Урушсиз яшаб бўлмайдими?
- Written by Administrator
Инсоният бутун тарихи мобайнида бор-йўғи 292 йилгина урушларсиз яшаган.
Англия ва Франсия ўртасида 1337 йилдан 1453 йилгача, жами 115 йил давом этган уруш жаҳон тарихидаги энг узоқ уруш ҳисобланади.
Ҳозиргача Ер юзида жами 15 мингдан ортиқ уруш бўлган, шундан 5700 таси катта урушлар эди, қабилалараро этник урушлар бунга кирмайди. Улар сони ўн олтинчи асрда 106 та, ўн еттинчи асрда 231 та, ўн саккизинчи асрда 703 та бўлса, ўн тўққизинчи асрда 730 тага етган. Ўтган асрда эса Иккинчи жаҳон урушигача 882 та, ундан кейин эса 300 дан ортиқ уруш бўлди.
Урушлар оқибатида ўн еттинчи асрда 3,3 миллион, ўн саккизинчи асрда 5,4 миллион, ўн тўққизинчи асрда 5,7 миллион киши ҳалок бўлди. Ўтган асрдаги Биринчи жаҳон урушида 10 миллион, Иккинчи жаҳон урушида 52 миллион киши қурбон бўлди.
Мутахассислар ҳисобича, Юлий Цезар давридаги урушларда битта одамни ҳалок қилишга 1 доллар, Наполеон даврида 1000 доллар, Биринчи жаҳон урушида 21000, Иккинчи жаҳон урушида 200.000 доллар миқдорида маблағ сарфланган.
Таниқли иқтисодчи Нобел мукофоти соҳиби Жозефнинг ҳисобича, АҚШ бошлиқ ҳарбий коалиция Ироқдаги урушга 5 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. Аммо Ироқ аҳолисидан қурбон бўлган 3 миллион кишининг хунини нима билан ўлчаса бўларкин?! Ҳарбийлар ҳам 3000 дан зиёд аскарини қурбон беришди, АҚШ армиясининг 16,2 минг аскари яраланди.
Ҳозир куррамизда тўпланган энг ўткир заҳар – цианид қуроли билан 750 миллиард кишининг ёстиғини қуритиш мумкин.
Швейцариялик олимлар ҳисоб-китобига қараганда, инсониятнинг охирги беш юз йиллик ҳаётида юз берган 14.000 урушда қарийб 5 миллиард одам ҳалок бўлган.
ХХ аср "энг қонли" юзйиллик бўлди, шу асрдаги урушларда жами 70 миллион кишининг ёстиғи қуриди.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозирги кунда ҳар йигирма дақиқада кимдир турли миналарнинг портлашидан ҳалок бўлади. Йигирманчи аср бошларида минадан қурбон бўлганларнинг 80 фоизини ҳарбийлар ташкил этган бўлса, ҳозир ҳалок бўлаётганларнинг шунчаси тинч аҳоли вакилларидир.
Битта минанинг нархи 3 доллар, уни зарарсизлантиришга эса 1000 доллар маблағ керак бўлади.
Мутахассислар ҳисобича, оддий урушларда қурбон бўлганлардан бир жангчига тинч фуқаролардан 10 киши, ядро урушида эса бир жангчига 100 нафар тинч фуқаро тўғри келади.
Охирги ўн йил мобайнида кечган урушларда 1,5 миллион бола ҳалок бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши мобайнида Ўзбекистонга уруш жойларидан 200 минг бола кўчирилган.
Бугунги кунда бир дақиқада дунёда 25-30 та бола очликдан ўлаётган ёки касалликдан вафот этаётган бир пайтда ана шу бир дақиқа ичида 3,7 миллион доллар маблағ ҳарбий мақсадларга сарфланмоқда.
Иккинчи жаҳон урушининг "қиёфаси" бундай: уруш 6 йил давом этди, унда 60 дан ортиқ мамлакат иштирок этди, урушган давлат аҳолиси сони 1,7 миллиард кишидан кўпроқ эди, 22 миллион квадрат метр майдонда ҳарбий ҳаракатлар кечди, 110 миллион киши қуролли кучлар сафига жалб қилинди, 50 миллион киши ҳалок, 90 миллион киши ярадор ё майиб бўлди, моддий талафотлар ҳажми 4 триллион долларни ташкил этди.
2008 йили дунё бўйича ҳарбий харажатлар олдинги йилга нисбатан тўрт фоизга ўсди ва 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил этди.



