Китобхон бўлайлик!

Китобхон  бўлайлик!

Эй инсон илм ол,ўқигил китоб,
Зора у бўлса қабрингда офтоб.
Муаллифдан.

Ҳар гал Тошкентга борар эканман албатта,  “Чорсу”даги китоб дўконига кирмай қайтмайман. Менга у жой қандайдир файзли туюлади. Расталардаги китобларни варақлар эканман, улар тугаб қолмаса эди..., қани энди хаммасини сотиб олсам-у, бир-бир ўқиб чиқсам..., деб бирини олиб, бирини қўяман.

Бу жойда қайсидир китоб ҳақида баҳс  қилаётган, қандай китоблар ҳозирда долзарб мавзуларда ёзилмоқда, каби мавзуларда муҳокама олиб бораётганларни учратасиз, беҳосдан суҳбатларига қўшилиб қоласиз. Бир синглимиз сотувчидан “Қандай китобларни тавсия қиласиз”, деб сўраётганлигини эшитиб қолдим. У синглимиз “ҳар хил одамларнинг суҳбатидан кўра,  китоб ўқиган афзал, китоб ўқишлик менинг хоббийим”, дер эди. “Ҳар хил одамлар билан гаплашгандан китоб ўқиган афзал”, деган гапи оқилона гап эди-ю, “китоб менинг хоббийим”, деган гапидан  афсусландим. “Синглим китоб ўқишдан мақсадингиз ақлингизни чарҳлаш, теран фикрга эга бўлиш, яхши билан ёмонни ажратиш, энг асосийси Хақни таниш бўлишлиги керак, хоббилик билан савобдан махрум бўласиз. Ўқиганда ҳам дуч келган китобни эмас, кишини разолатдан рисолатга, ёвузликдан эзгуликка, дўзаҳ йўлидан жаннат йўлига бошловчи китобларни ўқимоқ даркор”, дегим келди-ю, аммо, тортиндимми, жазм этмадим.
Китоб расталардаги китобларни қайта қайта варақлар эканман турли касбдаги кишиларнинг мушоҳадаларидан, китоблардаги мавзуларни муҳокамасидан сездимки, китобхонлик борасида маълум бир савия, китоб[онлик даражаси халқимиз орасида бор экан. Бу албатта, кишини ҳурсанд қилади. Хозирги тараққиёт замонида кимларнидир назарида китоб зарурмасдек туюлиб, эътибордан четда қолмоқда. Интернет саҳифаларидан ҳар ким ҳоҳлаган китобини бир неча сонияда топиб ўқишлиги у китобни қидириб топишдан осондир, лекин бу дегани “китоб керакмас” дегани эмас. Асло! Менга масалан интернетдаги китобдан кўра китобнинг ўзини ўқишлик мароқли,осон. Китобни ўзидаги ҳаловатни барибир интернетдаги китобдан ололмайсиз.
Ногоҳон бир ижтимоий сайтларнинг бирида шундай жумлаларга кўзим тушиб қолди; “Бизлар Қуръон ва ҳадис ёдлаб, китоб ўқиб нима қиламиз, ҳаммасини комьпютерга жойлаб қўйсак тайёрку, ҳоҳлаганимизда истаган оят ва ҳадисни топиб ўқиб фойдаланишимиз мумкин-ку”. Даҳшат! Қаттиқ раддия ёздим ва тезлик билан буни олиб юборишлигини гапирсам, у жаноб бу “Шунчаки савол эди. Қани одамлар нима деркинлар деб ёзгандим” дедилар. Бундай савол қўйишни ўзи хатарли. Комьпютердаги китобга ишониб, китобни четга олиб қўйишлик, айниқса шариатимиз аҳкомларини фақат интернет саҳифалари орқалигина ўрганиб китобга бепарво бўлишлик бу фожеа. Қадимдан мўмин мусулмонларнинг ҳонадонларида албатта кутубҳоналари бўлган. Фарзандлари билан китобхонликлар, ўқиган китоблари хақида мухокамалар бўлиб келган, ота оналар фарзандларининг ўқиётган китоблари юзасидан назоратлар ўрнатган. Шунинг учундир балки тарбияли фарзандлар вояга етган бўлса не ажаб.
