Адабиёт сари солинган кўприк
- Written by Administrator
Бир томонда - адабиёт, бадиият, назм-у наср ва маънавият. Бошқа томонда - технологиялар, Интернет, компютер-у смартфонлар... Наҳотки уларнинг бошини бирлаштириб бўлмаса? Наҳотки бири илгариласа, иккинчиси албатта четга чиқиши лозим бўлса?
e-adabiyot.uz сайти ижодкорлари бу саволларга йўқ, деб жавоб бердилар. Жавобларини амалда, ўз сайтларида исботладилар - e-adabiyot.uz адабиёт оламига элтувчи электрон кўприк сифатида юзага келди.
Сайт бош саҳифасини очарканман, ундаги рукнлар, мавзулар хилма-хиллигини кўриб кўзим ўйнади, қайси биридан бошлашни билмай ақлим шошди. Ўзингиз тасаввур қилинг: «Ўзбек адабиёти»ми ёки «Жаҳон адабиёти»? «Кутубхона»га кириб кўрсаммикин ёки олдин «Адабиётшунослик» билан танишсаммикин?
Сичқончанинг ғилдиракчасини аста айлантираман... саҳифа пастки қисмида сайт янгиликлари, кўп ўқилган мақолалар, ён томонда эса, «Эркин фикр» бўлимида фойдаланувчилар фикр-мулоҳазалари ўрин олган.
Сайт бўлимларини бирма-бир кўздан кечирарканман, унда ўзбек адабиётига, айниқса Навоий ижодига катта ўрин берилганлигини кўрдим. Бу бежиз эмас, албатта. Ўз адабиётини билмаган жаҳон адабиётини қандай тушунсин? Навоийни ўрганмай туриб эса, миллий адабиётимизни биламан, дейиш уят. e-adabiyot.uz бизга Навоийни янгидан кашф этишни, буюк аждодимизнинг ижодиётига янгича назар ташлашни таклиф этади.
Сайт сайрида давом этаман. Миллий уйғониш даври адабиётини варақлайман... Чўлпоннинг «Адабиёт надур» мақоласига дуч келаман. Бундан нақ 100 йил олдин битилган бу ҳайқириқ, бу нидо мисоли шу кунда, бизга қараб айтилгандек туюлади.
«Биздан бошқа миллатларга кўз солсак кўрамизки, аларнинг олти ёшдан олтмиш яшар қариларина қадар адабиётдан бир лаззат олуб охир умрига қадар адабиёт ўқуб эшитмакни вазифаи миллиясидан ҳисоб қилур»,- дейдилар Чўлпон бобомиз.
Худди мен-у сизга қарата: «Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук»,- дейдилар.
Бу сўзлардан таъсирланиб, сайтни «титкилаш»га яна ҳам бериламан.
Халқимиз адабиёти тарихига бағишланган бўлимга ўтаман. Бу ерда Маҳмуд Қошғарийдан бошлаб жадидларгача, Яссавий шеърияти тилидан то замонавий адабий тилгача бўлган мавзулар турли мақолалар орқали акс эттирилган.
Менинг эътиборимни бир ёзувчи билан уюштирилган «Тил -миллатнинг ўзаги» номли саволсиз суҳбат ўзига жалб қилди. Суҳбат барчамизни ўйлантириб ва қийнаб келаётган масала - ажнабий сўзларга ўчлик қилаётганимиз ва ўзбекона ибораларга менсимай қарашимизга бағишланган.
«Энг афсусланарлиси - тоза ўзбекча сўзларимизни бугун тилимиздан биронта бегона миллат мажбуран сиқиб чиқармаяпти, ўзимизнинг ихтиёримиз билан ўзимиз қиляпмиз бу ишни. ... Ҳар ким бир кунини шу ишга ажратиб кўчага чиқсин, икки тараф турли-туман ёзувларга тўлиб кетган, шуларнинг ичида ўзбекчаси қанча учрайди - бир санаб кўрсин...» - куюниб сўзлайди адиб.
Суҳбатда кўплаб баҳсли, мунозарали нуқталар тилга олинган, унда келтирилган фикрларнинг баъзисига қўшиласиз, бошқаси сизга маъқул келмайди. Лекин, асло бефарқ қолмайсиз.
