Ғозлар ҳақида
- Written by Administrator

Ҳеч эътибор берганмисиз, ғозлар узоқ масофаларга сафар қилганларида учбурчак шаклини ҳосил қилиб учишади. Битта ғоз энг одинга ўтиб олади, қолган ғозлар эса иккита-иккита бўлиб унинг орқасидан терилиб учишади. Шу тариқа ғозлар қийналмасдан, чарчамасдан сафар қилишади. Замонавий илм-фаннинг ҳисоб-китобига кўра, жамоа бўлиб учган ғозлар ёлғиз учган ғозга қараганда 71 фоиз узоқроқ масофага бора олар, яъни ёлғиз ишлашдан кўра ўртоқлар билан биргаликда ишлаш кўпроқ фойда келтирар экан. Ҳозир буни сизга батафсил тушунтириб беришга ҳаракат қиламиз.
Биринчи мисол: Умумий мақсад сари интилишнинг аҳамияти
Ғозларнинг учбурчак ҳосил қилиб учиши бежиз эмас, бу ерда ҳар бир ғознинг қувватидан унумли фойдаланилади ва шу услубда учиш ҳар бир ғознинг ҳаракатларини бирмунча осонлаштиради. Олдинда бораётган ғоз ҳавони иккига бўлиб, орқадаги ғозлар учун қаршилик кучини камайтиради. Орқадаги ғозларнинг қанот қоқиши эса олдинда кетаётган ғоз учун қулайлик яратади – яъни бу ерда биргаликда учиш ҳар бир ғоз учун фойдали ҳисобланади. Олдиндаги ғоз ҳавони иккига бўлиб бераётгани учун орқадагилар бемалол қанот қоқишади, орқадагилар қанот қоқиб қўшимча ҳаракат ҳосил қилганликлари учун олдиндаги ғоз ҳам ёлғиз учишга қараганда камроқ оғирлик сезади.
Хулоса: Агар биз бир бўлиб ишлашга ўргансак, ҳар бир мақсад сари бирга интилишнинг мукаммал кўринишини шакллантирсак, нафақат манзилга бориш тезлашади, балки босиб ўтиладиган йўл ҳам осонлашади, ҳаракатларимизда ҳам қийинчиликлар камаяди.
Иккинчи мисол: Жамоа бўлиб ишлашнинг аҳамияти
Ғозлар баъзан умумий тўдадан четга чиқиб кетишади, аммо бироз ёлғиз учиб, албатта яна тўдага қўшилиб олишади. Чунки ёлғиз учишда улар ҳаво қаршилигини енгишга қийналишади, тез чарчаб қолишади. Бу усулда узоққа бора олмасликларини англаб, яна тўдага қайтишади.
Хулоса: Агар биз ғозлардан ўрнак оладиган бўлсак, ўзимиз хоҳлаган томонга кетаётган одамларнинг кучидан унумли фойдалана билишимиз, манзилга ёлғиз эмас, бошқалар билан бирга боришга интилишимиз керак. Бу йўл билан биз бошқаларнинг ёрдамидан фойдаланамиз, ўзимиз ҳам бошқаларга кўмаклашамиз ва битта мақсад сари биргаликда, энг муҳими, ортиқча заҳматсиз етиб борамиз.
Учинчи мисол: Навбат билан ишлашнинг аҳамияти
Биринчи бўлиб кетаётган ғоз бошқалар билан навбат алмашиб туради. Гарчи орқадагиларнинг ҳавони тўсиб боришлари биринчидаги ғознинг учишини осонлаштирса-да, ҳаво қаршилигига давомий равишда рўбарў келиш уни орқадаги ғозларга қараганда тезроқ чарчатади. Шунинг учун биринчи бўлиб кетаётган ғоз бироздан сўнг ўрнини бошқа ғозга бўшатиб беради. Тўдадаги барча ғозлар буни яхши билишади ва ҳарбий соқчиларнинг алмашишидан ҳам аниқроқ тартиб билан ўрин алмашиб туришади. Олдиндаги ғоз чеккага қочади, орқада кетаётган ғозлардан бири унинг ўрнини эгаллайди, чеккага чиққан ғоз тўданинг ўртасига – энг осон жойлардан бирига қўшилиб олади. Қолган ғозлар унинг тўда учун катта меҳнат қилгани ва чарчаганини тушунгандек, ўзини тиклаб олгунига қадар анча масофагача атрофини ўраб олиб, уни эҳтиёт қилиб боришади.