Ёмон китоб ёмон инсондан ёмон. Ёмон билан юрган фарзандингизни кўриб ундан ажратиб олишингиз мумкин. Лекин, беркитиб ўқиётган китоби, интернетдаги ақидани бузувчи, соғлом тафаккурдан чалғитувчи китобларнинг зиёни кучли. Бундай бузуқ мафкурани тарқатувчи ёт ғоялардан фарзандларимизни асрашимиз учун биз ота оналар ўзимиз китобхон бўлибгина қолмай, китобнинг яхши ёмонини ажрата оладиган савияда бўлишимиз лозимдир. Фарзандинигизни диний китоб ўқиётганини кўриб хурсанд бўларсиз, лекин у “Хизбут таҳрир” ёки “Вахобийлик” оқимига тарғиб қилувчи китобларни ўқиётганини ажрата оласизми? Бунинг учун ота она муқаддас динини билиши, ҳеч бўлмаса зарур фихқий масалаларни, динга раҳна солувчи бузуқ эътиқодлиларни таниб олишилиги зарур. Бунинг учун бугунги кунда ҳеч ким рад эта олмайди-ки, бизларни тўғри йўлга бошловчи китоблар йўқ, деб. Қайси биримиз соатлаб телевизордаги бемаза сериалларни кўриб ўтирган оила аъзоларимизга китоб ўқишни таклиф қилдик?! ёки ўзимиз ўқиб бердик?! Қўлидан телефон тушмай қолган, ёки комьпютер қаршисида туни билан бефойда ишлар билан шуғулланиб ўтирган фарзандларимизга уларнинг одоблари ҳақида насиҳат қила оламизми?! Фарзандингиз қўлидаги телефон юз, икки юз, балки, беш юз доллар турар, шуни сиз олиб беряпсизми?! Нега ижтимоий одоблардан таълим бермайсиз?! Аввало, “ижтимоий одоблар”ни ўзингиз олиб ўқинг ва фарзандингизга беринг.
Телефон аслида инсонлар учун Аллоҳнинг неъмати эдику. Бизлар ўзимиз уни гунох учун ишлатмаяпмизми?! Фарзандларимизни бахти учун жонимизни жабборга бериб ишлаймиз, тиним билмаймиз. Уларнинг сеп-сидирғаси учун миллионларни сарф этамиз-у, нега турмушга узатаётган қизимиз учун, “оилада унинг бурч вазифалари, қайнота ва қайнона олдидаги одоблари, эри олдидаги ҳақ хуқуқ ва бурчлари” ҳақидаги биргина китобни олиб бермаймиз?! Фарзанд ширин деймиз-у, нега уни ширин хаёт кечириши учун курашмаймиз?! Кураш бу мол дунё йиғиб бериш эмас, уни маърифат эгаси қилишлик, маънавиятли қилишлик, борган жойида бахтли яшаш мазмун-моҳияти ҳақида таълим беришда эмасми?! Етти пуштига етадиган мол дунё билан таъминланган оилалар ҳам бузилиб кетмоқдаку... Нега кўриб билиб, бахтнинг омили бойликда эмаслигини англаб ҳам фарзандларимиз тарбиясига  жиддий ёндошмаймиз? Камбағал ҳолида борига шукр қилиб, бахтга кўмилиб яшаётган кишилар қанча. Нега бойликсиз бахтли яшаётганлигини моҳиятини ўйлаб кўрмаймиз?!
Қайси биримиз узатаётган қизимизга “Бахтиёр оила” китобини совға қилдик, ёки ўқиб таълим бердик?! Қайси биримиз набира кўриб фарзандимизга  “Соғлом бола” китобини ҳадя қилдик?! Ёки, кимимиз фарзанд тарбиясида ушбу китобни қўлланма қилиб олдик?!
Ҳозирги кунда одамлар орасидаги пул алоқалари кўпайгани сари унинг муаммолари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу масалада шаръий таълимотларни ўрганиб амал қилсаккина бундай ноҳушликларга дуч келмаймиз. “Қарз ва унга боғлиқ масалалар” китоби эса айни кўнглимиздаги, биз кутган китоб бўлди. Аслида хақиқий бойлик китобдир! Қимматбаҳо совға ҳам китобдир! Жиянимнинг бир таниш қадрдони Шайх ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” китобларини қизларининг сеплари учун олганлигини айтганди ҳурсанд бўлдим. Буни гапириш керак, одамлар эшитиб улар ҳам бу ишни қилиши керак. Ахир “фалончи қизига фалон миллион сўмлик мебель олибди олишимиз керак”, деб туриб олганлар, “хозир ҳамма қилмоқда биз ҳам қиламиз”, деб эрини мажбурлаётган аёллар буни эшитсин! Қизларининг сепларига шариатимизнинг саодат мезони битилган китобларни олсин! Ёмон бидъатни пайдо қилишмоқдаку,нега савобли бидъатга келганда оқсайдилар. Аллоҳ бундайларни қалбини очсин.
Эсимни танибманки ўғлини уйлантираётган ота фарзандини масжидга олиб келиб: “Менинг фарзандим оила қуриш остонасида, унга унинг бурч ва вазифаларини тушунтириб қўйинлар, эртага бу ҳам ота бўлади, бунинг маъсулиятлари ҳақида насиҳат қилинглар, мен фарзандимни бахтли яшашини ҳохлайман”, деган отани ҳали кўрмадим. Ёки, “мен қизимни узатмоқдаман унга бир яхши китоб беринглар ўқиб вазифаларини англасин”, деб айттириб юборган аёлни эшитмадим. Қани эди фарзанлари шариатимиз белгилаб берган вазифаларини билганларида... Бугун куйиб ўтирмасдилар.
