Қодирий намозхон бўлганми?

Қодирий намозхон бўлганми?

Мен тиббий олийгоҳда ўқиб юрган кезларимда, бирор йиғинларда таниш ёки нотанишлар дадамнинг ҳаётлари, ижодлари ҳақида кизиқишиб, ҳар хил саволлар беришарди.Савол берувчиларнинг баъзилари: «Абдулла Қодирий динга берилган, намоз ҳам ўқир эканлар шу тўғрими?—деб сўрашарди. Бу саволлар менга сиёсатдек туюлар, шундай бўлса ҳам иккиланмай: «Ҳа, дадам динга ишонган, беш вақт намозни канда қилмай ўқийдиган инсон эдилар», деб жавоб берардим. Ўша савол бергувчилар ёши мендан катта бўлиб, намоз ўқиш у ёқда турсин, ҳатто калима келтиришни ҳам билмасликларини билардим. Чунки, Исломни таниган одам бундай бемаъни  савол бермаслиги ўз-ўзидан равшан эди.

Дадам Абулқосим мадрасасида (1916—17 й) таҳсил олган эканлар. Шу туфайли, Қуръонни бемалол ўқиб, ҳатто ундаги оятларни тафсир  қилар эдилар.
Бир куни дадамдан намоз ўқишнинг маъносини сўраганимда:
— Намоз Аллоҳнинг буйруғи бўлганлиги учун, ҳар бир мусулмон бандаси уни бажариши фарздир. Кейин, намоз тарбия воситасидир. У ўқигувчининг қалбини ва танини покликка чорлайди, ҳар куни беш марта Аллоҳни эслатади,—деб жавоб бергандилар дадам.
Боя айтганимдай дадам беш вакт намозни канда қилмасдилар. Ҳар жума маҳалламизнинг юқори қисмидаги Комолон дарвозаси олдидаги масжидга борар эдилар. Уйга меҳмонлар келганда намоз ўқишса, дадам имомликка ҳам ўтардилар.
Бир куни дадамга ҳамроҳ бўлиб Ёзувчилар уюшмасига борганимда пешин надюзшш дадам Ёзувчилар уюшмасидан бир чақиримча наридаги  Ғози Юнуснинг уйига кириб ўқиб чиққан  эдилар.

