Ой рамзи

Ой рамзи

Ойни нур–ёруғлик қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду саноларнинг чексизи, Ўзининг зоти покига муносиби бўлсин.  “Ой йигирма тўққиз ё ўттиз кундир” деган расули акрам Муҳаммад Мустафога дуруду саловатларнинг сараси, маҳмуд мақомию васила бўлсин. Ойдан буюк яратувчининг оят ва аломатларини топган асҳоби икромларга ва кейинги мусулмонларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва марҳамати бўлсин.

Бугунги кунга келиб бутун дунё ойнинг физик ва астрономик ҳусусиятларини деярли англаб билдилар. Унинг ўз ўқи атрофида қанча муддатда айланиб чиқишию орбитасида қандай холатлар юз берраётгани ва қанча краторлари борлиги хақида минглаб мақола ва асарлар, илмий видеолавхалар тақдим этилган. Уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсак, ой ернинг яккаю ягона йўлдоши бўлиб, уларнинг ўзаро оралиқ масофаси 384 467 км дир. Ойнинг атмосфераси ерникига нисбатан 10 триллион маротаба салбийдир. Ой ердан 3,67 маротаба кичикдир. Шунинг учун ой ернинг йўлдоши хисобланади, тескариси эмас. Ойнинг ёши олимларнинг таъкидлашларича 4,36 млрд йилга тенгдир. Олимларнинг изланишлари натижасида хосил бўлган хулосаларга кўра ой ўз ўқи атрофида 27 соатда айланади. Бу ердан уч соат кеч. Унинг фазаси ерга нисбатан шундай жойлашганки, бир ой давомида бир неча тусга ўзгарсада умумий 709 саотни ташкил этар экан. Бу соатлар 29,5 кунни ташкил этади.

ОЯТ МЎЪЖИЗАЛАРИ

Келинг энди ойниг оят мўъжизалари хақида ҳам оз бўлсада тафаккур қилайлик. Инсон ҳомиласи тўққиз ой бўлиши ҳаммага маълум. Айнан ой ҳам ер атрофида тўққиз тусли бўлади. Тўққизинчи тусга кириши уни дастлабки янги ҳолига қайтиши билан бўлади. Бу эса янги чақалоқ туғилишига ўхшайди.
Қадимдан тақвимлар жуда мураккаб даражада ўрганилиб келинган ва ташкил этилган. Буларга Григариан тақвими, Августи тақвими, Юлиан тақвимлари ва бошқаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Улар ҳам ой, қуёш ва иқлимни ҳисобга олиб қилинган. Аммо хеч бири расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек аниқ эмас. Чунки Улар яъни росулуллоҳ, “Ой йигирма тўққиз ёки ўттиз кундир” деганлар. Ғарблик машхур олимларнинг изланишлари шуни кўрсатдики, ой йигирма тўққиз ёки ўттиз мартта  ерга кўриниш беради. Буни олимлар 709 соат деб белгилаб, ҳисобга тўғри бўлиши учун ўртача 29,5 кун деб белгиладилар.

Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас китобида ой ҳақида бир неча бор оятлар нозил қилган. Ҳусусан Ул зт Юнус сурасида қуйдагиларни айтади:
“У (Аллоҳ) қуёшни зиё сочгувчи, ойни эса нур – ёруғлик қилган ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда ҳисобини билишларингиз учун уни манзил-буружларга бўлиб қўйган зотдир. Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ буни хақ билан яратди. У зот биладиган қавмлар учун Ўз оятларини муфассал баён қилур”. (Юнус сураси 5 оят).
Яна У зот Иброҳим сурасида марҳамат қилади:
“У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсунтирди”. (Иброҳим сураси 33 оят).
Аллоҳ таоло қуёшни зиё ойни эса нур қилганини Ўз оятларида айтмоқда. Бу эса бугунги кунга келиб мўъжиза эканлиги яна бир бор аниқланди. Маълумки зиё бир нарсадан отилиб чиқувчи ёруғликка айтилади. Нур эса, ёруғликнинг маҳсулидир. Демак қуёшни бугунги олимлар таъкидлаганларидек ёруғлик ишлаб чиқарувчи механизм деб олсак, ой унинг ёруғлигини тақсимловчи воситадир. Хозирги замон олимлари шу хақда сўралса, киприк қоқмай бемалол маълумот бера оладилар. Аммо бундан бир неча аср олдин хеч ким бу хақда лом лум дея олмайдиган вақтда оламларнинг раббиси бу хақда очиқ ойтмоқда.
Иброҳим сурасидаги “доимо айланиб турувчи” лафзи эса, яна катта мўъжизани англатади. Чунки ер ва барча самовий жисимлар ўз ўқлари атрофида айланиб туришларини яқиндагина кашф этилганлиги ва буни Аллоҳ таоло ўн беш аср илгари айтаётгани хайратланарли албатта. Лекин илми чексиз бўлган Аллоҳ таоло бунданда кўпроғига қодирдир.
Ой ерга нисбатан шундай жойлаштирилганки, худди кўрган киши буни энг мукаммал ва илмли мухандис қурувчи барпо этганлигини эътироф этмасдан иложи йўқ. Ойнинг краторларидан маълум бўладики, унга осмон жисимлари яъни, комета ва метиоридлар парчалари жуда кўп миқдорда урилган. Бу нимадан далолат беради. Бунинг сабаби унинг атмосферасининг суслиги бўлиб, ер тамон харакатланган хар қандай жисмни ўзи тамон оғдирб олади ва ерни балолардан сақланишига сабабчи бўлади.
Унинг тупроқ қатлами турли моддалардан қалашиб бир шакилга келганки, у қуёшдан келаётган нурни атрофга тиниқ қилиб сочиб беради. Қуёш нури ойнага тутилса, ойна уни ҳам нурини ҳам деярли нур олиб келаётган иссиқликни акс тамонга қайтаради. Ойда эса иссиқлик ушлаб қолиниб, нурни фойдали тамонлари ерга йўналади.
Ой агар ер куррасига бир неча см га яқинлашса ёки ундан узоқлашса яхши оқибатларга олиб келмаслиги қадимдан маълум. Буни қадимгилар яъни жохилият даври кохинлари яхши билганлар ва ўзларини турли ишларини ва обрўларини ошириш мақсадида уни тўлиш ва янги вақтларидан фойдаланганлар. Аслида ер ва ой ўртасидаги гравацион тортишиш қонуни муътадил жойлаштирилган бўлиб, уни силжиши Аллоҳ таолонинг изми билан бўлади. Агар у ўз бошимчалик билан силжиганда ер аллақачон ҳалокатга учраган бўлар эди.
Бундан бир неча йиллар илгари тараққий этган давлатлардан бирида маҳсулотларни рекламаси учун жуда катта устун ва ойналар ўрнатилиб, уларнинг остидаги ўсимликларни ёруғликдан тўсиб қўйган. Қуёш нури хар тамонлама келганлиги туфайли ўсимликлар кундизи ўсган аммо, айтарли даражада эмас. Буни текширган махсус ходимлар ўсимликларни кечаси ўсмаётганини аниқлашган. Бу ҳолни синчиклаб ўрганган олимлар бунга сабаб реклама устунларини кечаси ой нуридан тўсиши бўлиб чиққан. Натижада улар ўсимликларни равон ривожланишида ойнинг ўрни катта эканлигини таъкидлаб ўтишган ва бу турли мақолаларда чоп этилган.
Бундан ташқари ойнинг оят мўъжизалари жуда кўп. Уларни санаб тугатиб бўлмайди. Чунки, хар куни янги кашфиётлар ойнинг хусусиятлари хақида маълумот бермоқда. Бу эса Аллоҳнинг қудрати чексизлигидан далолатдир.

