Мўғулларнинг Ислом ўлкаларига босқини
- Written by Administrator

МОВАРОУННАҲР
Мовароуннаҳрда хоразмшоҳлар давлати гуллаб-яшнаган ва қудрати ўсган бир даврда Чингизхон бошчилигидаги кўчманчи мўғул ва турк қабилалари иттифоқи кучайди. У Хитойга ҳужум қилиб, унинг анчагина ерини босиб ҳам олди.
Бу минтақадаги мўғуллар ва турклар ҳеч қандай динга эътиқод қилишмас эди. Уларнинг баъзилари ота-боболари руҳига сиғиниб юришар, айримлари бутга топинар, учинчилари ҳайвонларни муқаддас санаб, уларга "ибодат" қилишар, қолганлар юлдуз ва сайёралардан мадад сўрашар эди. Ҳаммалари шаман ва афсунгарларга боғланишган бўлиб, озчиликкина насроний, мусулмон ёки буддавий эди. Мусулмонларга қарши жанг қилавериб ҳолдан тойган салибчилар мўғуллар босқинини Ислом дунёсига йўллаб қўйишдан манфаатдор эди.
Насронийлар жангари мўғулларнинг Ислом билан шарафланиб, шу туфайли мусулмонлар қувватланишидан хавфсирашар эди. Ўша пайтда турклар билан ҳам шу ҳолат содир бўлган эди: улар Исломга кириб, мусулмонлар ўрдусини кучайтириб юборишди ва насронийларга қарши аёвсиз жанг қилишди. Бу каби хатога йўл қўймаслик ва вайрон қилувчи улкан кучни мусулмон тамаддунини яксон қилишга йўналтириб юбориш учун мўғуллар ўлкасига миссионерлар юборилди. Улар мўғулларнинг ҳукмдор доиралари ўртасида насронийликни фаол тарғиб қила бошлашди.
Миссионерлар таъсир ўтказиш учун кўпроқ мўғул ҳукмдорлари оила аъзоларини насронийлаштиришга зўр беришарди. Улар ҳатто мўғул ҳукмдорларига насроний динидаги аёлларни хотинликка беришар эди. Масалан, Чингизхоннинг хотини насронийликни қабул қилган татар хоними эди. Ҳукмдорнинг учинчи ўғли Угедей ҳам насроний аёлга уйланган эди. Угедейнинг ўғли Куюкхон насронийлар таъсирига тушиб қолган бўлса, унинг тоғаси Чиғатой Исломнинг ашаддий душмани эди. Ҳалокухон (Хулогу) ҳам насроний динидаги аёл билан турмуш қурган эди. Ана шу аёл кейинчалик уни Ироқ ва Шомни ер билан яксон қилишга руҳлантирди. Ҳалокунинг ўғли Абакахон Византия императори қизига уйланган эди. Мусулмон тамаддунини йўқотишдан буддавийлар ҳам манфаатдор эдилар.
Ҳижрий 606 йили Фарғона, Шош ва Косонда хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммаднинг мўғуллар билан илк тўқнашувлари бўлди. Кўчманчиларнинг бу ўлкага ҳужуми 615 йилгача давом этди. Лекин шундан кейин Чингизхон чегарадош минтақаларда икки томонлама эркин савдо қилиш ҳудудлари ташкил этиш таклифи билан Хоразм шоҳига элчилар жўнатди. Алоуддин Муҳаммад бу таклифни қабул қилди ва Мовароуннаҳрга мўғул савдогарлари кела бошлашди.
Лекин вилоят ҳокими савдогарлар келгани ҳақида шоҳга хабар берганида у ҳаммасини ўлдириш ва молларини тортиб олишни буюрди. Хоразм шоҳи юртига бостириб кирган мўғуллардан шу тариқа ўч олмоқчи бўлган эди. У аслида Чингизхон билан шартномасини бузиб қўйганди. Кейинчалик, шоҳ мўғулларнинг куч-имкониятларидан воқиф бўлгач, ўз қилмишидан қаттиқ афсусланди, аммо энди кеч эди. Чингизхон унинг ўзини ва мамлакатини йўқ қилиб юбориши ҳақида мактуб жўнатди. Бундан ғазабланган Алоуддин мўғул элчиларидан бирини қатл қилдирди, бошқасига Чингизга қарши уруш эълон қилгани хабарини етказишни юклади.
Хоразм шоҳи шундан кейин Туркистонга юриш қилди ва ўша ердаги қишлоқлардан бирига ҳужум уюштириб, кўплаб аҳолини ўлдирди, аёлларни асир олди. Мўғуллар бу босқиндан хабар топиб, хоразмшоҳ ўрдусини қувиб етишди. Қаттиқ жанг бўлса-да, бирор томон ғолиб бўлолмади. Бухорога қайтган Алоуддин Муҳаммад қудратли душман билан тўқнашув олдида турганини англади ва ялпи сафарбарлик эълон қилди.
Мўғул лашкарлари хоразмшоҳ ерларига бостириб кирди, шоҳ эса негадир ўз ўрдусини асосий жанг майдонига эмас, турли шаҳарларга жойлаштира бошлади. Мўғуллар хоразмликларнинг тарқоқ қўшинларини яксон қилиб, шаҳарларни бирин-кетин осонгина эгаллай бошлашди. Биринчи бўлиб кўчманчилар ҳамласига Бухоро дуч келди. Уни босиб олган мўғуллар тинч аҳолига нисбатан аввалда сира кўрилмаган ваҳшийликларни қилишди, йўлларида учраган ҳамма нарсани бузиб-янчишди. Кейин улар Самарқандга қараб юришди, аммо шаҳар аҳолиси мўғулларга қаршилик кўрсатди. Шунда мўғуллар ҳарбий ҳийлага ўтишди: улар худди қочаётгандай шаҳардан узоқлашишди, бундан руҳланган самарқандликлар шаҳар ташқарисигача чиқишди ва олдиндан тайёрлаб қўйилган пистирмага тушиб, ҳалок бўлишди. Мўғуллар шаҳарга кириб, худди Бухородагидай ваҳшийликлар қилишди.