Хулоса: Қийин ишни бажаришда навбат жорий этилиши анча фойда келтиради. Бундан ташқари, қийин ишни бажараётган, ўзига хос қобилият эгаси ҳисобланувчи шерикларимизни эҳтиёт қилишни, уларни авайлашни ғозлардан ўрганишимиз керак.
Тўртинчи мисол: Ҳамдардлик ва тушунувчанликнинг аҳамияти
Касал бўлиб қолган ёки жароҳат олган ғозлар агар сафарни давом эттира олишмаса, тўдани тарк этишади. Аммо улар тўдадан ажралишаётганида, бошқа ғозлар буни беэътибор қолдиришмайди. Битта жароҳатланган ёки ногирон ғозга иккита соғлом ғоз шерик бўлиб, тўдадан бирга ажралишади. То касалванд ғоз бирон манзилга қўнмагунича, ёки ўзига келиб, яна сафарни давом эттира оладиган бўлмагунича, уни ташлаб кетишмайди.
Хулоса: Агар бизда ҳеч бўлмаса шу ғозларчалик меҳр топилса, бир-биримизга ёрдам қўлини чўзишдан ўзимизни олиб қочмаган бўлардик. Айниқса, қийинчилик, муаммо ва бошқа ноқулайликларга рўбарў бўлган шерикларимизни ёлғиз ташлаб қўйишимиз, ўзларини тиклаб олишларига имконият яратиб бермаслигимиз уларнинг муаммосини икки-уч баравар катталаштириб юбориши табиий. Агар биз ғозлар каби қийинчиликдаги шеригимизни ёлғиз ташлаб қўймасликка ўргансак, нафақат ўша қийинчиликка учраган шеригимизнинг, балки ўзимизнинг ҳаётимизни ҳам анча бехавотир кўринишга келтириб олган бўлардик.
Бешинчи мисол: Қўллаб-қувватлашнинг аҳамияти
Пастдан қараганда ғозларнинг учбурчак ҳосил қилиб учиши – жуда ажойиб манзара. Улар худди осмонда хотиржам ва тинч сузиб кетаётганга ўхшашади. Аммо агар тўдага яқинроқ борадиган бўлсангиз, унинг нақадар шовқинли эканини, ғозларнинг бўлар-бўлмасга ғағалайверишини сезасиз. Бир бирига «ға-ға»лаб учадиган бу ғозлар худди бир-бирларини қўллаб-қувватлаб турганга ўхшашади. Ғозларнинг ғағалашига бир қанча сабаблар бор, деб фараз қилинади. Аммо асосий тахмин шундан иборатки, овоз бериш орқали улар бир-бирларига ўзларининг турган жойларини билдириб ва, энг муҳими, атрофдаги шерикларини қўллаб-қувватлаб туришади. Орқадаги ғознинг овоз бериши олдинда бораётган ғозга тезликни камайтирмасликни, орқадагилар ўз жойида келаётганини билдириб туради гўё.
Хулоса: Биз ҳам атрофдаги шерикларимизга «ғағалаб» туришни ўрганишимиз керак. Бир бўлиб ишлаяпмизми, бир-биримиз билан хабарлашиб, қанақа тезликда «учиб бораётганимизни» билиб ва билдириб туришимиз керак. Бундан ташқари, шериклари тинимсиз «ғағалаб» турса, киши ўзини хотиржам ҳис қилмайди ва бунинг натижасида ишга бўлган эътибори сусаймайди. Яъни, иш унуми доим битта савияда давом этади.
Ғозлар узоқ масофаларга дам олмасдан уча олишлари билан бошқа қушлардан кескин фарқ қилишади. Ҳатто ёлғиз ғоз узоқ муддатда ҳам бора олмайдиган масофаларга бир гуруҳ ғоз қийинчиликсиз ва тез етиб боради. Одамлар ҳам ғозлар каби гуруҳ бўлиб ишлашни ўрганишлари, гуруҳ бўлиб ишлашнинг манфаатидан фойдалана билишлари керак. Қачонки биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турсак, «ғағалаб» тинч қўймасак, қийин иш қилаётган ёки олдинги сафда бораётганларни қўллаб-қувватласак, заиф ва жароҳатланганларни ёлғиз ташлаб қўймасак, энг муҳими, ёлғиз эмас, бирлашиб манзил сари отлансак, ғозлардан ҳам муваффақиятлироқ бўламиз, ғозлардан ҳам каттароқ натижаларга эришамиз!