ОЙГА ҚАДИМИЙ ҚАРАШЛАР

Ой қадимдан халқлар орасида катта аҳамиятга эга бўлган бир самовий жисм сифатида қадирланиб келинган. У деярли барча халқлар ичида ижобий ҳусусияти билан ажиралиб туради.
Ой рамзи умумий ҳолатда бошқа бир қанча маънолар акс эттириши мумкин. Масалан, янги ўроқ шаклидаги ой янгилик, комилликка қаратилган илк қадам ва шунга ўхшаш маъноларни англатади. Туғилиш ва ўсиш маъноларини ҳам кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси байроғи ва гербидаги ой рамзи ҳам айни шу маънода қўлланилган. Баъзи бир меъморчилик услубларида  ҳам айни шу маъно назарда тутилган. Ярим тўлишган ой эса дунёнинг лаззати, неъмати ва равон йўли билан бир қаторда аччиғи, қийинчилиги ва баланд-пасти бўлиши рамзи сифатида ҳам қабул қилинган. «Ойнинг ўн беши қоронғу-ўн беши ёруғ», деган мақол ҳам шу аснодадир.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, аслида бу мақол сал бошқачароқ эканлигини фан кўп бор исботлаган. Аслида ойнинг ўн тўрти қоронғу бўлиб, ўн беши ёруғдир. Бу эса яна бир мўъжизани кўрсатади. Аллоҳ таоло “шарҳ” сурасида “хар бир оғирликдан сўнг тезда енгиллик бор” дейди. Муфассирлар бу оятни хар бир оғирлик машаққатдан сўнг тезда енгиллик борлигига ва бу енгиллик ва яхшилик оғирликка қараганда кўпроқ эканлигига ёядилар. Ойнинг ҳам нурли тамони кўпроқлиги шунга далолат қилса ажаб эмас.
Қадимги даврларда асосан шарқда ойга худо сифатида қаралганлиги ва сиғинилганлиги маълум. Қадимий халқларда ой худоси донолик белгиси хисобланган. Ислом кириб келишидан олдин араб ўлкаларида ҳам ой мушрикларнинг энг катта ҳудоларидан бири сифатида қараб келинган (мардуҳ).
Бир нарсага эътиборни қаратиш лозимки, ой рамзи қадимдан аёллар белгиси сифатида ҳам белгиланган. Мисопотамия, Миср, Эрон, Хинд ва шуларга яқин ўлкаларда ой рамзи аёллик белгиси сифатида ном қозонган. Ҳиндларда хафта кунлари етти самовий жисмлар номи билан қўшиб айтилади. Якшанба «Одитъя бора» яъни «қуёш куни» дейилса, душанба «Сома бора»-«Ой куни» дейилади.  «Ригведа» диний қарашларида эса қуёш эркаклик рамзи, ой унинг аёли рамзи сифатида қадирланади ва иккисининг нури бирлашуви натижасида илоҳий ичимлик хосилбўлади дейилган. 
XII асрдан кейин илми нужумда ҳам кўплаб ютуқларга эришган шарқ халқлари ҳам ўзларининг кўплаб асарларида ой  рамзини аёллик таровати дея сифатлаганларини кўриш мумкин. Янги ой мунажжимлик илмида (илминужум) муштарий юлдузи билан бирга келса ижобий ислоҳотлар юзага келиши кўзда тутилади деганлар ҳам бўлган.
    Эрамиздан олдинги X асрга келиб, ой рамзи туширилган қурол аслаҳалар кўпая бошлади. Мелодий йилга келиб, бу ҳол турли халқларнинг жанг даргохида ишлатадиган кийм ва дубулғаларида жуда кўплаб учрайдиган бўлди. Миср ва Хиндистон каби қадимий давлатлар подшоҳлари мухирларида ҳам ой рамзи учрайди.
    XI асрга келиб, салиб юришлари даврида салибчилар ўз байроқлари ва киймларига хож белгисинри қўйиб олиб, салибчи эканликларини билдириш мақсадида жангга кирганлар. Бунга қарши ўлароқ Султон Салоҳиддин Аюбий ўз байроғида ҳилол яъни, янги чиққан ой рамзини белги деб билган ва жангда мусулмонларни ажиралиб туришлари учун восита қилган. Вақт ўтиб бу ҳол бошқа мусулмонларнинг байроғларида ва мухрларида ўз аксини кўрсатган деган илмий қарашлар ҳам бор. Бугунга келиб бу рамзни кўплаб давлатларнинг байроғларида ҳам учратиш мумкин. Масалан:

  Ўзбекистон
  Лаос
  Монголия
  Палау
  Ливия
  Туркманистон
  Туркия
  Тунис
  Алжир
  Мавритания
  Озарбойжон
  Покистан
  Шимолий Кипр
  Непал
  Сингапур
ва ҳакозо...

ИСЛОМДА ОЙ РАМЗИ

Бугун бутун дунё ой рамзини, аниқроғи ҳилол рамзини мусулмонларнинг рамзи сифатида тан олади. Қаерда ушбу белги бўлса албатта мусулмонларга таълуқли жойи бўлади. Бу рамз айниқса меъморчиликда кенг қўлланилиб, мўъмин мусулмонларнинг ибодат жойлари масжидларда, мадрасаларда, идораларида, қалъаларида ҳамда хозирда бутун маиший ашёларида кўзга яққол кўринади.
Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ойни иккига бўлиб кўрсатганлари хақида кўплаб ҳадислар мавжуд. Баъзилар ойнинг айнан рамз сифатида мусулмонларга кириб келиши шу билан боғлиқ деган фикирларини билдирадилар. Бу ҳол қисман тўғри ҳисобланади. Аммо меъморчилик обидаларида ой рамзини қўлланилиши XV асргача хеч бир ерда кузатилмаган деб таъкидлайдилар, ушбу соха олимлари. Унда хозирдаги белгилар қандай қилиб кириб қолган деган саволга тарихчи олимлар қуйидагича жавоб берадилар:
Улуғ саркарда Амир Темур Усмонийлар билан бўлган жангда ғолиб бўлиб, европа сари одимлаётган турк қўшинларини тўхтатиб қўяди. Аммо, орадан анча яъни 50 йил ўтиб бу салтанат яна ўз қудратини тиклаб олишга мушарраф бўлади.
Тарих китобларида ёзилишича, Султон Муҳаммад Фотих II (1432-1481 й) 19 ёшида Усмонли Турклар тахтига келгач, ўз салтанатини дунёни бошқарувчи давлат сифатида кўришни мақсад қилади ва ғарбга кўплаб юришлар уюштиради. 1453 йили у Константинопол (хозирги Истанбул) ни фатх этиш мақсадида катта қўшин тортади ва 7 апрел куни Константинополнинг атрофига етиб келиб уни хар томонлама ўраб олади. Жуда катта тўқнашувлар натижасида бир неча ҳафтадан сўнг султон қўшинлари 18 майдан 19 май кунига ўтар кечаси (ҳижрий  857 йил жумадул аввал ойининг биринчиси) мустахкам ҳарбий қалъаларини ёриб киради.  29 май кунига келиб Канистантиопл бутунлай ишғол этилди. Айни шу юришга Султон Муҳаммад Фотих II янги ой чиқишини (ҳилол)ни белги қилиб олади ва янги ой кўриниши билан Усмонли Турклар қалъага ҳужум қиладилар (бу харбий жанг олиб бориш усулларидан бири бўлиб, самараси жуда катта бўлган. Олов, овоз ёки шунга ўхшаш усуллар билан берилган ишора душман тамонни сезиб қолиш эхтимолини оширган ва натижада янги ой чиқиши белги қилинган. Ҳилолни кўрган қасирнинг тўрт томонидаги қўшинлар баравар хужум қилишга эришганлар). Шахар Султон Мухаммад лашкарлари тамонидан қўлга киритилгач, у ерга масжид қурадилар. Насронийларнинг масжидлари тепасида хож белгиси бўлиб, бу насронийларнинг ибодатхонаси эканлигини билдириб турган (Авлиё София шу жумладандир). Шуни мулохаза қилган мусулмонлар масжид миноралари тепасига янги ой белгисини ўрнатадилар. Хар қандай киши энди бу жой мусулмонлар ибодат қиладиган маскан эканлигини осон англаб оладиган бўлдилар. Шундан сўнг ой мусулмонларда фатҳ белгиси, яхшилик келтирувчи рамз сифатида қаралади ва бу рамз кейинчалик кўплаб турк ва туркий меъморлар томонидан бошқа юртларга олиб борилади.
