объектларига айланади.
«Моҳият»дан