Рўзани дадам бир ой бехато тутар эдилар. Мен учун рўзанинг ёмон томони кундузи таом тайёрланмаслиги эди. Яхши томони, кечки дастурхоннинг нозу-неъматлар билан тўла-тўкис ясатилиши, айниқса, нишолда билан сийланишимиз эди. Дадам биз болаларга рўза тутишни маъқул кўрмас эдилар. Шундай бўлса ҳам икки-уч кун тутишга ҳаракат қилардим. Эсимда, бир куни рўза тутдим. Рўза оғиз билан зўрға ифторликкача етиб бордим. Жосият бибимнинг хоналарига кирсам, ифторлик учун дастурхон ясатиғлиқ экан. Бироқ, оғиз очишга анча-бор эди. Хонада ҳеч ким йўқ. Беихтиёр дастурхондан бир-нима олиб оғзимга солдим. Бирдан рўза оғизлигим эсимга тушиб, шоша-пиша оғзимдагини чиқариб ташладим, дастурхондаги сув билан оғзимни чайдим. Оиламиздагилар оғиз очишгандан сўнг мен дадамга бўлган воқеани айтиб бердим. Дадам кулиб: «Агар билмасдан овқат еган бўлсанг, рўзанг бутунлигги сақланади, билиб очган бўлсанг, рўзанг бузилади», дедилар. Мен: «Ўша эаҳоти оғзимни сув билан чайиб ташладим» дедим. Шунда дастурхон атрофида ўтирганлар шарақлаб кулиб юборишди. Дадам: «Масъуд, оғзингни сув билан чайқаганингда сув ичингга кетган бўлса, тутган рўзанг сақланади (Буни дадам мени хижолатдан қутқариш учун айтганликларини кейин англаганман)», дедилар.
Рўза кунларида ёқимли ҳид ва ноғораларнинг тарака-турим овози узоқ-узоқлардан саҳар палласида эшитилиб турарди. Мен дадамга айтиб, ноғора олдириб олгандим. Ноғорани кундузлари чалиб ҳаддини олганимдан сўнг, кечқурун қиздиргани сандалга қўйиб, ойимга: «Вақтли уйғотинг» деб ётардим. Саҳарда томга чиқиб узоқдан эшитилаётган тарака-турум овозига жўр бўлиб, қизиаган ноғорамни завқ билан чалардим. Мен чалган ноғора товушиданми ёки бошқаларникиданми, билмадим» дадам уйғониб, саҳарликка тайёргарлик кўра бошладилар. Гоҳида қизиқиб кетиб ноғорани кўпроқ чалиб юборсам, дастурхон тепасида: «Ноғорани беш-ўн марта чалсанг бўлади. Узоқ-яқиндаги бетоб ётганларга халал берасан», деб танбеҳ берардилар дадам. «Нега ноғора чалинади?» деб сўраганимда, дадам: «Ноғора одамларни саҳарга туришга ундайди. У савобли иш ҳисобланади», дегандилар. Саҳарликдан сўнг дадам ижод билан машғул бўлар  эдилар.
Дадамдан рўза ҳақида сўраганимда: «Ҳар йили рамазон ойида ўттиз кун рўза тутиш фарздир. Рўза инсоннинг иродасини чиниқтиради, нафсни тийишни ўргатади, оч-муҳтожларга тўқлар қалбида раҳм-шафқат уйғотади. Яъни, бир тарбия воситасидир. Ундан ташқари бир йилда уйлар бир сидра таъмир этилганидек, инсонни бетартиб овқатланишидан келиб чиқадиган хасталикларни ҳам даволайди. Рўзани ёш болалик оналар, беморлар, ёши улуғлар, ёш болалар тутмасликлари мумкин», дегандилар. 
Дадам рўза кунларида жисмоний иш билан ҳам шуғулланар, китоб мутолаасига берилар ёки ижод билан машғул бўлар эдилар. Ҳайит намозини Хўжа Аламбардор масжитида ўқир эдилар. Бир ҳайитда мен ҳам дадамга эргашиб, намозга борганим ёдимда. Ўшанда эрта билан масжидда бориб, бўш жойга жойнамоз солиб ўтирдик. Намоз бошланди. Мен намоз ўқишни билмасам-да, дадамга қараб ўтириб туравердим. Намоз тугагач, дадам атрофдагилар билан «Айёмлар муборак бўлсин» деб кўришдилар. Масжиддан чиққанимизда: «Масъуд, намоз ўқидингми?» деб сўрадилар. Мен: «Ҳа, Сизга қараб ўқидим», дедим. Шунда дадам: «Ният қилиб Аллоҳнинг уйига келдингми, Аллоҳ томонидан инобатга олиндинг» дедилар.
Дадам намоздан сўнг таниш-нотаниш хонадонларга кириб ундаги қари, бетоб ётган отахон ва онахонларни айём билан қутлар, баъзи жойда ўтмишдаги қизиқ воқеаларни сўзлаб кулдириб, кам-кўстлари бўлса сўраб, ҳайитлик бериб чиқар эдилар. Йўл-йўлакай фотиҳагарчиликларга ҳам кирардилар. Мен бир куни: «Дада, нега сиз фотиҳаларга камроқ кирасизу, фотиҳаси йўқларникига эса кўпроқ кирасиз?» деб сўрадим. Дадам: «Ҳайит намоздан кейин биринчи галда қарияларни, беморларни кўриш хайрли иш ҳисобланади. Сабаби ўша қариялар ёки беморлар ўз вақтида мен ва сен каби ҳайит намозига қатнашишган. Энди эса ночорликдан ёру-биродарларига кўз тикиб, ўксиб ўтиришибди. Маъракага кириб савоб олгандан, тирикларнинг аҳволидан хабар олиш савоблироқдир. Чунки фотиҳагарчилик Ислом динида бўлмаган. Бизда фақат узоқ-яқин қариндош-уруғлар келишиб, марҳумни эслаш одати бор, холос. Исломда уйма-уй юриб фотиҳа ўқиш шарт эмас. Ҳар ким ўз уйида ўтириб, хоҳлаган марҳумига атаб Қуръон ўқиса, савоби тегаверади», деганлар.
Дадам   ҳибсхонада   сўроқ-терговда   ҳам:   «Ла илаҳа  иллаллоҳу Муҳаммадан росулиллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдур Муҳаммад унинг элчисидур) деб, худодан қайтмаган эканлар.

Маъсуд Абдуллаев ("Қодирийнинг қўмсаб" китобидан)
back to top