      Мен китоб дўконларини айланар эканман асосан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг китоблари билан овора бўламан, сотиб оламан, янги китоблари чиққунча ўқиб, ўзлаштиришга харакат қиламан. Ҳалқимиз орасидан ҳазрат каби алломалар чиқишлиги, динимизнинг, қолаверса халқимизнинг бахтидир. У кишининг хозирда олиб бораётган фаолиятлари дунё миқёсида таҳсинга сазовор, меҳнатлари буюкдир. Бизларни вазифамиз бундай улуғларимизни эъзозлаб, дуолари илинжида бўлишимиз керак.
Китоб расталарини айланиш мобайнида икки кишини адиб Тоҳир Маликнинг “Инсонийлик мулки” китобини мақтови хақида қилаётган суҳбатларини эшитиб қолдим. Дарров китобни кўзим билан излай бошладим. Буни сезган сотувчи сўрамасимдан қўлимга тутқазди. Китобни варақлар эканман ёруғлик, нур борлиги яққол сезилди. Китобни сотиб олдим. Рости мен асосан диний китоблар билан машғул бўлганим учун қайсидир адибнинг қисса ёки, ҳикоясини ўқишга рағбат топмасдим. Тоҳир Малик ҳазратларини эса фантастик, дедектив жанрда ижод қилувчи шахс деб билардим. “Инсонийлик мулки”ни қўлтиқлаб адибнинг бошқа китобларига эътибор қаратиб варақлай бошладим. “Одам бўлиш қийин”... “Муножот”, “Ҳалол нимаю ҳаром нима” каби қатор қитобларини олиб ўқиб, адибнинг юксак маънавият эгаси бўлибгина қолмай, гўзал қалб соҳиби, олийжаноб инсон эканлигини сездим. Адибнинг “Инсонийлик мулки” китобини ўқиш мобайнида у зотнинг дину диёнатли, Роббига яқин инсон эканлиги янада муҳаббатимни оширди. Ўқувчи китобда зерикиб қолмайди. Ҳаётий воқеалар, диний ривоятлар билан уйғунлашиб кишини эзгулик томон етаклайди. Китобдан узоқлашган киши беихтиёр уни соғина бошлайди. Ўқигиси келади.
Жоҳил инсонга бир диний китобни бериб, ўқи десангиз тушунмаслиги, сиқилиши мумкин, лекин Тоҳир Маликнинг китобларида бу нарсани кузатмайсиз. Адиб муқаддас динимиз билан адабиётни уйғунлаштириб гўзал нарса асар пайдо қилган. “Инсонийлик мулки” инсонни инсон бўлиб яшашликка чақиради, инсонийлик мазмун-моҳиятини теран англаб, одам бўлиб, бу ғанимат умрдан оқилона фойдаланиб, ҳалол пок яшашликка даъват этади. Инсонлар билан муносабатда гўзал хулқ соҳиби бўлишга чақирса, оиланинг фаровонлиги борасидаги кўрсатмалари ғоят қадрлидир.
“Бахт” ни излаб юрганлар учун адиб кишилик жамиятига “Бахт” формуласини чиройли тушунтирган.
“Дўстим кўпайсин” деганлар китобдаги насиҳатларга амал қилсин. “Саодат” йўлини излаганлар китобни меҳрла варақласин. Китоб жоҳил инсонга асталик билан Ҳақни танитади ва унинг таълимотлари асосида яшашга ўргатади.
“Инсонийлик мулки” Аллоҳ таъолонинг ояти карималари ва Расулимиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари ила мўътабар китобга айланган. Ундаги азизларимизнинг гўзал мисралари, байтлари ўқувчини эътиборсиз қолдирмайди. Жойида келтирилган ривоятлардан яҳшилик оласиз. Китобда оят ва ҳадислар бўлмаган тақдирда ҳам ўз қимматини йўқотмас эди. Чунки  ундаги мақсад ва ниятнинг ўзи улуғ. Адиб инсонни бу омонат дунёда фақат икки дунё саодати ила яшашлигини жудаям ҳохлаган, дуоларида илтижолар қилган. Шу нарсанинг ўзи буюклик эмасми?!

Абу Ҳурайра розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса,унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди”, дедилар.
Алоҳ таоло барчаларимизни ҳидоятга чорловчилардан қилсин!

Мақола муаллифи: Андижон шаҳар “Уйғур” жоме масжиди мутаваллиси Фарходбек Жўраеев.

back to top