Шундай қилиб, ой рамзи мадраса ва масжид гумбазларининг тепасига исломнинг фатҳ белгиси сифатида қўйила бошланди. Бу ҳол Усмонли туркларининг қардошларига яъни бизга ва бошқа мусулмон ўлкаларга тарқала бошлади.
Илмий саёҳатларимнинг бирида айнан ой рамзи бўйича манба қидирдим ва кўплаб танишган олим устозлардан ушбу масала бўйича қарашлари ва илмий манбалари борлиги хақида сўрадим. Улар ичида менга ва атрофимдаги турли юрт вакилларидан ташкил топган талабалар жамоасига Малайзия Халқаро Ислом Университетининг профессор ўқитувчиси Аммар Фазлнинг сўзлари мақул келди. доктор Аммар Фазл қуйидагиларни айтдилар:
“Мен Азҳарда ўқиб юрган кезларимда талабалардан бири айнан ой ҳақида илмий иш қилаётганини эшитгандим. У биз маслаҳат сўраб юрадиган шайхлардан бирининг олдига илмий ишини тақриз қилдиргани олиб келар эди. Аммо у киши бу ишни тўхтатиб фиқҳга доир бошқа иш билан шуғилланишни таъкидлаган эдилар. Шунда ой хақида баъзи маълумотларни чуқурроқ ўрганиб қолганмиз.
Ой рамзи бутун мусулмон умматига Усмонли турклар тамонидан тарқатила бошлагач деярли барча масжид ва мадрасалар тепасида буни кўриш мумкин бўлди. Орадан вақт ўтгач уламолар мажлисида ислом диёрлари кенгайиб бораётгани ва узоқ ўлкаларда қиблани белгилаш муаммо бўлаётгани айтила бошланди. Шунда уламолар масжид, мадраса ва идоралар гумбазидаги ой рамзини айнан шу мақсадда қўллашга қарор қилдилар. Улар ойнинг яъни. Гумбаз тепасидаги ҳилолни учли қирраларини қибла тамонга қаратиб қўйишлик ҳақида келишиб олдилар. Токи, келган мусофир шу рамзни кўргач қибла қайси тамонда эканлигини ҳонақоҳга кирмасдан билиб, олсин ва манзилини белгиласин.
Муқаддас каъба жойлашган масжидул ҳарамни тепасидаги ҳилол белгисини қирраларини юқорига қаратишга амр қилдиларки, у Аллоҳ таолони хар нарсадан юқори эканлигини кўрсатсин.”
    Доктор Аммар Фазлни сўзларини бошқа араб ва ажам бўлганлар ҳам мақулладилар. Сўнг мен у кишига ушбу айтганларини мақола сифатида ёзмоғимни билдирдим. Доктор рози бўлдилар.
    Ой рамзи хақида билганларимизни мухтасар ҳолда, Аллоҳ таоло муяссар этганича билдириб ўтишга харакат қилдик. Келажакда бу хақда янада кўпроқ изланишлар олиб бориб кўпроқ маълумотлар тўплаб бир кичик китобча шаклида халқимизга ином этиш ниятимиз ҳам бор иншааллоҳ.
    Аллоҳ азза ва жалла ушбу ишимизни бароктли ва манфаъатли қилган бўлсин. Омин.
    Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ!

Музаффар Муҳаммадзода

back to top