Самарқанд таслим бўлганидан кейин мўғулларнинг икки юз минг кишилик ўрдуси хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммадни таъқиб қила бошлади. У Ҳазар (Каспий) денгизидаги ороллардан бирига яширинди ва ҳижрий 620 йили ўша ерда вафот этди. Шу орада мўғуллар Мозандарон, Рай, Ҳамадонни эгаллашди, у ерлардан Озарбойжон ва Гуржистонга қараб юришди. Қофқозортидан ўтиб, Дарбанд шаҳрига етишди ва Қофқоз тоғларини четлаб, булғорлар ўлкасигача боришди. Аммо булғорлардан қақшатғич зарба еб, чекинишга мажбур бўлишди.
Чингизхоннинг ўзи Самарқандда қолиб, қўшиннинг бир қисмини Термиз ва Фарғонага жўнатди. Бу шаҳарларни босиб олган мўғуллар қатлиом уюштириб, кўплаб тинч аҳолини қириб ташлашди. Шундан кейин Чингизхон ўғиллари бошчилигидаги катта бир ўрдуни яна Хоразмга юборди. Бошқа бир қўшин эса Балхга жўнатилди. Аммо Балх аҳолиси жангсиз таслим бўлди. Толиқонда мўғуллар қаттиқ қаршиликка учраб, шаҳарни ташлаб чиқишга мажбур бўлишди. Шунда Чингизхоннинг ўзи қўмондонликни зиммасига олди ва бу қалъани эгаллади. Шундан кейин бирин-кетин Марв, Нишопур, Ҳирот, Тус ва Ғазна мўғулларга таслим бўлди.
Ойдин Ориф ўғли АЛИЗОДА,
Озарбойжон Фанлар академияси шарқшунослик институти катта илмий
АРАБ ДУНЁСИ
Ислом дунёси тарихидаги энг ваҳшиёна босқинчиликни мўғуллар қилишган. Ибн Асир айтади: «Бу мусибат шунчалик даҳшатли эдики, бу ҳақда гапиришга узоқ вақт иккиланиб юрдим. Унга ўхшагани тарихда умуман бўлмаган. Одам алайҳиссалом давридан то ҳозирги кунимизгача инсоният бунақасини асло кўрмаган. Яъжуж-Маъжуж босқинини истисно қилганда эҳтимол то қиёматгача бунга ўхшаши бўлмас ҳам. Босқинчилар ҳеч кимни аяб ўтиришмасди, ҳомиладор аёлларнинг қорнини ёриб ташлар, болаларни бачадонида ўлдиришар эди. Бу умумжаҳон миқёсидаги фожиа эди» («Ал-Комил»дан).
Мағлубият нималигини билмаган мўғуллар милодий 650 йили Бағдодга киришди ва шаҳарни харобага айлантиришди. Ибн Касир ёзади: «Бағдодда қирқ кун қирғинбарот бўлди, шундан кейин дунёдаги энг гўзал шаҳар ер билан яксон қилинди. У ерда талмовсираб юрган бир тўда одамни кўриш мумкин эди. Жасадлар кўчаларни шунчалик тўлдиргандики, баландлиги ҳатто томларга етган эди. Мурдалардан чиққан ҳиддан нафас олишга имкон бўлмасди. Очлик, вабо ва ўлим бутун мамлакатни чулғаб олганди».
Мўғулларнинг ғолибона юришини Миср султони Сайфуддин Кутузгина тўхтата олди. Унинг вафотидан кейин вориси Бийбарс уларга қақшатғич зарба бериб, бутун Сурияни озод қилди. Аммо мўғуллар ҳамон Ироқдан Эронгача бўлган улкан ҳудудда ҳукмронлик қилишарди. Тақдирнинг қалтис «ҳазили»ни қарангки, ана шу ёввойиларга ўша пайтдаги жаҳон маданияти ва ҳазорасини бошқариш насиб этди. Мусулмонларнинг ақлий ва маданий салоҳиятига қаттиқ зарба берилди, улар бирор нарса қилишга ожиз эдилар. Гўё ҳамма нарсадан мосуво бўлинган бир паллада ажойиб мўъжизасини кўрсатиш учун Исломнинг руҳий шавкати олдинга чиқди. Мусулмон руҳонийлар ва сарой аъёнлари мўғул ҳукмдорлари орасида иш бошлаб юборишди, қолганини Ислом мафтункорлигининг ўзи уддалади. Аллоҳ таолонинг иродаси билан мусулмонларни мағлуб қилганларнинг ўзлари Исломга таслим бўлишди.
Ибн Касир ёзади: «Шу йили (694) тахтда Чингизхоннинг эвараси Қозонхон ўтирарди ва уни Амир Тавзун (раҳималлоҳу таоло) Исломга киритганди. У билан бирга барча мўғуллар мусулмон бўлишди. Султон Исломга кираётган куни олтин, кумуш, зумрадлар садақа қилинди. Султон Маҳмуд исмини танлади ва жума намозига борди. Бағдод ва бошқа жойларда талаб олинган мулклар эгаларига қайтарилди ва одил судлов жорий қилинди. Одамлар мўғуллар қўлида тасбеҳ кўриб, Аллоҳга ҳамдлар айтишди».
Абул Ҳасан НАДАВИЙнинг «Мусулмонларнинг Исломдан узоқлашувидан дунё нималарни йўқотди?» китобидан.