Эшиклар ёпилади...

Эшиклар ёпилади...

Масжид. Жамоат фарз намозини адо этмоқ учун олд қаторларни тўлдира бошлайди. Шунда биринчи сафда турган кексалардан бири ёнига кираётган бир болакайга ўқрайиб: «болалар орқада намоз ўқийди», дейди-ю, ёнига ўзининг ошнасини чақиради. Ёхуд, намоз ўқиб турган одамнинг олдидан ўтиб кетган болага ҳамма бирдек буқа қараш қилади...

Болалигига бориб, намоз пайтида пиқиллаб кулиб юборган бола эса масжиддан биратўла қувиб солинади. Манзаранинг у ёки бу кўринишига камида бир марта дуч келгансиз, тўғрими? Ҳатто айримларда болаларнинг масжидга чиқиши масжид одобига хилоф, деган тушунча ҳам мавжуд. Ундан ҳам ёмони — деярли ҳар бир масжидда болаларга ажина бўлиб кўринадиган ва уларга дакки берадиган катталар топилади. Афсуски, диний билими, дунёқараши, тушунчалари ниҳоятда тор бўлган айрим кексалар болаларга юзларини буриштириш, қошларини керишни масжиднинг иззатини сақлаш, деб тушунадилар. Ҳолбуки, улар бу ҳаракатлари билан болаларни масжиддан бездирибгина қолмай, Расули Акрам с.а.в.нинг суннатларига хилоф амални қилган бўладилар. Пайғамбаримиз с.а.в. жомеъда саф тортиш масаласида, эркакларнинг олдинда, уларнинг орқасида (агар бўлса) хунасалар, ундан кейин болалар ва башарий мулоҳазага кўра уларнинг ҳам орқасида аёлларнинг туришини тавсия қилганлар.

Агар ушбу кўрсатмага риоя қилинса, болалар жомеъда халқнинг ибодат қилиш шавқини, завқини кўриб ҳис қиладилар ва диний ҳаёт билан алоқалари кучаяди. Шу эътибордан уларни қувиб солиш, қўрқитиш ва қаттиқ муносабатда бўлишдан кўра, қўлларига совға тутқазиш, намозга нисбатан қалбларида илиқлик уйғотиш лозим. Фарзандларга масжид, унинг ҳовлисини севдирмоқ ва ҳар доим уларнинг туйғуларига ибодат жойининг муқаддаслигини сингдирмоқ керак. Расулуллоҳ с.а.в. жомеъда, жамоат билан намоз ўқир эканлар, неваралари Умомани елкаларига олар, эгилганда ерга қўйиб, турганда яна елкаларига ўтқизар эдилар. У зоти шарифнинг бу ҳолатлари бошқаларга ўрнак бўлиш эътибори билан жуда муҳимдир.

Сарвари Оламнинг болаларни масжиддан ҳайдаш масаласида ноўрин бир жумла ёки ҳаракатларига ҳеч қачон гувоҳ бўлинмаган. Бугун эса нафақат болани елкада олиб ибодат қилиш, балки у билан бир сафда намоз ўқишни ҳам ўзимизга эп кўрмаяпмиз. Боланинг қалбида учқунлаётган иймон нурини биргина қўпол ҳаракатимиз билан сўндиришга «ҳисса қўшмоқдамиз». Жамоат намозига келган бировнинг боласига ўзимизнинг компьютер клубидан бери келмайдиган, қулоғидан МР3 плейер тушмайдиган боламизчалик меҳр кўрсата олмаяпмиз.

Аввало, масжидга бораётган болага жомеъ ва жамоат одобини тушунтириб қўйиш ота-онанинг зиммасида. Бироқ унинг масжидда йўл қўйган хатоси ўқрайиш ва туртиш билан тузалиб қолмайди. Балки жомеъ остонасига қадам қўйиш бахти ўша боланинг отасига насиб этмагандир, балки ота-онаси масжид одоби тугул, калимаи шаҳодатни ҳам эплаб айтиб беролмас унга. Балки шунча ўртоқларига эргашиб, ўйинқароқлик билан келгандир бу муқаддас масканга? Агар шундай бўла туриб, у масжиддан ўзини масжиддан бездирувчи нигоҳлару таҳдидларни олиб чиқса, яна қайтиб бу ерга қадам босармикан? Агар қайтса, дўппингизни осмонга отаверинг! Ахир, диндан ҳеч қандай хабари йуқ, бироқ унга мойиллиги бўлган боланинг масжидга келиши унга тўғри йўлни кўрсатиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш учун айни муддао эмасми? Мурғак юрагида Аллоҳ ва унинг Расулига муҳаббат уйғотиш учун бундан қулай вазият бормикан?

Айтайлик, бола масжидда юқорида санаб ўтилган хатоларнинг бирига ўзи билмаган ҳолда йўл қўйди. Намоз тугагач уни чақириб, қўлига бир ширинлик тутқазиб чиройли насиҳат қилинса, таҳдиду танбеҳдан яхшироқ самара беришини ҳеч ким рад этмаса керак. Сафда туриб пиқиллаб кулган болани кейинги гал ўртоқлари билан бир жойга эмас, балки ёнинимизга олиб ибодат қилсак, бу ҳолат ҳам бартараф бўлади. Ва ниҳоят, «болаларнинг орқада туриб намоз ўқиганлари маъқул», деган мазмундаги ҳадисни суиистеъмол қилмаслик керак. Ўзи зўрға бир қатор чиқаётган сафнинг биринчи қатори ҳам охирги қатори ҳам ўшанинг ўзи бўлади...

Яна бир гап. Фарзандингизнинг масжидга чиқаётганидан хавотир олаётган бўлсангиз, турли хил ақида ва оқимлар таъсирига тушиб қолишидан қўрқсангиз, бу масалада унга жомеъга боришни таъқиқлагандан кўра, қўлидан етаклаб бирга олиб борганингиз маъқул. Чунки таъқиқланган дарахт меваси шириндек туюлади. Бу одамнинг қонида бор...

Фарзандларга масжид эшигини ёпманг! Болаларни у ердан қувманг! Ҳар ҳолда бу дискотека, интернет кафе каби жойларга боргандан а-а-нча яхшироқ...

    Ҳамза Ҳаётзода

back to top