Менимча, сайтнинг энг ранго-ранг бўлими - бу «Жаҳон адабиёти» бўлса керак, бу ерда турли миллатларга мансуб, турли даврларда яшаган адибларнинг турфа жанрлардаги юздан зиёд асарлари ўзбек тилида берилган.
Эрнест Хемингуей Стивен Кинг, Ги де Мопассан, Сомерсет Моем, Антон Чехов, Чингиз Айтматов ва бошқалар... Дунё адабиёти дурдоналари ягона шодага терилган. Юкланган асарлар рўйхатини кўриб чиқарканман, шу пайтгача бу сайтдан бехабар бўлганимдан афсусланиб кетдим. Ҳечдан кўра кеч яхши, ҳозироқ бу сайтни браузерим «хотира»сига киритиб қўяман ва ҳар куни озгинадан бўлса-да, «адабий танаффус» қилиб тураман.
«Жаҳон адабиёти» бўлимини кўздан кечираётганимда кўнглимдан «Асарларни юклаб олиш хизматини йўлга қўйишса бўларкан. Шарҳим охирида шуни ёзаман», деган фикр ўтди. Лекин тезда бу фикрдан қайтишимга тўғри келди - бундай сервис алтақачон сайтда ишлаб турган экан.
«Китоблар» бўлимига айнан юклаб олиш учун асарлар жойлаштирилар экан. Тўғри, ҳозирча уларнинг сони унчалик кўп эмас, лекин келажакда янада кўпайишига умид қиламиз.
Шу ўринда бир гапни айтиб кетай - сайтга янги мақолалар, асарлар, юклаб олиш учун китоблар қўйилиши бизларга боғлиқ. Сайтга қанча кўп кирсаг-у рўйхатдан ўтиб, ўз талабларимизни, мулоҳаза ва истакларимизни қолдириб борсак, сайт ижодкорлари шунчалик кучли қизиқиш билан ишлайдилар.
Боя, «Ўзбек адабиёти» бўлимида ҳайрон бўлувдим - нега ўзбек шоир-у ёзувчиларининг ижод намуналари қўйилмаган деб. Билсам, улар «Кутубхона» бўлимидан жой олган экан. Бу ерда яна адибларимиз антологиялари, турли мақолалар ва бадиалар билан ҳам танишдим.
Асл мутахассислигим адабиётшунослик бўлгани учунми, билмадим, мени аввал-бошдан «Адабиётшунослик» бўлими қизиқтираётганди. Мана, ниҳоят шу бўлимга ҳам етиб келдим. Адабий суҳбатлар, танқидчилик, шеър санъати ва атамалар билан танишиш ниятида бўлганлар бу ерда олам-олам янгиликлар олишлари мумкин.
Менга маъқул келгани - бу ерда қадимги мунаққидлар, буюк адибларимиз қатори замондошларимизнинг ҳам фикрлари, адабиёт ҳақидаги ўйлари берилган. Бу худди турфа дарахтлар экилган боғга ўхшайди. Таъбингизга ёққан мевани татиб кўрасиз. Бирор мавзу ҳақида ўзгача фикрда бўлсангиз, ҳар бир саҳифада савол ёки шарҳ қолдириш функсияси бор, ўшандан фойдаланиб, ўз қарашларингизни қолдиришингиз мумкин экан.
Яна бир бўлим - «Ўзбек тилини ўрганамиз» нафақат бошқа миллат вакиллари учун, балки ўзимизга ҳам билимимизни синаб, унутганларимизни такрорлаб олиш учун фойдали бўлади.
...«Бирровга» кирганим бу сайтда нақ уч соат қолиб кетдим. Шунда ҳам хайрлашмай, «яна келаман» дея чиқдим. Қизиқарли, фойдали ва дўстона руҳдаги сайт бўлибди.
Шу билан бирга камчиликлар ҳам етарлигина - ҳали барча бўлимлар ҳам тўлдирилмаган, функционалда баъзи нуқсонлар бор ва ҳоказо. Лекин, асосийси, технологияларга «муккасидан» кетаётган бизларга адабиётдек азалий қадрият борлигини, инсон фақат ақлдан иборат эмаслиги, қайдадир бир четимизда қалб ҳам борлиги, унинг озуқаси маънавият, адабиёт эканлигини эслатиш йўлидаги дастлабки қадам ташланган.
Сайт ижодкорларига омад тилаб қоламан.
Алишер Давлатов
«Megabyte» журнали, 9(22) 2013 сонидан олинди



